Нукус воқеалари бўйича гумонланувчиларга қўйилган айбловлар эълон қилинди

Олий суд Нукус воқеалари иши бўйича судланувчилар, жумладан Даулетмурат Тажимуратов, Лолагул Қаллиханова, Азамат Турданов ва бошқаларга қўйилган айбловларни эълон қилди. Улар орасида Қорақалпоғистон ИИВ бўлим бошлиғи, университет ўқитувчиси ҳамда Нукус олимпия захиралари коллежи директори ҳам бор.

Нукус воқеаларида 6,7 млрд сўм зарар етказилган — айблов

Бухоро вилояти судида Нукус воқеаларида қатнашганликда гумонланган 22 кишига қўзғатилган жиноят иши хулосаларида тартибсизликлар натижасида 6,7 млрд моддий зарар етказилгани айтилди. Гумонланувчиларнинг шахси аниқланди. Уларга яқинлари билан навбатма-навбат қисқа суҳбат ўтказишга руҳсат берилди.

Ўзбекистонда қиш ўз вақтида бошланади — Ўзгидромет

Ўзбекистонда кузнинг охирги кунлари об-ҳаво салқин ва ёмғирли бўлиши кутилмоқда. Ёғингарчилик душанбадан бошланади. 29−30 ноябрь кунлари ҳудудларда ёмғир кучайиб, қишнинг дастлабки кунларида қорга айланади. Ҳафта охирига келиб ҳаво ҳарорати кечаси -5 даражагача, кундузи +5 даражагача пасаяди.

Ички ишлар вазирлиги ҳар пайшанба куни ОАВ билан мулоқот қилади

ИИВ матбуот котиби ҳар пайшанба куни АОКАда очиқ мулоқотни таъминлаш учун матбуот анжумани ўтказилишини маълум қилди. Бундан бир ҳафта олдин публицист ва блогер Шокир Шарипов тизимда давом этаётган муаммолар туфайли ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирганди.

Ўзбекистон ТИВ Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

«Сўнгги йилларда у икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди», — дейилади хабарда. Владимир Макей 27 ноябрь куни номаълум сабабларга кўра вафот этганди.

«Омадингизни берсин» телеўйини ғолиблари 2 млрд сўмлик совринларни ололмаётгани маълум бўлди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Zo’r TV каналида намойиш этилган «Омадингизни берсин» ўйинида жами 2 млрд сўмлик ютуқларни ололмаётган фуқаролар мурожаат қилди. Ҳолат юзасидан кўрсатув ҳомийси бўлган «MIA- МАА» корхонасига иш очилиб, ҳужжатлар тегишли органларга йўналтирилди.

Ўзбекистон Pfizer вакцинасининг яна 143 мингга яқин дозасини қабул қилди

Ўзбекистонга коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг қарийб 143 минг дозаси келтирилди. Декабрь ойида яна 3 млн доза вакцина келиши кутилмоқда.

Тошкентда хорижлик фуқаролар учун «Ўзбек мактаби» очилди

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижлик фуқаролар учун «Ўзбек мактаби» очилди. Тайёрлов курсларида ўзбек тили ўрганувчилар хоҳишига кўра кичик, ўрта гуруҳларда ёки индивидуал тарзда ўргатилади.

Навоий кон металлургия комбинатида машинист ҳалок бўлди

Навоий кон металлургия комбинатида портлатиш ишлари давомида экскаватор кабинасида бўлган машинист ҳалок бўлди. Унинг ёрдамчиси 1 ва 2-даражали куйиш жароҳатини олди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди ва судга оид тиббий экспертиза тайинланди.

Қашқадарёда 11 та археологик объектга 6 млрд сўмга яқин зарар етказилгани аниқланди

Қашқадарёда 11 та археология мероси объектига 6 млрд сўмга яқин зарар етказилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Қолаверса, V-VIII асрларга оид объектларга 1 млрд 488 млн сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди. Ҳолатлар бўйича 37 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хоразмда ИИБ ходими ўзини отиб ўлдирди

Янгиариқда ИИБ ходими хизмат қуроли билан ўзини отиб ўлдирди. Бунга турмуш ўртоғининг фарзандларини олиб, отасининг уйига кетгани оқибатида келиб чиққан руҳий сиқилиш сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан экспертиза

тайинланиб, терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Фарғонада аёл киши 3 нафар қизни пичоқлади

Фарғонада аёл киши ўзига таниш бўлган 3 нафар қизни жанжал оқибатида пичоқлади. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентдаги 4 та туманнинг айрим ҳудудларида иссиқ сув таъминоти вақтинча ўчирилади

28 ноябр куни Яккасарой, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Чилонзор туманларининг айрим ҳудудларида иссиқ сув таъминоти чекланмаган ҳолда иссиқлик таъминоти вақтинча тўхтатилади.

Қашқадарёда Nexia каналга ағдарилди

Касби туманида Nexia йўл четидаги каналга ағдарилди. Туман ФВБ ходимлари машинани махсус техника ёрдамида каналдан олиб чиқди.

Хоразмда эр-хотинга тегишли бўлган машиналар ёниб кетди

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида эр-хотинга тегишли бўлган Malibu ва Hongqi Т55 машиналари ёниб кетди. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Хитойда содир бўлган зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилди

Хитойда содир бўлган 5,2 баллик зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилди. Фарғона водийсида унинг кучи 3 бални ташкил этди.

Бир кунда коронавирус аниқланган беморлар сони 140 нафарга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганларнинг кунлик сони яна ортиб, якшанба куни республикада 137 кишида (бир кун аввал 129 киши) коронавирус аниқланди. Касаллик юқтирганларнинг энг кўпи пойтахтда (81 киши).

Банклар долларни 11 300 сўмдан сотишни бошлади

28 ноябрь куни тижорат банклари 1 АҚШ долларини 11 300 сўмдан сотишни бошлади. Сотиб олиш эса 11 210 — 11 280 сўм оралиғида.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

«Бу мустақиллик декларацияси ҳам эмасди». Америкалик тарихчи Адиб Холид билан Туркистон мухторияти ҳақида суҳбат

Бундан 105 йил аввал Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилинган эди. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай ҳаммаси тугатилади — ҳаракат қонга ботирилади. «Газета.uz» сана муносабати билан америкалик тарихчи олим Адиб Холидга юборган саволларига қисқа, лўнда жавоблар олди.