Қорақалпоғистонда болалар учун мутлақо янги турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда, дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова.

Қайд этилишича, Нукус шаҳрида жойлашган Panaev farms фермер хўжалиги томонидан «Оролбўйи минтақасида яшовчи болалар учун сут кислотали бактерияларнинг маҳаллий штаммлари асосида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш» лойиҳаси доирасида янги турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Лойиҳа 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, Туркия давлатидан жами 90 минг доллар қийматидаги замонавий ускуналар олиб келинди. Хўжалик йилига 60 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

«Лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида олиб келинган ускуналарда яна 50 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд», — дейилади хабарда.