«Асосийси, юрак Ўзбекистонда бўлсин»
ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари Камола Маҳмудова билан суҳбат
Тошкентлик ватандошимиз Камола Маҳмудова — ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари. У 25 йилдирки Ўзбекистонда яшамайди, аммо бу унинг саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериши ва Бухорода дарахт экишига тўсқинлик қилмайди. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида ўзининг қандай шакллангани ва она юртига бўлган муҳаббати ҳақида сўзлаб берди.
Тошкентлик ватандошимиз Камола Маҳмудова — ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари. У 25 йилдирки Ўзбекистонда яшамайди, аммо бу унинг саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериши ва Бухорода дарахт экишига тўсқинлик қилмайди. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида ўзининг қандай шакллангани ва она юртига бўлган муҳаббати ҳақида сўзлаб берди.
Хориждаги ўзбекистонликлар

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Биз ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Фаол, аълочи, безори қиз
Ҳаётимда ташаббускорлик, етакчилик ва шўхлик доимо бир-бирини тўлдириб келади. Мактабда аълочи, синфимнинг фаоли, лекин айни пайтда озод руҳли нонконформист эдим. У қўшиқчи C.C. Catch ёки Виктор Цой сингари катта соч турмаги ясаб, ёрқин сумка тақиб олардим. Мактабда тез-тез шўхлик қилиб турардим. Бир сафар синфдошларимни шкафга яширинишга кўндирдим. Ўқитувчи синфга кириб, ҳамма қочиб кетди, деб ўйлади. Албатта, кейин бизни топишди, лекин менга энг кўп танбеҳ беришди.

Саккиз ёшимда «Пионер тонги» радиоси бошловчиси эдим. Менга иқтидорли болалар, чемпионлар ва ноёб шахсиятлардан интервью олиш ёқарди. Узоқ Шарқдаги «Семурғ» ва «Океан» лагерларида ҳам кўрсатувлар олиб бордим. Радиоэртак ва ҳикоялар ёзиб олардик. Болалар бизнинг овозимиздан уйғонишарди. Ҳозир тушуниб етдимки, биз 1980-йиллардаёқ подкастлар қилган эканмиз.
Журналистлик фаолиятим учун менга, 13 ёшли қизга Владивостокка чипта беришди. Тошкентдан ёлғиз учганман. У вақтлар Интернет ҳам, уяли телефонлар ҳам йўқ эди. Саёҳат бутунлай хавфсиз эди. Ўсмирлигимда радио ва КВН (ҚВЗ) билан деярли бутун СССР бўйлаб саёҳат қилганман. Болалигимдаги Тошкентни эслайман, болалар ижоди учун хавфсиз ва қулай эди.

Ота-онам мени ҳеч қачон чекламаган ва борлигимча қабул қилишган. Улар ғайратим ичимга сиғмаслигини билишарди, «Луначарский» марказидаги анъанавий маҳаллада ўсган бўлсам ҳам, ҳовли супурган, ота-онамга овқат пиширган ва нон пиширишни яхши кўрган бўлсам ҳам, аълочи ўқувчи эдим.
Келдим, кўрдим, ишга жойлашдим
Мен банк соҳасидаги билим ва тажрибаларимни мисқоллаб тўплаганман. Таълимни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқишдан бошлаганман.

1995 йилда университетда БМТнинг 50 йиллиги нишонланди. Мени тадбирга бошловчи қилишди. Меҳмонлардан бири Голландиянинг ABN AMRO банки менежери Хьюго эди, мен уни Хьюго Босс деб чақиргандим. Маълум бўлишича, ўша пайтда у банк ваколатхонасига офис қидираётган экан. Хьюго мени пайқаб қолди ва таржималар қилишимни таклиф қилди. Банк талабаларга инглиз тилида машқ қилиш имкониятини бермоқчи эди. Бу маҳоратимни оширишим учун ноёб имконият эди. Мен Хьюгога ҳамроҳлик қилдим, таржималарда ёрдам бердим. Ишхона топдик, кейин у кетди ва 9 январда қайтишини, иш ҳақида гаплашишимизни айтди.

9 январь куни офисга келиб, «мен келдим», дедим. Шу тариқа банк соҳасидаги фаолиятим бошланди. Иш билан бирга бухгалтерия ҳисоби, корпоратив бошқарув ва оператив банк хизматлари курсларини тамомладим.
реклама
реклама
Банк соҳасида илк одимлар
ABN AMRO компаниясига офис менежери сифатида ишга кирдим. Таржималар билан шуғулландим, қандайдир маъмурий вазифаларни бажардим, ҳукумат билан учрашувларда қатнашдим.

Вақт ўтиши билан банкнинг кичик офиси тўлақонли ваколатхонага айланди. Менинг карьерам ҳам ўсди. Мени мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими менежери этиб тайинлашди. Мен VIP-мижозларнинг ҳисоблари билан шуғулланардим, улар орасида Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатлар ҳам бор эди. Қанчалик кўп ишга шўнғисам, банкнинг қандайдир ўзига хос жараёнларини шунчалик тушунмаслигимни англаб етавердим.
Камола Маҳмудованинг таъминот занжирлари бўйича 6-саммитдаги нутқи
Ўша пайтда ABN AMRO банкида юқори салоҳиятли кадрлар учун дастур очилди. Унинг доирасида банк номзодларни хорижда ўқишга жўнатиб, харажатларни қоплаб берди. Мен Лондон иқтисодий ва сиёсий фанлар мактаби (LSE)га «Корпоратив молия ва бухгалтерлик ҳисоби» йўналиши бўйича ўқишга отландим.

LSE мактабида қийин бўлди — инглиз тилини билмас, математикага тишим ўтмасди. Ёрдам сўрашдан тортинмаслигим ёрдам берди. LSE`да испаниялик аълочилар билан дўстлашиб, менга мавзуларни тушунтириб беришларини сўрадим. Улар бажонидил ва қизиққонлик билан кутубхонада кечалари мен билан шуғулланишди. Жуда қувноқ бўлганди. Математика ва молияни испан базасида ўргандим.

Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг Япониянинг Sakura Bank банкида таҳлилчи сифатида ишлашни бошладим. Ҳозирда у Sumitomo Mitsui Banking Corporation деб номланади. Бир йилдан кейин банк реструктуризация қилинди ва ёпилди. Аммо менга яхшигина товон пули тўлашди.
Янаям аниқроғи, япон анъаналарига мувофиқ, раҳбарим шахсан 13 та Япония компаниясига бориб, мени ишга олишларини илтимос қилиб чиқди.
Менга иккитасидан таклиф тушди, бироқ Тошкентга Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг япониялик раҳбари келди. Унинг нима дегани, интервью қандай ўтганини эслолмайман, лекин ЕТТБ тизимида 23 йил қолиб кетдим: 21 йил давомида Лондондаги офиснинг 5-6 та бўлимида ишладим ва 2021 йилда катта раҳбарият таркибига кирдим.
ЕТТБ ва Озарбайжондаги фаолият ҳақида
Европа тикланиш ва тараққиёт банки иш ўринлари яратиш ва хусусий секторни ривожлантириш билан шуғулланади. Банк мамлакатлар учун стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат лойиҳаларини амалга оширади, коррупцияга барҳам берувчи жараёнларни ташкил этишга кўмаклашади ва мамлакатнинг кадрлар салоҳиятини ривожлантиради. У ёки бу лойиҳани амалга ошириш орқали биз барқарор экотизим яратамиз. Дунёда бундай молия институтлардан беш-олтита бор, лекин менинг шахсий фикримча, ЕТТБ ўз синфидаги энг яхши институт, шунинг учун ҳам мен бу ерда узоқ вақт қолдим.

Юрагимга яқин бир нечта лойиҳаларим бор. Улардан бири — Тошкент халқаро аэропортини реконструкция қилишдир. Ўшанда мен ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонасида ишлардим. Перронлар, учиш-қўниш йўлаклари қурдик, ер остига ёнилғи қувурлари ётқиздик.
Бошқа бир лойиҳа — энергетика соҳасида, 400 млн долларлик — Қозоғистон учун. Банкимиз электр узатиш тирмоқларини қуриш ва кучайтиришга ёрдамлашди. Барча энергия мамлакат шимолида ишлаб чиқариларди, жанубда эса истеъмол қилинарди.

16 йил Украинада ишлаб, турли соҳалар: энергетикадан тортиб, жумладан, ядро станциялари хавфсизлигини таъминлаш, молиявий секторгача бўлган йўналишларда ишлаганимдан фахрланаман. Молиялаштиришнинг кўплаб тармоқларини қурдим, иқтидорли инсонлар билан меҳнат қилдим.

Мен, айниқса, халқаро савдони молиялаштириш соҳасидаги лойиҳа билан фахрланаман. Ўз жамоам билан 38 мамлакатда янги ҳамкор банклар учун лимитларнинг ярмини яратдик ва қурдик. Биз дастурни 2009 йилдаги 570 млн евродан уни тарк этган 2021 йилда 3,3 млрдгача оширдик. Фаластин, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ, МДҲ, Болқон мамлакатларида ажойиб иш тажрибасига эга бўлдим.
реклама
реклама
Лондонга лавозимга кўтарилишим ҳам жуда ажойиб бўлганди. Ишдан қўрқмайман, барчасини тез бажараман, муаммоларни осонликча ҳал қиламан. Мен Тошкентдаги ЕТТБда лойиҳа ёрдамчиси сифатида иш бошладим. Янги жойга келганимда, ҳужжатларни қидириш жуда кўп вақт талаб қилганини пайқадим. Маълум бўлишича, офисда ҳужжатларни файллаш тизими ишламас экан. Бош қароргоҳга ёздим. Улар ўзларининг тизимлари билан ўртоқлашишди, мен ўрганиб, уни ўзимизда жорий этдим. Япониялик раҳбарим кўп вақтни тежайдиган ва портфел бошқарувини оптималлаштирган самарали янгиликдан ҳайратда қолди.

Офисда ажойиб ижодий муҳит ҳукм сурарди. У ерда мамлакатнинг олтин ёшлари йиғилди. Биз навбатма-навбат чет элга учардик. 2001 йилда мен лавозимга кўтарилиш учун Лондонга кўчиб ўтдим.
Кўчиб ўтгандан сўнг, ўзимга оналик даври учун қулай бўлган иш қидирдим. Бунга параллел равишда лойиҳалар, портфел ва хавф-хатарларни бошқариш билан шуғулландим.

Бўш вақтимни Кембриж университетининг Клэр коллежидаги магистратура дастурига бағишладим ҳамда «Бухгалтерия ҳисоби ва молия» ва «Бизнесни бошқариш» йўналишларида таҳсил олдим. У ерда ўтказган икки йилим Америка арғимчоғидек ўтди: ҳам қўрқинчли, ҳам қизиқарли.

Менда қаллоб синдроми бор эди. Янги лавозимга ёки ўқишга кирганимда доим асабийлашардим — Кембрижда ўқиш учун етарлича ақлли эмасман ёки етарли билимга эга эмасмандек туюларди. Мени тасодифан олиб кетишди, деб ўйлардим. Ўқиш ёки ишга киришар эканман, одамлар менинг фикримни сўрашларини кўрдим. Икки йил ичида ўзимга ишонч, синфдошларим ҳурматига сазовор бўлдим. Ва ҳамма нарсада ҳам шундай бўлди.

Ўз дастуримизда биринчи ўзбекистонлик бўлдим. Клэр коллежи, у - иккинчи энг қадимги кампус бўлиб, бу ерда қизлар атиги 50 йил олдин қабул қилина бошлаган. Бу йил коллежда ушбу сана ўзига хос тарзда нишонланмоқда: улар ҳар бир ўқув йили учун биттадан нуфузли битирувчи ва намунали етакчини танлаб олишди. Ана шу рўйхатга мен ҳам тушдим. Бу мен ва ўзбекистонликлар, айниқса Марказий Осиё қизлари учун катта шарафдир.
Нима учун Лондондаги глобал даражадаги маҳсулотдан мамлакатда бизнес юритишга ўтишга қарор қилдим?
  • 1
    Биринчидан, менга ЕТТБнинг дунёда қилаётган ишлари ёқади.
    Биз ўз ваколатимизга содиқмиз. 1990 йилларда электр энергияси бўлмаган Грузиядаги лойиҳаларимиз одамлар ҳаётини қандай яхшилаганини кўрдим.
  • 2
    Иккинчидан, ЕТТБда ҳам юқорига, ҳам кенглик бўйича ўсиш кузатилмоқда.
    Фаолиятим давомида турли лавозимларда ишладим: таҳлил қилиш, хавф-хатарни баҳолаш, энергетика ва инфратузилма соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш, бош офисда маъмурий ишлар билан шуғулланиш. Бу шуни кўрсатадики, ЕТТБ турли бўлимларда ва лойиҳаларнинг турли босқичларида ишлаши мумкин.
  • 3
    Яна бир сабаб — болалар.
    Улар вояга етишди. 24 ва 18 ёшда. Турмуш ўртоғим ва мен ҳозир мактаб ҳаёти ва болалар билан боғлиқ кундалик одатларга боғлиқ эмасмиз, шунинг учун Лондондан кўчиб ўтишга ва бошқа мамлакатларда яшашга қарор қилдик.
  • 4
    Натижада менинг кучим — бизнесни ривожлантириш, мураккаб муаммоларни энг осон йўл билан ҳал қилиш, жамоани бошқариш, шунингдек, янги самарали маҳсулотлар яратишда эканлигини англадим.
    Кейин янги қизиқарли лавозимларга ариза беришни бошладим. 2021 йил сентябрь ойида мен ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари бўлдим. Бу мен учун катта шараф.
ЕТТБнинг Озарбайжонда кўплаб лойиҳалари бор, бироқ мени «яшил лойиҳалар»дан айниқса мамнунман. Бугун Озарбайжон ҳақиқатан ҳам қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш, яшил энергия тежамкор шаҳарлар қуриш ва транспортда муҳим бўғинга айланиш бўйича чемпион бўлиш имкониятига эга. Ганжа шаҳрида иккита ана шундай лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Биринчиси, чиқиндиларни қайта ишлаш ва касалликларга чалиниш хавфини камайтириш, иккинчиси, бутун шаҳарни LED-чироқлар билан таъминлаш бўйича.

Чиқиндиларни қайта ишлаш табиатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиришда катта рол ўйнайди. Чиқиндиларни сараловчиларнинг маошига сарфланган ҳар бир фунт жамият учун 12 фунт стерлинг қиймат яратиши илмий жиҳатдан исботланган. Ганжада биз ҳам шаҳар ёритилишини оптималлаштиришга ёрдам берамиз, яъни шаҳарда ёруғлик беш баробар кўп бўлади ва харажатлар 76 фоизга камаяди.
Оилам ва турмуш ўртоғимнинг ёрдамисиз ривожланиш ва бирон бир мақсадга эришиш қийин бўларди. Турмуш ўртоғим мен билан жуда фахрланади. У менга қанот беради. Бизнинг уйда эркаклар ва аёллар ўртасида меҳнат тақсимоти йўқ. Бажарилиши керак бўлган ишлар бор ва биз буни 25 йилдан бери бирга бажарамиз. Болалар тарбиясида қайнонам ва онам ёрдам беришди. Улар мени ҳар доим ҳамма нарсада қўллаб-қувватлайдилар, менга тўлиқ ҳаракат эркинлигини берадилар.
Менинг карьерам — миллат олдидаги масъулият
Қачонлардир мен бошқарган пул ҳам, ҳозир эгаллаб турган лавозимим ҳам — катта масъулият. Гап нафақат миқдорларда, балки бу солиқ тўловчиларнинг пули эканлигини англашда. ЕТТБ мисолида гап 60 та давлатнинг солиқ тўловчилари ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон олдидаги масъулият ҳам бор. Биз эски тамаддун, лекин янги мамлакатмиз. Иш ва шахсий саёҳат вақтида одамлар мендан: «Қаердансан?» деб сўрашади. Жавобни эшитиб: “Ўзбекистонлик одамни учратмаганман!” дейишади. Шундай дамларда одамлар бутун мамлакатга менинг меҳнатимга қараб баҳо беришини тушунаман. Бу миллат олдидаги масъулиятдир. Мен ҳар доим сифатли иш қилишга ҳаракат қиламан. Бу бренднинг бир қисми демакдир.
Муаллифлик хайрия лойиҳалари
Таълим, соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш жамиятда яхши ҳаётнинг асоси, деб биламан. Мен қандайдир тарзда ривожланишни молиялаштириш бўйича тажрибамни ўз ичига олган барқарор хайрия лойиҳалари маданиятини тарбияламоқчи эдим. ЕТТБда ҳамфикрлар ва дўстлар жамоасига эга бўлганимдан жуда бахтиёрман. Биргаликда биз ноёб лойиҳаларни амалга ошира олдик.
Умуман олганда, биз учта бемисл лойиҳа учун 1,1 млн доллар жалб қилдик ва ЕТТБнинг ходимлар учун учта грантни қўлга киритдик:
  • 1
    Khan Academy Oʻzbek
    Халқаро Khan Academy онлайн-академиясининг ўзбек тилидаги талқини
  • 2
    Ezgu Amal
    Тошкентда саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш ҳамда коронавирус пандемияси вақтида Хоразм, Нукус ва Самарқанд вилоятларига тиббий ускуналарни етказиб бериш
  • 3
    «Яшил Бухоро»
    Шаҳарда қарийб етти минг туп катта ёшли дарахт, бута ва ўсимликларни оммавий равишда экиш
Ўзбекистон учун Хан академияси
«Khan Academy» платформасидан ўқув видеодарсларини ўзбек тилига таржима қилиш лойиҳаси биринчилардан бўлди.

Дастлаб Ботир Арифжонов ва унинг рафиқаси Нигора уни Ўзбекистонда жорий этишни ўз зиммаларига олишди. Уларнинг ўз маблағларидан етти минг доллар сармоя киритишганини билдим. Уларнинг ишидан илҳомланиб, лойиҳага қўшилишга қарор қилдим. Мен интернет орқали ихтиёрий маблағ йиғиш акциясини ташкил қилдим, Лондондаги жамоам ёрдамида барча керакли ҳужжатларни тўлдирдим ва грантга ҳужжат топширдим. Биринчи даврада биз 102 минг евро йиғишга муваффақ бўлдик.

Вақт ўтиши билан мен лойиҳани тарк этдим, чунки у оёққа турди. Тайёрлаган қоғозларимиз кейинги босқичда қўл келди. Лойиҳанинг ўзи 450 минг доллар йиғди. Академия асосчиси Салмон Хоннинг айтишича, бу у кўрган энг тез ва сифатли маҳаллийлаштириш бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб 750 минг бола ушбу платформада таълим олмоқда.
Ezgu Amal
Хан Академиясидан сўнг Лондонда туриб Ўзбекистонда коронавирус пандемияси вақтида одамларга ёрдам кўрсатиш бўйича лойиҳага киришдим.

Zoom платформасида ўзбек миллий рақсларини ўргатувчи Dance4Uzbekistan онлайн дарсларини ўйлаб топдим. Таниқлик миллий раққос ва раққосалар менторлик қилишди. Улар мутлақо бепул ишлашди.

Онлайн дарсларга кириш нархи беш фунт эди, бироқ одамлар кўпроқ: 200, 300, 500 ёки 1000 фунтлаб ўтказишди. Ҳар бир дарс тахминан 6-10 минг кишини тўплади.

Кўплаб иштирокчилар сабрсизлик билан якшанбалик машғулотларни кутишларини айтишди, чунки пандемия уларнинг руҳий саломатлигига путур етказаётган эди.

Dance4Uzbekistan акцияси жуда муваффақиятли чиқди ва мен худди шу тамойил асосида бошқа лойиҳаларни ҳам ишга туширдим: дастлаб Баҳриддин Чустий билан Cook4Uzbekistan, сўнгра Мариника Бабаназарова билан Савицкий музейи ҳақидаги маърузалар тўпламини.

Ушбу лойиҳалар учун мен ЕТТБдан 50 минг евро миқдорида грант олдим.
Биз маррани 100 минг доллар қилиб қўйдик ва 250 минг йиғдик. Бу планкани енгиб ўтганимиздан кейин ҳам хайриялар келишда давом этди. Бир куни тошкентлик бир киши менинг ёрдамчимга қўнғироқ қилиб, 20 минг доллар ўтказишни таклиф қилди. Унинг кимлигини ҳали ҳам билмайман. Қўнғироқ қилдик, эрталаб пулни ўтказишга ваъда берди. Вақт фарқи туфайли мен эрта турдим — эрталаб соат бешда. Мен ундан: «Камола опа, 20 минг доллар ҳақида фикримни ўзгартирдим. Яна бир миқдор бўлади», деган хабар келганини кўрдим. Жуда хафа бўлдим. Орадан бироз вақт ўтгач, лойиҳадаги ҳамкасбим қўнғироқ қилиб: «Камола опа, пул ўтказилди. Лекин бу ерда 20 минг эмас, 100 минг доллар бор», — деди.
реклама
реклама
Барча эҳсонларни саратон касаллигига чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ezgu Amal жамғармасига топширдик. Келишда давом этаётган пул эвазига Самарқанд вилоят Болалар тиббиёт маркази ва Нукус Шошилинч тиббий ёрдам пункти учун сиғими 10 куб метр бўлган иккита кислород станцияси сотиб олишди. Uzbekistan Airways бепул транспорт билан таъминлади, ҳукумат эса барча солиқлардан озод қилди.
«Яшил Бухоро»
Мен учун жуда қадрдон бўлган яна бир лойиҳа — Бухорода дарахт экиш. Кембриж университетининг ўзбекистонлик биология профессори Темур Юнусов билан биргаликда кўпроқ кислород чиқарадиган ва тупроқни барқарор қиладиган дарахтлар экиш режасини туздик. Дастлаб лойиҳа Тошкентда амалга оширилиши керак эди, бироқ кейин Ўзбекистон ландшафт дизайни уюшмаси раҳбари Татьяна Югай тимсолида ҳамкоримиз уни Бухорога ўтказишни таклиф қилди.

Биз 100 минг евро йиғишимиз керак эди. Бундан ташқари, грантга ҳам ҳужжат топширдим ва дўстларимдан бири пул юборди - қарийб 30 минг доллар. Биринчи бўлиб келиб тушган 2700 долларни кўриб қувониб кетдик. Лекин хурсандчиликдан битта нолни кўрмай қолган эканмиз — аслида ҳисобда 27 минг доллардан ортиқ пул бор экан.
ЕТТБнинг 50 минг евролик грантини ютиб олиш учун биз 50 минг евро йиғишимиз керак эди. Муддат яқинлашиб қолди, пулни қаердан олишни билмай қолдим. Тушлик пайтида дугонам Умида Умарбековага лойиҳа ҳақида гапириб бердим. У 10 минг пул ўтказишга ваъда берди. Тахминан 10 минг доллар деб ўйладим, лекин Умида 10 минг фунт юборди! Мен ундан ва лойиҳани қўллаб-қувватлаган барча ўзбекистонликлардан жуда миннатдорман.
Лойиҳалар ҳақидаги фактлар
Молиялаштиришнинг 90% дан кўпроғи ўзбеклар томонидан бўлди
Барча лойиҳалар хусусий тартибда, бироқ ҳукумат кўмагида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси орқали амалга оширилди
Барча лойиҳалар мустақил яшаш ва молиялаштиришни жалб қилишда давом этмоқда
Ҳар бир лойиҳа режалаштирилганидан кўпроқ пул йиғди
Ҳар бир лойиҳани ишлаб чиқиш энг яхши халқаро ва маҳаллий ўзбек ихтисослашган ходимлари томонидан амалга оширилди
Ҳар бир лойиҳа қизиқарли саргузаштлар билан кечди
«Дўстлик» ордени ҳақида
2020 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мени «Дўстлик» ордени билан тақдирлади. Жуда ҳаяжонли лаҳзалар эди. Ўзбекистонда 25 йилдан ортиқ яшамаганимни инобатга олсак, бундай юксак миллий мукофотни олиш мен учун катта шараф. Орден — жамоавий ишимизнинг эътирофи ва янада кўпроқ хайрия лойиҳаларини амалга ошириш имкониятидир.

Келажак Ўзбекистон билан боғлиқ
Мен келажагимни ва бугунимни Ўзбекистон билан аниқ боғлайман. Ўз ватанимни ота-онам каби севаман: уни танламайсиз ва муҳокама қилмайсиз, унга ёрдам берасиз ва ғамхўрлик қиласиз.

Эндигина 46 ёшга кирдим ва халқаро платформада ҳали жуда кўп нарсани ўрганмаганман деган ҳис бор. Лекин ҳар доим ватанимга ҳар қандай даражада ёрдам беришдан хурсанд бўламан.

Лондонда яшаб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишимга жисмоний чегаралар тўсқинлик қилмайди. Бухорода дарахт экиш, Нукусда кислород станцияларини қуриш, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида болаларга математикани ўргатиш мумкин.

Географик жиҳатдан қаерда эканлигингиз муҳим эмас. Асосийси, юрагингиз Ўзбекистонда бўлсин.
Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади. Ўзбек тилига Санжар Саид таржима қилди.
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Камола Маҳмудованинг шахсий архивидан олинди.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг