Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, агентликка Zo’r TV каналида намойиш этилган «Омадингизни берсин» ўйинида қўлга киритган ютуқларини ололмаётган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган. Аниқланишича, бугунги кунга келиб, телеўйин иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмни ташкил этади.

Маълумот берилишича, кўрсатувнинг 13-сонида Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Х.Х бир қатор совринларни ютиб олди. Жумладан:

  • Кир ювиш машинаси;
  • Музлатгич;
  • Газ плитаси;
  • Микротўлқинли печь;
  • Чангютгич;
  • Планшет;
  • Смартфон;
  • яна 50 миллион сўм.

Хабарда айтилишича, ғолибни телеканалда кўрсатишади, ғолиб деб эълон қилишади, аммо кўрсатув суратга олингандан сўнг, телеўйин низомига кўра, телеўйин эфирга узатилгандан сўнг 90 банк иш куни ичида ҳомийдан совринлар берилиши мумкинлигини хабардор қилишади. Аммо айтилган муддат тугагач ҳам соврин етказиб берилмайди.

Худди шунга ўхшаш ҳолатга кўрсатувнинг 4-сонида иштирок этиб, 20 миллион сўм ютиб олган Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи М.У. ҳам дуч келди.

«Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи О.Ж. 10 август куни бўлиб ўтган 10-сонда бир йўла 10 миллион сўм, кир ювиш машинаси, ноутбук ва Nexia 3 автомашинасини ютиб олди. Лекин шу кунгача кутган совринлари ва машинаси ҳам берилмади» — дейилади хабарда.

Жорий йилнинг 28 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи А.М. ютган «Дамас» автомашинасини ҳам етказилмади.

Наманган вилоятида яшовчи М.М. газ плитаси, чангютгич, 2 дона смартфон, велосипед, планшет, ноутбук, 20 миллион сўм ютиб олди. Шу кунгача у ҳам совғага эга бўлмади.

Ноутбук, смартфон, музлатгич, чангютгич ва «Дамас» автомашинасини қўлга киритганлардан яна бири Хоразм вилоятида яшовчи А.Р. ҳам ҳанузгача ўз ютуқларини кутмоқда.

Агентлик сўрови ва ўйин ҳомийси тақдим этилган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сони ғолибларидан фақат 1,2,3 ва 12-сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган, холос. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутишмоқда.

Телеўйинга иштирок этиш ва соврин ютиш умидида республиканинг турли вилоятларидан иштирокчилар пойтахтга келишган.

Агентликнинг маълум қилишича:

«Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт.

Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак.

Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.

Ундан ташқари иштирокчилари телеўйин низомидан хабардор бўлмаган ва уларга маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган. Бу билан қонуннинг 21-моддасига хилоф иш тутилган.

Ўз навбатида Агентликнинг махсус комиссияси томонидан «MIA- МАА» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилган.

Шу билан бирга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.