Ҳукуматнинг 24 ноябрдаги 672-сонли қарори билан статистика маълумотларини тақдим этиш борасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Регламентга кўра, фуқаролар мазкур давлат хизмати доирасида статистика дастури ва фаолиятида юритиладиган статистик таснифлар асосида шакллантириладиган маълумотлар, шунингдек очиқ манбаларда эълон қилинадиган маълумотларни олиши мумкин.

Қуйидагилар эса давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:

  • таркибида давлат сирлари ва қонунчилик билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган, шунингдек индивидуал маълумотларни сўраш;
  • шакллантирилиши статистика дастурида назарда тутилмаган ёки шакллантириш муддати ҳали келмаган статистика маълумотларини сўраш.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади. Олинган статистика маълумотларини тарқатишда (қайта чоп этишда) маълумот олинган манбага мажбурий тартибда ҳавола берилиши шарт.

Тақдим этиладиган ҳар бир статистик маълумотни шакллантириш учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.