28 ноябрь куни G ва H гуруҳларидан жой олган Камерун — Сербия ва Корея Республикаси — Гана учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу икки баҳс муросасиз, голларга бой тарзда ўтди. Камерун — Сербия ўйинида 3:3 ҳисоби қайд этилди. Корея Рсепубликаси — Гана қарама қаршилигида эса …

Камерун — Сербия 3:3

Камерун — Сербия ўйини Ал-Вакра шаҳридаги «Ал-Жануб» стадионида 39 789 томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўтган турда Сербия терма жамоаси Бразилияга, Камерун эса Швейцарияга мағлуб бўлган эди.

Камерун — Сербия баҳсида жамоалар томонидан 6 та гол киритилди. Йўлланган зарбалар бўйича ҳисоб Сербия олдинда — 10:13. Аммо аниқ зарбалар бўйича эса Камерун терма жамоаси пешқадам бўлди — 8:5.


1-таймнинг 29-дақиқасида Кастеллето Камерун терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0. Бироқ ҳакам томонидан 1-таймга қўшиб берилган дақиқаларда ҳаммаси ўзгарди. 46-дақиқада Павлович ўйиндаги ҳисобни тенглаштирди — 1:1. 48-дақиқада эса Сербия ҳисобда олдинга чиқиб олди. Мана сизга камбэк! Голни Милинкович-Савич киритди — 1:2. Шу билан жамоалар танаффусга чиқиб кетишди. Бир неча дақиқа олдин камерунликлар танаффусга ғолиб сифатида чиқиб кетамиз деб ўйлашаётган бўлишса ажаб эмас.

53-дақиқада Сербия терма жамоаси яна гол киритди. Камерун ҳимоячилари яна сербияликларни очиқ қолдиришди ва Митрович бундан унумли фойдаланди — 1:3.

Бироқ Камерун терма жамоаси таслим бўлмоқчи эмас. 63-дақиқада Абубакар Сербия дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилди ва орадаги фарқни қисқартирди — 2:3. Орадан 3 дақиқа ўтар-ўтмас, Абубакар ҳужумда тўпни Шупо-Мотингга оширди, у эса ҳисобни тенглаштирди. Қандай камбэк! Ҳақиқий голлар ёмғири! Ҳисоб — 3:3. Мана сизга Камерун. Бу жамоалар бир-бири учун муносиб рақиб эканликларини амалда исботлашмоқда.


Ўйиннинг қолган қисмида ҳар нарса бўлиши мумкин эди. Гоҳ Сербия Камерундан тўпни тортиб олиб ҳужумга ўтади, гоҳ Камерун сербияликлар дарвозасини ўққа тутади. Ҳужумкор ўйин. Аммо учрашувда бошқа гол содир бўлмади. Жамоалар бир очкодан ишлаб олишди.

Айни дамда ушбу гуруҳда Бразилия ва Швейцария терма жамоаларида 3 очкодан бор. Бугун бу жамоалар ўзаро куч синашишади. Охирги турда эса Камерун Бразилия билан, Сербия эса Швейцария билан тўқнаш келади. Ҳозирча плей-офф масаласи очиқ қолмоқда.

Корея Республикаси — Гана 2:3

Корея Республикаси — Гана баҳси Education City стадионида бўлиб ўтди ва уйинни томоша қилиш учун 43 983 нафар мухлис ташрфи буюрди. Ўтган турда Гана терма жамоаси Португалия билан ўйинда 3:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди, бугун эса худди шундай ҳисобда ғалаба қозонмоқда. Корея терма жамоаси эса 1-турда Уругвай терма жамоаси билан нурсиз дурангга имзо чеккан эди.

Баҳсда зарбалар йўллаш бўйича Корея терма жамоаси пешқадам бўлди — 12:7. Ҳатто аниқ зарбалар бўйича ҳам Корея олдинда — 7:3. Статистикани қаранг, Гана терма жамоаси 3 та аниқ зарба йўллаган, 3 таси ҳам гол билан якунланди.


1-таймда Гана терма жамоаси 0:2 ҳисобида ғалаба қозонаётган эди. 24-дақиқада Салису ўйиндаги ҳисобни очди — 0:1. 34-дақиқада эса Муҳаммад Кудус тўпни моҳирона тарзда дарвозанинг бурчагига михлаб қўйди. Ҳисоб 0:2 кўринишга келди. 1-тайм давомида Гана ҳисобни янада катталаштириши ҳам мумкин эди. Бунинг учун ганалик Тариқ Лемптида ҳам бир неча қулай вазиятлар бўлган эди. Аммо ушбу таймда 0:2 ҳисоби сақланиб қолинди.

Корея терма жамоаси 2-таймга ганаликларга жанг таклиф қилиш учун майдонга тушди. 58-дақиқада кореялик Чжо Гю Сон жарима майдончасига ҳаводан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, голга айлантирди. Орадаги фарқ қисқарди — 1:2. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи 3 дақиқадан сўнг кореяликлар яна гол киритди. Яна бош билан йўлланган зарба ва ҳисоб тенглашди. 1-таймдаги ўйиндан сўнг кореяликлардан кўпчилик камбэк кутмаган эди, аммо Корея терма жамоаси ўз сўзини айтмоқда.


Бироқ кореяликларнинг қувончи ўзоққа чўзилмади. 68-дақиқада Гана терма жамоаси яна гол урди. «Аякс» клуби футболчиси Муҳаммад Кудус ушбу ўйинда дубль қайд этмоқда. Ҳисоб — 2:3. Гана яна олдинда. Корея бунга рози бўлмайди, албатта. Кореяликлар кескин ҳужумлар уюштира бошлашди, аммо барчаси бефойда, жамоа ҳужумларни голга айлантира олмаяпти. Ҳакам ўйинга 10 дақиқа қўшиб берди. 101-дақиқада ҳакам Энтони Тэйлор хуштагини чалди. Корея терма жамоаси мураббийси ўз норозилигини билдирди, чунки кореялиялар бурчак тўпини ишлаб олган эди. Мураббий ҳакамнинг жамоада бурчак тўпини тепишга қўйиб бериши керак эди деб ҳисобламоқда. Ва ҳакам мураббий Бентуни қизиқ карточка билан жазоламоқда (ўйин тугаб бўлган бир вақтда).


Хуллас ушбу баҳсда Гана терма жамоаси қимматли 3 очкони ишлаб олди. Кореяда эса 1-турдаги дурангдан сўнг 1 очко мавжуд. Гуруҳда, шунингдек, Португалия терма жамоасида 3 очко бор. Бугун 2-тур доирасида Португалия ва Уругвай терма жамоалар тўқнаш келишади. Эҳтимол, бу баҳс гуруҳдаги вазиятни бироз ойдинлаштирар. Охирги турда Гана терма жамоаси Уругвай билан, кореяликлар эса Португалия билан куч синашади.