Қашқадарё вилоятида Labo va Isuzu иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХХ матбуот хизмати.

2022 йил 12 ноябрь куни соат 09:30 ларда, Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Тошли МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-87 автомобиль йўлининг 46-километрида 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Ш. Labo русумли автомобилнинг юкхонасида одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда йўловчилар миндириб ҳаракатланаётган вақтда ёқилғиси тугаб транспорт воситаси секинлашган.

Ҳайдовчи автомобилни йўл четига олиб чиқаётган вақтда ушбу йўналишда, ортидан ҳаракатланиб келган ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган Ғ.Т. Isuzu русумли автомобилда йўл четига ҳаракатланаётган Labo`нинг айнан одамлар миниб олган қисмига қаттиқ зарб билан тўқнашган ва иккала юк автомобиллари йўл четига ағдарилган.


ЙТҲ оқибатида, Labo автомобилининг юкхонасида бўлган икки нафар йўловчилар оғир тан жароғатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, беш нафар йўловчилар турли даражадаги жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

ЙТҲ юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.