Сирдарё вилояти Гулистон тумани халқ таълими бошқармаси 14-мактабнинг 2-синф ўқувчисини мактаб атрофидаги хавфсизлиги тўлиқ бўлмаган трансформатор токи уриши оқибатида шифохонага тушгани айтилган хабарга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 23 ноябрь куни мактабнинг 2-«Б» синф ўқувчиларига режа бўйича 5 соат дарс ўтилиши керак бўлган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун бўлиб ўтаётган малака (амалий) синовларда иштирок этаётгани сабабли ушбу кунги дарслар ихчамлаштирилиб, синф раҳбар Соҳиба Имомова томонидан дарслар ўтиб бўлингач, ўқувчиларга уйларига кетишлари учун жавоб берган.

«Дарси тугагандан сўнг 2-„Б“ синфнинг барча ўқувчилари каби Хасан ва Хусан Абдураҳмановлар уйга йўл олишган. Йўлда улар мактаб ҳудудининг ташқарисида жойлашган электр трансформатор остига кириб қолган кучукни кўриб қолган. Трансформатор пойдевор қисмининг очиқ жойидан Хусан Абдураҳманов қўлини киргазиб кучукни олмоқчи бўлган вақтда электр токи уриши оқибатида бош, қорин, қўл ва оёқ қисмидан тан жароҳати олган», — дейилади хабарда.

Воқеа жойига етиб борган мактаб ўқитувчиси Фурқат Абилов болани чиқариб олган. Мактаб ҳамшираси томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, туман шошилинч тиббий ёрдами ва оиласига хабар берилган. Ҳозирги вақтда туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан муолажалар олиб борилмоқда.