1917 йилнинг 26−28 ноябрь кунлари Қўқонда бўлиб ўтган Бутун Туркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойида эълон қилинган Туркистон мухторияти ўлка жадидларининг йиллар бўйи курашган, «Ҳақ берилмас, олинур!» шиорининг амалдаги ифодаси бўлганди. Лекин энди-энди қадамларини қўяётган, ҳокимият сифатида тўла-тўкис асосларини мустаҳкамлаётган мухторият 1918 йилнинг февралида батамом тугатилади, ташаббускорлари маҳв этилди.

Бу кун алоҳида тантана билан нишонланмаса-да, тор давраларда эслаб қўйилади, саноқли тарихчи-тадқиқотчининг маърузалари эшитилади, бироқ, бир гуруҳ фаолларнинг фикрича, мамлакатнинг миллий байрамларидан бири бўлиши лозим бўлган бу тарихий кун кўпинча унутилади. Ушбу сана муносабати билан «Газета.uz» Ўзбекистон илк ташкил этилган йилларга оид тадқиқотлари билан машҳур америкалик тарихчи олим Адиб Холид билан боғланиб, айрим саволларга жавоблар олди.

Адиб Холид. Фото: Historians.org

Адиб Холид — АҚШнинг Карлтон коллежи (Carleton College) профессори, тарихчи олим, «Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб», «Жадидлар: мусулмон маданий ислоҳотлари сиёсати», «Коммунизмдан кейинги Ислом» каби асарлар муаллифи. Марказий Осиё муаммолари билан шуғулланади. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон, Туркия, Покистон ва Россияда яшаган. Олимнинг «Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб» китоби ўзбек тилига таржима қилинган.

— Сизнингча, Туркистон мухторияти «яшаб» қолганида бугунги Марказий Осиё қиёфаси қандай шаклланган бўларди?

— Мухторият 27 ноябрда ташкил этилди ва 1918 йил февралида яксон этилди. Ушбу қарор жуда ноаниқ вазиятда янгради ва жуда кўпчилик бунинг узоқ давом этади, деб ўйлаганига шубҳам бор. Мухторият Россия Республикаси ичида ташкил этилди — бу мустақиллик декларацияси ҳам эмасди. Бу большевиклар ҳокимиятни эгаллашига қарши ҳаракат эди ва большевиклар қўли баланд келмаганида омон қоларди.

— Мухториятчилар большевиклар уларга ҳокимият беришига ишонадиган даражада шунчалик содда эдими ёки собиқ империя ўрнида шундай мухториятлар бўлиши мумкинлигига большевикларнинг ўзи ҳам самимий ишонган ва бошқаларни шунга ишонтира олганми? У ҳолда қандай қилиб уч ой ичида бу қараш, бу кайфият бутунлай ўзгарган?

— Йўқ, улар содда, гўл эмасди. Мухториятчилар большевиклар ҳокимиятни жуда осонлик билан қўш қўллаб топширишига ҳам ишонмаган. Большевиклар тутадиган йўл беҳад ноаниқ бўлиб, мухториятнинг эълон қилиниши большевизмга тўла-тўкис қарши ҳаракат эди аслида. Вазият кутилганидан тез ўзгариб, большевиклар ва уларнинг ҳаммаслаклари, тарафдорлари барча қуролларга эга бўлиб олганди.

— Инлклюзив ҳукумат сифатида эътироф этса бўладиган мухторият нега Қўқонда эълон қилинган, Тошкент ё Самарқандда эмас?

— Тошкент рус ҳокимиятининг марказига айланган, Тошкент совети эса фақат рус бўлган пролетариат номи билан айни шу ерда ҳокимиятни қўлга олганди.

Адиб Холиднинг «Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб» китобидан:

«Шўрои исломия раҳбарлари яна бир карра Февраль инқилоби ваъда қилган вакиллик ва мухторият тамойилини Россиядаги Муваққат ҳукуматга боғламасдан талаб этишга чоғланди. Шу мақсадда улар 27 ноябрь куни Қўқон шаҳрида Туркистон мусулмонларининг навбатдаги конгрессини чақиришди. Қўқон ҳали Тошкентдаги рус муҳожир социалистлари қўли етмаган, Туркистонда Тошкентдан кейин турадиган энг ривожланган иқтисодий марказ эди. Йиғилишда Туркистондаги мусулмон сиёсатининг кўзга кўринган барча арбоблари қатнашди. Уламо жамияти аъзоларигина бундан мустасно. Шерали Лапин, Фуқаҳо жамиятининг етакчиси муфтий Садриддинхон Шарифхўжа ўғли ҳам ўша ерда эди…

Конгресс 54 кишилик Кенгашга бўйсунувчи саккиз аъзолик «Туркистон мухториятининг муваққат ҳукумати»ни сайлади. 32 киши мажлисга келганлар орасидан сайланди, қолган 18 жой ғайримуслим ташкилот ва партиялар томонидан тўлдирилиши керак эди, яна тўртта жой маҳаллий Думалар вакилларига бериладиган бўлди. Кенгаш аъзолари орасида Туркистонда кўзга кўринган мусулмон арбобларининг ҳаммаси бор эди, бироқ рус таҳсилини олган мусулмон зиёлилари кўпчиликни ташкил этарди… Кенгашга сайланган 32 киши орасида Шерали Лапин билан Беҳбудий ҳам бор эди. Уламолар таркибга киритилмади, лекин мўътадил кайфиятдаги русларга уларни Тошкент советларидан узоқроқ тутиш ниятида номутаносиб тарзда кўп ўрин берилди. Алалхусус, фаолиятидан уламо ва советлар четлаштирилган конгресс ва у тайинланган ҳукумат минтақадаги кенг либерал кучлар иттифоқига айланди.

Тошкент Совети легитимлигини синфлар кураши тарзида асосласа, Қўқонда эълон қилинган ҳукумат ўз умидларини Февраль инқилоби ваъдаларига боғлади. Ушбу ҳукумат Россия сиёсати доирасида фаолият юритди, мустақилликни эмас, мухториятни талаб этди, минтақа либерал русларининг кўмагига эришиш учун уларга бошқарув Кенгашида ҳаддан ташқари катта вакилликни (учдан бир ўрин) берди. Мухторият рус босқини яратган чегаралар доирасида ҳудудий характерда бўлган, конгресс Туркистонда яшайдиган элатларни (народности) акс эттиришга даъвогар эди. Янги ҳукумат Россия империясидаги бошқа аксилбольшевик кучлар билан алоқани мустаҳкамлашга уринди".

Маълумот учун: Мухторият илк эълон қилинган вақтда унинг салкам 10 кишик ҳукуматида уч вазир қозоқ (бош вазир — ички ишлар вазири Муҳаммаджон Тинишпаев, ташқи ишлар вазири Мустафо Чўқай, ички ишлар вазири ўринбосари Абдураҳмонбек Ўразаев), икки нафари татар (бош вазир ўринбосари Шоҳислом Шоҳиаҳмедов, қуролли кучлар раҳбари Маҳди Чанишев), бир нафари яҳудий (молия вазири Соломон Герсфельд) бўлган. Кейинчалик озиқ-овқат вазири Обиджон Маҳмудов ўрнига Рафаэль Потеляхов (яҳудий) тайинланган. Ҳукумат таркибида европалик аҳоли учун тўрт ўрин ажратилган эди, мухторият парламенти вазифасини бажариши керак бўлган Туркистон Миллий мажлисидаги 54 ўриннинг 18 таси ҳам европалик аҳоли учун ажратилган эди.

Қўқонда бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойи иштирокчилари, 1917 йил, ноябрь. Фото: Tashkent Retrospective / MyTashkent.uz

— Мухторият ҳокимияти қайси ҳудудларни қамраб олган эди? Фақат Қўқон шаҳрининг ўзиними ё ундан ташқарида ҳам назорат қилинадиган ҳудудлари бормиди? Қайси ҳудудлар мухториятга узил-кесил тегишли бўлган?

— Ҳукумат Туркистон генерал-губернаторлигининг номи билан ташкил этилган. У на Бухорони, на Хивани ўз ичига олган. Аммо ҳукумат фақатгина эски Қўқон шаҳрини назорат қилган.

— Туркистон мухторияти 1918 йил февралигача бўлган даврда маҳаллий аҳоли томонидан қандай қарши олинган? Унинг легитимлигини нималар мустаҳкамлаб турганди?

— Шаҳарларда мухториятни қўллаб-қувватлаш учун улкан мобилизация вужудга келган. Маҳаллий аҳоли унинг ташкил топганидан бохабармиди-йўқ, очиғи, билмайман. Жуда кўпчилик, айниқса, Тошкент уламолари бунга тиш-тирноғи билан қарши эди. Сабаби, улар мухториятни муваффақият қозонади деб ўйламас, унга алоқадор кишилардан ҳаддан ташқари нафратланарди.

Адиб Холиднинг «Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб» китобидан:

«Ўз дастагини ошириш илинжида ҳукумат Туркистон бўйлаб намойишлар ташкил этди. Намойишлар 3 декабрь куни Андижонда, 6 декабрь Тошкентда муваффақиятли ўтди, лекин Тошкентдаги иккинчи намойиш қора қонига ботирилди… Айни дамда Муваққат ҳукумат раиятни кўчага йиға олса-да, лекин давлатни бошқаришни эплай олмаслигини кўрсатаётган эди. Ҳукумат аъзоларида бошқарув тажрибаси етишмасди. Туркистонда на мансабдорлар (бюрократия) синфи, на маъмурий бошқарув салоҳиятига эга малакали маҳаллий кадр топиларди. Шу боис ҳам моддий ва ҳарбий имконияти бениҳоя чекланган Муваққат ҳукуматни тажрибасиз «ҳаваскор»лар бошқарарди. Қўқон ҳукумати жамоатчиликдан 3 миллион рубль қарз олишга эришдию аҳолидан солиқ йиғишни уддалолмади. Қўшин ташкил этишда ҳам омади чопмади. Маҳаллий аҳоли ҳарбий хизматга чақирилмагани учун, ҳукумат ихтиёридаги ягона мусулмон аскарлар минтақадаги татар ва бошқирд бўлинмалари эди. Ҳукумат аъзолари аскар ва пул излаб бутун Фарғонани кезиб чиқишди.

Февралда мухторият ҳокимияти эски шаҳар милициясининг бошлиғи Эргашга ўз армиясининг «бош қўмондон»лигини топширди. Баландпарвоз бу унвон армияда қурол-аслаҳа, тажрибали зобит ва аскар деярли йўқлигини, бори ҳам Тошкент совет қўлидаги кучларга қарши туролмаслигини беркита олмас эди. Интиҳо фурсати ҳам тезда яқинлашди. Февраль ўрталарида Тошкент совети Қўқонга ҳужум қилди. Жанг қонли қирғинга айланиб, эски шаҳардан култепа қолди, холос».

Туркистон мухторияти ҳукумати ва миллий мажлиси аъзолари. Қўқон, 1917 йил, декабрь. Фото: Tashkent Retrospective / MyTashkent.uz

— Туркистон мухторияти лойиҳасидан аввал Маҳмудхўжа Беҳбудий «Туркистон маданий мухторияти» лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлган эди. Бироқ бу ният рўёбга чиқмаган. Мана шу лойиҳа амалга ошганида, Туркистон мухторияти ташкил этилмасмиди? Ё бу алоҳида ҳаракат, дастурмиди?

— Беҳбудийнинг «Маданий мухторият» режаси 1906 йили — монархиянинг қулашини тасаввур қилиб бўлмайдиган шароитда, мутлақо бошқа муҳитда тузилган. Дастур «рад этилган» эмас — бу ўша пайтда ғалабага имконият жуда оз бўлган палладаги туш эди, холос. Туркистон мухторияти Беҳбудий аввалдан кўра олмаган 1917 йилдаги инқилоблар туфайли вужудга келган.

— Жадидлар миллат ҳақида гапира бошлаган илк туркистонликлардир, дейди олимларимиз. Миллат тушунчаси қаердан, қандай келиб чиққан ўзи? Ўзбек, тожик, қозоқ, туркман ва қирғизга ажратилиб, бунга урғу қўйишга бошқа сабаблар ҳам бормиди? Ваҳоланки, большевикларнинг ўзи ҳар қанақа миллатдан холи ҳомо-советусни яратмоқчи бўлган эмасми?

— Бу жуда кўплаб китоблар ёзилишига сабаб бўлган улкан савол. Миллат тушунчасининг жадидларда туғилишига сабаб бунинг замонавийликка бевосита алоқадорлигидир ва улар бунинг замонавий дунёда ғалаба қозонишда муҳимлигини сеза олишган. Бу масала «Ўзбекистон таваллуди» китобимнинг асосий мавзуларидан бири. Большевиклар миллатчилик нималигини жуда яхши англашган. Чунки миллий ҳаракатлар 1917 йил ва ундан кейин Россияда кенг қулоч отиб, беҳад кучга тўлганди. Ўқувчиларингизга болшевиклар мантиғини тушунтириб берадиган Юлий Слезкиннинг «СССР коммунал хонадон сифатида» мақоласини ҳам (рус тилида) тавсия қилмоқчиман.

— Айрим тарихчилар Ўзбекистон туғилишини Ўзбекистон ССРнинг вужудга келиши билан боғлайди, бошқа бир гуруҳ эса Туркистон мухторияти ташкил этилган кунда Ўзбекистон ҳам вужудга келган, деб ҳисоблайди. Сизнингча, бунда қайси томоннинг фикри ҳақиқатга яқин?

— Туркистон мухториятида Туркистон вилоятидан бошқа ҳудудларни, Бухоро ёки Хивани ўз ичига олиш кўзланмаганди. Аммо Туркистон вилоятининг чегаралари бугунги Ўзбекистонникидан тамомила фарқ қилади. Туркистон миллий эмас, географик бирлик эди. У қозоқ ва қирғизлар яшайдиган, ўзбеклар яшамайдиган кўплаб ҳудудларни ҳам ўз ичига олганди. Шу боис, буни Ўзбекистоннинг илгариги қолдиқ қисми деб ўйламайман.