Тармоқларда Хоразм вилояти Янгиариқ туманида ИИБ ходими хизмат қуроли билан ўзини отиб, жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот берди.

Маълум қилинишича, Янгиариқ туман ИИБ ташкилий бўлинма навбатчилик қисми навбатчи ёрдамчиси 1985 йилда туғилган У.Р. 26 ноябрь куни соат 08.50 ларда туман ИИБ биносининг навбатчилик қисми хонасининг махсус воситаларни сақлаш хонасида навбатчи Р.Ю.га бириктирилган «ПМ» пистолети билан ўзини-ўзи қорин ва бош қисмига отган.

Сўнг У.Р. Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси олиб келинган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган.

Суд-тиббий экспертининг дастлабки маълумотига кўра, ходимнинг ўлимига олган тан жароҳати оқибатида юзага келган ички ва ташқи қон кетиш сабаб бўлган.

«У.Р.нинг ўз жонига қасд қилишига оилавий келишмовчилик, хусусан турмуш ўртоғи З.Б. икки ой олдин фарзандларини олиб отасининг уйига кетгани оқибатида келиб чиққан руҳий сиқилиш сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан экспертиза ишлари тайинланди. Янгиариқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширувнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.