Тошкентда «ТТЗ — Машинасозлар» экспресс-йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи Mercedes-Benz Conecto Low Floor русумли автобусда ёнғин чиқди. Ҳодиса 26 ноябрь, шанба куни соат тахминан 15:15 атрофида Мирзо Улуғбек ва Паркент йўли кўчалари кесишган чорраҳа яқинида юз берган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Воқеа жойига зудлик билан битта ўт ўчириш экипажи етиб келиб, алангани ўчирган. Ҳодиса оқибатида автобуснинг мотор бўлмаси ва унга ёндош қисмидаги анжомлар ёниб, зарарланган.

Тан жароҳати олиб, жабрланганлар йўқ. Ҳодиса юз берган вақтда автобус салонида йўловчилар бўлмаган.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси вакиллари яқин вақт ичида ҳодиса сабаблари ва тафсилотлари ҳақида қўшимча ахборот берилишини билдирди.

Маълумот учун, кўк рангли экспресс автобуслар қатновчи «ТТЗ — Машинасозлар» йўналиши 23 ноябрь куни очилган эди.