E ва F гуруҳларидан жой олган жамоалар ўзларининг 2-тур учрашувларини ўтказишди. Хорватия — Канада баҳсида хорватияликларнинг қўли баланд келди, ҳисоб — 4:1. Испания ва Германия терма жамоалари эса 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди.

Хорватия — Канада 4:1

Хорватия — Канада учрашуви Доҳадаги «Халифа» стадионида, 44 374 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ушбу баҳс голларга бой бўлди ва унинг якунига кўра Канада плей-офф босқичига чиқиш имкониятини қўлдан бой берди.

Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ Канада терма жамоаси Хорватия дарвозасини ишғол қилиб барчани ҳайратда қолдирган эди. Голни «Бавария» клуби аъзоси Алфонсо Дэвис киритди — 0:1. 27-дақиқада хорватияликлар ҳисобни тенглаштиришган эди, аммо ҳужумда ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди, гол ҳисобга олинмади.


Бироқ 36-дақиқада Хорватия терма жамоаси охир-оқибат ўз ниятига эришди. Крамарич ҳисобни тенглаштирди — 1:1. 44-дақиқага келиб эса Ливая ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Хорватия терма жамоаси олдинга чиқиб олди.

Хорватияликлар 2-таймда ҳам ўз рақибларини тинч қўйишни хоҳлашмади. 70-дақиқада Крамарич дублга эришди — 3:1. Канада терма жамоаси шунда ҳам нимадир яратишга ҳаракат қилди: узоқдан йўлланган зарбалар, узун паслар… Бироқ ўйин охирига келиб Канада яна гол ўтказиб юборди. 94-дақиқада Ловро Маер Канада ҳимоячиси йўл қўйган хатодан унумли тарзда фойдаланди. Ҳисоб 4:1 кўринишини олди.


Хорватия терма жамоаси ўзи учун қимматли 3 очкони ишлаб олди. Хорватияликлар ўтган турда Марокаш билан нурсиз дуранг қайд этган эди ва ҳозирда ушбу жамоа гуруҳда 4 очко жамғарган. Марокаш ҳам ўз ўрнида 2-тур доирасида кутилмаганда Белгияни мағлуб этди ва ҳозирда 4 та очко йиғган. Белгия эса 1-турда Канадани 1:0 ҳисобида мағлуб этган ва ҳозирда 3 очкога эга. Канада терма жамоасида эса 2 турдан сўнг очколар сони нолга тенг.

3-турда Хорватия ва Белгия терма жамоалари ўзаро тўқнаш келишади. Шунингдек, биз мотивацияга тўла Марокаш ҳамда плей-оффсиз қолган Канаданинг қарама-қаршилигини ҳам кузатамиз.

Испания — Германия 1:1

Испания — Германия баҳси Ал-Хаур шаҳридаги «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди. Ушбу учрашувни томоша қилиш учун стадионга 68 895 нафар (аслида ушбу стадионнинг сиғими 60 000) мухлис ташриф буюрди.

Учрашуда тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи бўйича Испания терма жамоаси яққол пешқадам бўлди — 64%, Германияда — 36%. Аммо йўлланган зарбалар бўйича Германия олдинда 5:8.

Ўйиннинг 1-таймида жамоалар дарвозага йўл топа олишмади. Иккала томон дарвозабонлари ҳам вақти-вақти билан ажойиб сейвлар амалга оширишди.


54-дақиқада Ферран Торресининг ўрнига заҳирадан Алваро Мората ўйинга туширилди. 62-дақиқада эса Мората ўйиндаги ҳисобни очди — 0:1. Кейинги дақиқаларда ҳам Испанияда ҳисобни 2:0 ҳолига келтириш учун имкониятлар бўлди. Аммо кейинги голни Испания терма жамоаси эмас, Германия киритди. 83-дақиқада ҳисоб 1:1 кўринишига келди. 70-дақиқада заҳирадан майдонга тушган Фюллкруг мувозанатни тиклади. Иккала томон гол қанчалик ғалаба қозонишни хоҳлашмасин, ўйинда ҳисоб ўзгармади — 1:1. Демак ўйинда урилган иккита голни ҳам заҳирадан ўйинга тушган футболчилар киритишди.


Айни пайтда Германия терма жамоасида 1 очко бор, Испанияда эса 4 очко. Испанияликлар плей-офф масаласини ушбу ўйиннинг ўзида ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди, бироқ Германия бунга йўл қўймади. E гуруҳидан жой олган яна иккита терма жамоа: Коста-Рика ва Японияда 3 очкодан мавжуд. Демак 3-тур олдидан гуруҳдаги барча жамоада имконият бор.

3-турда Испания терма жамоаси японияликлар билан, Германия эса Коста-Рика терма жамоаси билан тўқнаш келишади.