25 ноябрь «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чотқол дарёсида бунёд этилаётган «Қуйи Чотқол» ГЭС тўғонини қуриш учун дарё ўзанини тўсишга бағишланган бўйича тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик, идоралар раҳбарлари, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, хорижий лойиҳа компаниялари — Россия, Эрон, Туркия, Хитой давлатларининг лойиҳа бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев очиб берар экан, мазкур йирик гидроэнергетика иншооти хусусида тўхталиб, Чотқол дарёсида амалга оширилаётган лойиҳанинг вилоят энергетика тизимида муҳим аҳамият касб этиши, вилоят аҳолисини экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши борасида ўз фикр-мулоҳаларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталди. Хусусан, «Қуйи Чотқол» ГЭСининг техник хусусиятлари ва аҳамияти ҳақида маълумот берди.


«Қуйи Чотқол» ГЭС қурилиши Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги «Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Барпо этилаётган ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган тўртта гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн кВт соатга тенг.


Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн куб метргача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Қурилиши бошланаётган «Қуйи Чотқол» сув омборининг лойиҳа бўйича умумий баландлиги 50 метр, сув тўплаш ҳажми 6,8 млн куб метрга тенг. Янги иншоотни 60 ой давомида, яъни 2021−2025 йилларда қуриб, эксплуатацияга топшириш режалаштирилган. Қайд этилган кўрсаткич келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. «Ўзбекгидроэнерго» қуриладиган иншоотлар келажакда халққа 100 йил давомида хизмат қилади, дея таъкидлади.


Мазкур объектнинг айнан Қуйи Чотқол дарёсида қурилиши режалаштирилганининг сабаби, мамлакатимиздаги йирик Чорвоқ сув омборининг ўртача 65% гидроресурсларини айнан Чотқол дарёсидан оқиб келаётган сувлар ҳисобига шаклланишидир. Ушбу дарёдан йилига ўртача 4−4,5 млрд куб мерт сув оқиб ўтади. Янги қурилаётган ГЭС йил давомида 11 ой ишлаш имкониятига эга.

Қурилиш ишлари доирасида Ўзбекистонда биринчи марта махсус бетон қоришмаларидан фойдаланилади ҳамда мамлакатимиздаги илк бетон турдаги мустаҳкам тўғон барпо этилади. Натижада мазкур тўғонда қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда электр энергияни ишлаб чиқариш имконини беради.


Қурилиш ишлари доирасида ҳамкорлик қилаётган хорижий компания вакиллари, хусусан, Туркиянинг Dolsar Engineering компанияси консультанти Мелиҳ Ўздилим, Эрон Ислом Республикасининг U SUV ALAN Ltd директори Азиз Некзадлар сўзга чиқиб, ҳамкорлик доирасидаги амалий ишлар хусусида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг тадбирнинг кутилган асосий қисмига старт берилди. Қуйи Чотқол дарёси табиий оқими туннель орқали ўтказилиши бошланди. Бу жараёндан кўзланган мақсад, ГЭС тўғони қурилишини бошлаш ҳамда келгусида эксплуатация жараёнларида ҳам туннель орқали сув йўналишини бошқа томонга йўналтириш имкониятини яратишдан иборат.

Реклама ҳуқуқлари асосида.