1−2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларда қатнашганликда гумонланаётган 22 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилади. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг хабар беришича, очиқ суд муҳокамалари 28 ноябрь куни Бухоро вилояти судида бошланади.

«Газета.uz» мазкур суд жараёнларини ёритиб боради.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Е. Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилади.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, қуйидаги судланувчилар айбланмоқда:

  • Даулетмурат Тажимуратов;
  • Лолагул Каллиханова;
  • Азамат Турданов;
  • А. Сметуллаев;
  • Д. Джиемуратов;
  • Б. Кадирбергенов;
  • Б. Сейтниязов;
  • А. Тоқимбетов;
  • Қ. Сейтимов;
  • А. Нуратдинов;
  • С. Медетов;
  • Н. Найипов;
  • П. Шамшетов;
  • Р. Бекмуратов;
  • С. Каипов;
  • Б. Генжебаев;
  • С. Калилаев;
  • П. Нурниязов;
  • С. Калимов;
  • Н. Султамуратов;
  • А. Темирханов;
  • А. Адилбеков.

Уларга Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган:

  • 28-модда. Жиноят иштирокчиларининг турлари моддаси орқали 104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш;
  • 104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш;
  • 159-модда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш;
  • 164-модда. Босқинчилик;
  • 167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
  • 227-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш;
  • 243-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш;
  • 244-модда. Оммавий тартибсизликлар;
  • 244−1-модда. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
  • 247-модда. Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш;
  • 277-модда. Безорилик.

20 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига «уй қамоғи» ва 1 нафарига «жамоа кафиллиги» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, ОАВлар вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видеоконференцалоқа воситасида тўғридан-тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда барча техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 8 июлда Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий намойишлар юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов доирасида 14 нафар шахснинг ҳибсга олинганини маълум қилганди.

Ўшанда адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга айблов эълон қилингани, журналист Лолагул Қаллиханова гумонланувчи сифатида жалб этилгани айтилганди.