Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Бухоро — Урганч — Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишди.

Лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар бўлиб, шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади. Лойиҳа доирасида Бухородан Хивагача бўлган 465 километр темир йўл тармоғи электрлаштирилади, бекат, нимстанциялар ва бошқа иншоотлар қурилади.

«Йўлнинг самарадорлиги, шунга яраша, анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлади. Натижада йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга (аввал 8 соатда деб хабар берилган), Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради», — дейилади расмий ахборотда.

Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига қўшимча 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2,3 млн нафарга кўпаяди. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизель ёқилғиси тежалади.

«Аввалги лойиҳаларда мутахассисларимиз анча тажриба орттирди, чет эллик консультантлар ҳам жалб этилди. Энди асосийси — ишни сифатли бажариш. Бу йўлни қанча яхши қилсак, халқимизга шароит, туристлар учун қулайлик, иқтисодиётимизга манфаат бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимларига тезюрар поезд ўтадиган туман ва шаҳарларда йўл бўйи хизматларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

«Темир йўл борган жойга маданият боради, ҳаёт жонланади. Шундай экан, бекатлар атрофида, худди автомобиль йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш керак. Яна бир вазифа — темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига таъсир қилади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди», — деди давлат раҳбари.

Президент мутасаддиларга ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда, Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бунинг натижасида, таъкидланишича, Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.

Тадбирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, давлат ташкилотлари биноларида қуёш панеллари ўрнатиш, аҳолини бу борада рағбатлантириш масалалари бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Маълумот учун, 2018 йилнинг кузида Урганчдан Хивага 33,7 километр узунликдаги темир йўл очилганди. Хивада эса темир йўл вокзали қурилиб, фойдаланишга топширилган.

«Афросиёб» тезюрар поездининг биринчи рейси (поездлар Испаниянинг «Талго» компанияси томонидан етказиб берилади) 2011 йил август ойида юрган эди. 2015 йилда поезд Қаршига (2018 йилда линия Шаҳрисабзгача узайтирилган), 2016 йилда эса Бухорога қатнай бошлади.