ДХХ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор-қидирув тадбирларида Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Навоийда қозоғистонлик наркокуръерлар вилоятнинг Учқудуқ тумани Қизилқум чўли ҳудудига хуфиёна тарзда 12 минг дона «Трамадол» дори воситалари кўмиб кетгани аниқланди. Ҳодимлар дориларни процессуал тартибда расмийлаштириб олди.

Суриштирув давомида дориларнинг ҳақиқий эгаси Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган муқаддам судланган шахс бўлиб чиқди ва қўлга олинди.


Тошкентда кузатилган ҳолатда эса Зангиота туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган тиш шифокори Олмазор туманида жойлашган ўзининг хусусий клиникасида 1960 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сақлаб келаётганлиги аниқланди.

ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари «Фарғона-Қўқон» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia автомашинасини Олтиариқ туманида тўхтатиб, кўздан кечирган. Машинадаги Қўқон шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган муқаддам бир неча марта судланган йўловчи ўзи билан 2803 дона «Регапен» ва 1000 дона «Тропикамид» олиб кетаётгани маълум бўлди.

Аниқланишича, у кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона туманида яшовчи, 24 ёшли фуқародан 50 млн сўмга сотиб олган. Ҳозирда у ҳам қўлга олинди, дейилади хабарда.

Фарғонада кузатилган яна бир ҳолатда 24 ёшли фуқаронинг уйидан 1050 дона «Регапен» ва 101 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.


Юқорида келтирилган кучли таъсир қилувчи дори воситалари Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ДХХ хабарида.