25 ноябрь куни 2-тур доирасида A гуруҳидан жой олган Нидерландия ва Эквадор терма жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Ўйинда иккала томон ҳам биттадан гол киритиб, дурангга имзо чекишди. Шунингдек, бугун B гуруҳидаги Англия — АҚШ учрашувида нурсиз дуранг қайд этилди.

Нидерландия — Эквадор 1:1

Нидерландия — Эквадор баҳси «Халифа» стадионида бўлиб ўтди ва 44 833 нафар томошабинни стадионга йиға олди.

Учрашувнинг 6-дақиқасидаёқ Нидерландия терма жамоаси ҳисобни очиб, ушбу баҳсда Эквадорга яна голлар урадигандек таассурот уйғотди. Ўтган галги ўйинда гол киритган Коди Гакпо бу сафар ҳам гол уриш иштиёқи билан тушган чоғи, ўйиннинг бошиданоқ Нидерландияни олдинга олиб чиқди. 1-таймда нидерландлар иштирокида кўплаб ҳужумлар кўрдик. Тайм охириги келиб эквадорликлар жонланиб қолишди. Ҳатто 45-дақиқада гол ҳам киритишган эди. Бироқ ҳужумдаги футболчилардан бирида ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди ва гол бекор қилинди.


Эртами-кечми, Эквадор терма жамоаси 2-таймда барибир ўз мақсадига эришди. Эквадор ҳисобни тенглаштирди! Яна ўша Валенсия. У ЖЧ-2022`даги учинчи голини киритмоқда.

2-таймда эквадорликлар ёрқин ўйин кўрсатишди. Эҳтимол, вазиятлардан тўғри фойдалана олишганида ушбу баҳсни ютган ҳам бўлишарди. Аммо қолган дақиқаларда биз иккала жамоадан ҳам гол кўрмадик. Ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланди. Ҳозирда Нидерландияда ҳам, Эквадорда ҳам 4 очкодан мавжуд.


3-турда 29 ноябрь куни Нидерландия терма жамоаси Қатар билан баҳс олиб боради, Эквадор эса Сенегал билан куч синашади.

Англия — АҚШ 0:0

Англия — АҚШ баҳси Ал-Хаур шаҳридаги «Ал-Байт» стадионида, 68 463 нафар мухлис қаршисида бўлиб ўтди. Учрашув бошиданоқ тенг курашлар остида ўтди, бироқ мухлислар инглизлардан кўп нарса кўтишган эди. Айниқса ўтган турдаги Эрон бўлиб ўтган сермаҳсул ўйиндан сўнг мухлислар яна голлар кўриш умидида эди. Бироқ учрашувда 0:0 ҳисоби қайд этилди.


1-таймда иккала жамоада ҳам гол уриш учун ажойиб имкониятлар юзага келган эди. Ҳатто Пулишич йўллаган битта зарба дарвоза тўсинининг юқорги қисмига бориб тегди ҳам. Инглизларнинг аксарият ҳужумлари эса АҚШ дарвозабони Тёрнер шарофати билан голга айланмай қолди. Жамоалар 2-таймда ҳам бир-бирларининг дарвозаларига йўл топа олишмади. Зарбалар бўйича ҳисоб 7:6, Англия олдинда. Бироқ ушбу 13 та зарбадан фақат 4 таси дарвозага аниқ етиб борган. Ўйин охирига яқин келганда жамоалар худди дурангга розидек ҳаракат қила бошлашди. Ҳакам 4 дақиқа вақт қўшиб берди. Аммо бу ҳам ёрдам бермади. Ҳисоб — 0:0. Жамоалар бир очкодан ишлаб олишди. Шунда ҳозир Англияда 4 очко, АҚШда эса 2 очко бор. Бироқ ушбу гуруҳдаги яна иккита жамоа — Уэльс ва Эрон қарама-қаршилигида Эроннинг қўли баланд келди ва улар 2-ўринга чиқиб олишди.


Демак, навбатдаги турда Эрон ва АҚШ терма жамоалари учрашишади ва плей-оффга чиқиш учун ким кўпроқ лойиқ эканлиги борасида баҳслашишади. Англия эса 3-турда Уэльс билан куч синашади. Уэльс терма жамоасида ҳозирча 1 очко мавжуд. Ҳозир уларда ҳам имкон бор, фақат улар Англияни енга оладими? Бундан ташқари, очколар тенг бўлиб қолганда ҳам ҳаммасини тўплар нисбати ва бошқа шунга ўхшаш ҳисоб-китоблар ҳал қилади.