25 ноябрь куни ЖЧ-2022 2-тур ўйинларини B гуруҳидан жой олган Уэльс — Эрон учрашуви бошлаб берди. Ушбу баҳсда Эрон терма жамоасининг қўли баланд келди ва 3 очкога эга бўлди. Шунингдек, бугун A гуруҳидаги Қатар — Сенегал қарама-қаршилиги ҳам бўлиб ўтди. Ўйинда Қатар терма жамоаси ЖЧ`даги илк голини киритди. Бироқ ушбу гол қатарликлар учун ёрдам бера олмади, Сенегал 1:3 ҳисобида ғалабага эришди.

Уэльс — Эрон 0:2

Ушбу баҳс «Аҳмад бин Али» стадионида бўлиб ўтди ва 40 875 нафар томошабинни стадионга йиға олди.

Учрашувнинг 1-таймида гол бўлмади. Тўпга эгалик қилиш бўйича Уэльс терма жамоаси яққол олдинда эди. Бироқ зарбалар борасида эронликлар пешқадам бўлди. Ўйиннинг энг эсда қоларли воқеалари 2-таймнинг охирида юз берди. То 99-дақиқагача ўйинда ҳисоб очилмади. Аммо бундан олдинроқ, 85-дақиқада ҳакам Уэльс дарвозабонига қизил карточка кўрсатди. Хеннесси қарши ҳужумга ўтган Таремини тўхтатиб қолди ва ҳакам уни ўйиндан четлатди. Аарон Ремзининг ўрнига заҳирадаги дарвозабон Дэнни Уорд майдонга тушди. Энди Уэльс терма жамоаси бир ўйинчи кам бўлиб ҳаракат қилади. Эслатиб ўтамиз, ушбу қизил карточка, бу сафарги жаҳон чемпионатида биринчиси ҳисобланади.


99-дақиқага келиб эса ниҳоят ўйинда ҳисоб очилди. Рузбех Чешми Эронни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 0:1. Энди Уэльс терма жамоаси ҳужумга ташланишга мажбур бўлади. Уларда ҳозирча 1 очко бор, аммо бу кам. Аммо жамоа бўлиб ҳужумга ўтиш ҳам хавфли. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари, Уэльс футболчиларида бошқа илож ҳам йўқ аслида. Ҳамма ҳужумга ўтди.

Бироқ 101-дақиқада эронликлар ушбу вазиятдан фойдаланишди ва қарши ҳужумга ўтишди. Таремининг ўзатмасидан сўнг Резаян қойилмақом тарзда тўпни дарвозага йўллади — 0:2! Ўйин тақдири ҳал бўлмоқда. Эрон ўтган турдаги катта ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг плей-оффга чиқиш учун курашга қайтмоқда.


Ушбу гуруҳ доирасида 26 ноябрь кечаси соат 00:00 да АҚШ ва Англия терма жамоалари ўзаро куч синашади. 3-турда эса Эрон АҚШ терма жамоаси билан, Уэльс эса Англия билан тўқнаш келади. Гуруҳда ҳозирги вазиятда Эрон 2-ўринга кўтарилиб олди. Жамоалар имконияти ушбу гуруҳдаги иккинчи жуфтлик баҳсидан сўнг янаям ойдинлашади.

Қатар — Сенегал 1:3

Қатар — Сенегал баҳси Доҳадаги «Ал-Тумама» стадионида, 41 797 нафар мухлис қаршисида бўлиб ўтди. Учрашув бошиданоқ Сенегал фаворит эди, бироқ Қатар ҳам ўзидан кутилган ўйинни кўрсатишга ҳаракат қилди ва ҳаттоки ўзининг ЖЧ тарихидаги илк голини ҳам киритди. Бироқ якунда 1:3 ҳисобида мағлуб бўлишди.


1-таймнинг 41-дақиқасида сенегаллик Булайе Диа ҳисобни очди — 0:1. Ушбу гол тайм якунланишидан олдин Сенегал терма жамоасига ишонч бағишлади.

Шунга бўлса керак, Сенегал терма жамоаси 2-таймнинг бошидаёқ, 49-дақиқада ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди. Заҳирадан майдонга тушган Дьедиу боши билан ажойиб зарба йўллаб дарвозани ишғол қилди. Кейинги дақиқаларда Қатар уйғонгандек бўлди, бир нечта ажойиб вазиятлар яратди, аммо фойдалана олмади. Айрим вазиятларда дарвозабон Эдуард Менди ўз жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди.

Бироқ 79-дақиқага келиб қатарликлар барибир ўз мақсадларига эришишди. Муҳаммад Мунтари бош билан йўллаган зарбаси орқали фарқни қисқартирди — 1:2. Бу қатарликларнинг мундиаллардаги илк голи сифатида тарихга киради.

Хўш, энди Қатар устунлик қиладими ёки сенегалликлар ҳужумга ўтишадими? 84-дақиқада Дьенг Қатар дарвозабони Башамни доғда қолдирди. Сенегал яна ҳаммасини ўз жой-жойига қайтармоқда — 1:3. Ҳакам 2-таймга 6 дақиқа вақт қўшиб берди. Сенегал ушбу ҳисоб хуш келмоқда, ўйин тезлиги пасайди. Ҳакам ўз хуштагини чалди, Сенегал эса 3 очкога эга чиқмоқда.


3-турда Сенегал терма жамоаси Эквадор билан, Қатар эса Нидерландия билан учрашади. Ҳозирги вазиятда Сенегал, Эквадор ва Нидерландия терма жамоаларида 3 очкодан бор. Қатарда эса 0 очко. Айни дамда 2-тур доирасида Нидерландия ва Эквадор куч синашишмоқда.