Россиялик янги турмуш қурган Доминик Мажинтас ва Евгения Рибакова Чорсу бозорида тўй фотосессиясини ўтказишди. Ёрқин фотосуратлар ижтимоий тармоқлардаги каналларга тарқалди ва кўплаб олқишларга сазовор бўлди. Кўпчиликка шарқона гиламлар фонида ҳамда зираворлар ва сабзавот расталари олдида тушилган фотосуратлардаги ўзига хос кинематографик муҳит айниқса манзур келди.

«Чорсу, бу — бизни максимал ифодалаган жой. Биз айнан шу ёрқинликни, колоритни, бозордаги ҳамма нарсани хоҳлаган эдик», — дея тушунтиради Евгения манзил танлаш масаласида.

Жуфтлик Тошкентга Москвадан сентябрда кўчиб келган. Евгениянинг сўзларига кўра, улар узоқ вақт тўйни нишонлаш масаласини ҳал қила олишмаган.

«Бир режалар тўғри келмади, бир тасаввурлар мос тушмади. Бир куни йиғилиб, шундай дедик: „Биз жуда ёрқин, ранг-баранг мамлакатдамиз. Келинг, иккаламиз учун ҳам эсда қоларли нарсани қўзғатайлик“», — деди келин.

Жуфтлик боғларда саҳналаштириладиган романтик фотосессиялар форматидан дарҳол воз кечишди. Танлов Эски шаҳардаги калейдоскопик Чорсу бозорида тўхтади.

Евгениянинг тан олишича, фотограф топиш қийин бўлган — кўпчилик ғайриоддий форматда суратга олишдан бош тортган. Фотосуратчи Полина Бородевич жуфтликка ғояни амалга оширишга ёрдам берди.

Интернетда ёрқин фотосуратлар тарқалиб кетганида, кўпчилик тўй айнан Чорсуда бўлиб ўтган деб ўйлаган. Аслида эса бозор шунчаки тўй фотосессияси жойи бўлган.

Янги турмуш қурганларнинг ота-оналари аккордеончи таклиф қилишди. Сценарий йўқ эди — «тантана» ўз-ўзидан бошланиб кетган. Евгениянинг айтишича, бозордаги ҳамма одамлар уларнинг байрамига келиб қўшилишган. Келин ва куёв билан суратга тушишган, рақсга тушишган, ўзлари билан олиб келган чолғу асбобларини чалишган.

«Ҳамма ҳайратланарли меҳмондўстлик ва хайрихоҳлик билан бизни ўз пештахталари ортича ўтказишди, истаган нарсага тегинишимизга, синаб кўришимизга рухсат беришди. Жуда ажойиб, илиқ, қулай эди. Халқингиз шунчаки ажойиб. Одамларсиз бундай байрам бўлмасди», — деди Евгения.

Фотосуратчи Полина Бородевич ўзининг «Инстаграм» саҳифасида одамлар бу ерда кино тасвирга олиняпти, деб ўйлашганини ёзди. Улар тўй фотосессияси бўлаётганига ишонишмаган.

«Биз ҳалигача ҳаяжондамиз. Бозордаги бу икки соатлик лаҳза, эрим ва мен охиригача ёдимиздан чиқмайдиган энг ёрқин хотиралардан бири бўлиб қолади», — деди Евгения.