Сиёсатгунос Камолиддин Раббимов ўзининг Telegram-каналида «конструктив зўриқиш векторлари» тушунчасига изоҳ берар экан, Ўзбекистонда давлат институтлари: парламент, партиялар, ННТлари, касаба уюшмалари, ватандошлик жамиятининг ҳар қандай кўринишида тўлақонли зўриқиш векторлари ишлаб чиқариши борасида ҳалига қадар инерцияга хос эҳтиёткорлик сақланиб турганини таъкидлади.

Бироқ, унинг қайд этишича, мамлакатда кейинги йиллари жамиятнинг муаммолари борлиги тўлиқ тан олинди ва жамият даражасида зўриқиш векторларини шакллантирувчи институтлар бўлишига имконият берилди. Бу институтлар, энг аввало мустақил ОАВлари, ижтимоий тармоқлардир.

Сиёсатшунос, шунингдек, конструктив зўриқиш векторига таъриф бериб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу тушунча ҳар қандай тизимнинг яшовчанлиги белгиловчи, унинг қадриятлари ишлашини таъминловчи, ривожланиш йўналишини аниқловчи, шахс маданияти ва дунёқарашини шакллантирувчи муҳим институтлар ва жараён ҳисобланади.

«Ҳар қандай цивилизацияда, жамият ва давлатда конструктив зўриқиш векторлари нормал ишласагина, бу субъектларнинг яшовчанлиги таъминланади,муаммолар аниқлаштирилади ва тизимли ечилиши ҳисобига „касалликнинг ичкарига ўтиб кетишига“ йўл қўйилмайди, тизимнинг тўлиқ инқирози ва йиқилишининг олди олинади», — деб ёзди у.

Агар давлатнинг конструктив зўриқиш векторлари яхши ишламаса, дезинтеграция, парчаланиш устувор бўлади, жамият интеграциялашув ўрнига парокандалик ва фожеали бўлиниш юз беради.

Ислом цивилизациясида ушбу дунёқараш тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун жуда кучли зўриқиш векторлари назарда тутилган. Ҳар ҳафтада жума намози асносида хутба орқали хотираларни исломий қадриятлар билан тўйинтириш, амри-маъруф ва бошқа институтлаштирилган воситалар жуда кучли ишлайди.

Демократияда эса, парламент, партиялар, эркин ОАВ, нодавлат ташкилотлари, ватандошлик жамиятининг ҳар қандай нозўравон фаоллиги ва ҳ.к. Зўриқиш векторларининг функцияси — одамлардаги/жамиятдаги яширинча ва ошкора дискомфорт ҳолатларни аниқлаш, уларни давлат ҳамда жамият диққат марказига олиб чиқиш, масъул институтлар ва мутасаддиларни ушбу муаммоларга ечим топишга мажбур қилиш ҳисобланади.

Сиёсатшунос нима учун демократиялар нисбатан тинч, ташқи кўринишда беқарор бўлса-да, аслида бошқа тизимларга қараганда анча барқарор, деган саволни ўртага ташлади. «Чунки бу тизим ички муаммоларни очиқ майдонга олиб чиқади ва расмийлаштиради, ижтимоий муаммоларга ечим топишни энг асосий сиёсий жараёнга айлантиради. Жамиятдаги муаммолар — сиёсий плюрализмнинг, рақобатнинг марказида туради ва кимки энг яхши ечим таклиф қилса — энг катта бонус — ҳокимиятни олиши назарда тутилади».

Зўриқиш векторларини ишлаши қўрқув, асосан, беқарорликдан қўрқишга бориб тақалади. Лекин зўриқиш векторлари давлат институтлари доирасида бўлмаслиги давлатга бўлган фундаментал ишончсизликка сабаб бўлади, жамиятда давлатни айланиб ўтишга йўналтирувчи сиёсий маданият кучайиб боради. Натижада, бу ортга ташланган катта беқарорликка олиб келади. Шунинг учун зўриқиш векторлари -кичик хажмда ва муттасил оқиб турувчи ижтимоий муаммолар оқимини назарда тутади ва бу оқим давлатни заифлаштирмайди, аксинча, кучайтиради.

«Ўзбекистон иккинчи маъмурияти, зўрқиш векторларини давлат институтлари ичига жойлаш борасида, ҳадиксираётгани аниқ. Бу борада ҳеч кимда тажриба йўқ. Лекин давлат институтларида доирасида жамият манфаатлари ва муаммоларини баралла айтувчи овозлар ва жараёнлар назарда тутилмас экан, бу давлатнинг ички ва ташқи легитимлигига ҳам, Ўзбекистоннинг геосиёсий мавқеига ҳам, стратегик барқарорликка ҳам чақириқ сифатида сақланиб қолаверади. Асосийси, тараққиётимиз чекланган бўлади», — дея ўз сўзини якунлади Камолиддин Раббимов.