Тошкентда Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.

Судьялар орасидан сайланган 200 нафардан зиёд делегатдан ташқари Олий суд, Конституциявий суд раислари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда Судьялар ассоциациясининг 2017−2022 йиллардаги фаолиятига оид ҳисоботи тингланди.

Делегатлар Судьялар ассоциацияси раисини сайлаш масаласини ҳам кўриб чиқди. Ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келаётган Убайдулла Мингбоев ассоциация раислигига қайта сайланди.

Фото: Судьялар олий кенгаши

Маълумот ўрнида, 1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишга хизмат қилади.

Убайдулла Мингбоев Судьялар олий кенгаши раиси, Судьялар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоат маркази раиси бўлиб ҳам ишлаган.