«Китоб қандай тайёрланади?»
Икки нашриёт-матбаа ижодий уйидан репортаж
Ҳамма китобларда бир умумийлик бор: муаллиф ёки таржимон, нашриёт номи, муҳаррирлар жамоаси, саҳифаловчи ва мусаҳҳиҳ кимлиги деярли барида ёзиб қўйилган бўлади. Лекин маҳсулот тайёр ҳолга келгунича унга фақат тўрт-беш кишининг меҳнати сингмайди. Улар «фронт орти» – босмахоналарда исми китобнинг бирор ерида ёзилмайдиган бир неча инсоннинг қўлидан, туганмас жараёнлардан ўтади. «Газета.uz» мухбирлари Зиёда Рамазонова, Мадина Аъзам ва Евгений Сорочин Ўзбекистондаги энг йирик ва узоқ йиллардан бери мавжуд босмахоналардаги иш жараёнини кузатди.

2022 йил август. Пойтахтдаги икки йирик нашриёт — «Шарқ» нашриёт-матба акциядорлик компанияси ва «Ғафур Ғулом» номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахоналарида бўлдик. Шу йилнинг майидан иккисида ҳам аксар адабиётлар чиқарилиши тўла тўхтатилиб, фақат дарсликлар тайёрланаётган экан.

1957 йили «Адабиёт ва санъат нашриёти» номи билан ташкил этилган нашриёт 1966 йили «Ғафур Ғулом»га ўзгартирилган. 2002 йил 10 апрелида аввалдан мавжуд рангли босмахона билан «Ғафур Ғулом» нашриёти бирлашиб, шу номдаги нашриёт-матбаа ижодий уйига айланади. НМИУда бадиий, диний, болалар адабиёти, мактаб дарсликлари ва мактабгача таълимга оид китоблар, қўлланмалар тайёрланган. Нашриёт ўз лойиҳалари қаторида буюртмалар ҳам чоп этади. Талабга қараб турли ёрлиқ, дафтар, журналлар ҳам чиқарилади.
Ўтган йили 100 ёшга тўлган «Шарқ» нашриёти босмахонасида китобдан ташқари республикадаги 60 дан ортиқ газета, бир неча журналлар ҳам босилади.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Китоб босиш жараёнининг босқичлари:
1
Чоп этиш учун таркибни тайёрлаш
2
Монтаж қилиш

3
Босма қолип тайёрлаш

4
Чоп этиш

5
Дафтарчаларга буклаб чиқиш

6
Китоб ҳолида тикиш

7
Муқовалаш

8
Уч томонлама кесиш

9
Қадоқлаш

Чоп этиш учун таркибни тайёрлаш
реклама
реклама
«Шарқ» нашриётида китобларнинг мавзу-йўналишига қараб алоҳида бўлимлар бор: бадиий адабиёт, шеърият, публицистика, спорт, тарихий, фан кабилар.
Таҳририятга келган қўлёзмани энг аввал бош муҳаррир кўради ва йўналишига қараб тегишли муҳаррирга топширади. Муҳаррир матнни ўқийди, тузатади, қисқартиради, савол туғилса, муаллифга боғланади, фикрларини айтиб, биргалашиб меъёрга келтиради.

Кейин компьютерчилар барча ёзувларни бир файлга тўплайди. Техник муҳаррир, сўнг муҳаррир яна қайта ўқийди. Улар тузатган таҳрирларни компьютерчи такроран файлга киргизади. Мусаҳҳиҳга навбат етади, имловий, орфографик хатолари бўлса, тўғрилайди. Охирида бош муҳаррир техник муҳаррир билан қўлёзма қайси форматда, кўринишда чиқиши кераклиги, катта, кичик ёки ихчамми, муҳокама қилиб, келишиб олади. Рассом, дизайнер муқова, сурат, иллюстрация ишлайди ва энг охирида мусаҳҳиҳ саҳифаланган қўлёзмани яна бир марта кўздан ўтказади. Шу билан таҳририят вазифаси ниҳояланади.
Монтаж жараёни
«Ғафур Ғулом» НМИУ. Мусаҳҳиҳлар топширган қўлёзма электрон файл кўринишида монтаж хонасига жўнатилади. Монтаж жараёни шу файлнинг бетларини тўғри жойлаштиришдан иборат. А 2 форматдаги катта қоғоз букланиб, дафтарсимон ҳолатга келганда унинг бетлари кетма-кетликда тушиши учун ҳам бу босқичга жиддий қараш лозим. Монтажчи ҳамма ишини тугатгач, А 14 форматида китобдан кичкина макет чиқариб, бетлар кетма-кетлигини яна бир бор текширади.

Зулхумор Ибрагимова 2003 йилдан бери монтаж билан шуғулланади. Айтишича, бошида китобларнинг бетлари алмашиб қолиши билан боғлиқ кўп хатолар қилган. Аста-секин жараёнга мослашиб, бугун ишини мукаммал ҳолатда бажара олади. Босма қолип тайёрланиши ва китоб чоп этилишидан олдин цехлардаги усталар китобни обдон текширади. Агар монтажга оид бирор камчилик ўтган бўлса, жараён тўхтатилиб, тўғрилаш учун монтажчига олиб чиқилади.
Юқоридаги иккинчи тасвирда шакллар ёнида тиллар номи келтирилган белгилардан мактаб дарсликлари чиқарилаётганда фойдаланилади. Дарсликлар ўзбек, рус, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, туркман, жами 7 тилда чиқади. Одатда, битта дарсликнинг етти тилдаги варианти бир пайтда монтаж хонасига келиб тушиши мумкин. Ҳар қайси тилдаги китоб варақларининг букланадиган қисмида расмда кўрсатилганидек шаклли белгилар бўлади. Масалан, ўзбек тилида айлана, рус тилида тўртбурчак, қирғиз тилида учбурчак. Монтажчи адашиб кетмаслиги, бир тилдаги китоб иккинчисига қўшилиб қолмаслиги учун ушбу белгиларга қараб, тайёрлаётган китобининг барча таркиби айнан бир хилдалигини аниқлаб олади.
Булар фақат дарсликлардагина қўлланади. Юқоридаги биринчи суратдаги китобнинг таркиби ўзбек тилида, аммо белги рус тилига тегишли бўлган тўртбурчак шаклда. Тўртбурчак белгисининг вазифаси мактаб дарсликларидан бошқа адабиётларда ўзгариб кетади.

Таркиби 100 бетдан ошиқ, ҳажми катта китобларни тикиш осон бўлиши учун ҳар 10 ёки 12 бетдан кичкина дафтарчалар ҳосил қилинади. Умумий ҳисобда 5, 8 ёки дейлик, 10 та шундай дафтарча ҳосил бўлганда бирин-кетин қўйилиб, ҳаммаси бир қилиб тикилади. Айнан тўртбурчак белгисидан дафтарчалар тўғри кетма-кетликда қўйилганини аниқлашда фойдаланилади. Ҳамма дафтарчалар йиғилганда тўртбурчак шакллар зинапоясимон кўриниш ҳосил қилади. Айтайлик, ўртадаги қайсидир бир қисм тушиб ёки алмашиб қолса, зиналардаги кетма-кетлик бузилади. Бу яққол билинади. Биргина шу белги сабаб қоғоз, ранг ва меҳнат исроф бўлишининг олди олинади.
Босма қолип — форма тайёрлаш
Китоб босиш машинаси айнан босма қолипдан нусха олиб, китобларни чиқаради. Монтаж хонасида охирги босқичи якунланган хомаки нусха махсус текис металл (тунука)га туширилади. Қолиплар 8, 16, 32 улушли бўлиши мумкин. 8 улушлида қолипнинг бир томонида 8, бошқасида яна 8, жами 16 бет китоб таркиби туширилади. Қолган улушлилар ҳам худди шу тартибда тайёрланади. Бир китобнинг ҳар 16/32/64 бети учун янги босма қолиплар тайёрланади.
Қолипда фақат тўртта ранг: кўк, қизил, қора ва сариқдан фойдаланилади. Германиядан келтирилган «СтП» ускунасидан олинган форма махсус иссиқ машинага қўйиб куйдирилади. Бу жараён форманинг чидамлилигини оширади. Ундан олингач, совитилади ва махсус қўлқоплар ёрдамида кислоталанади. Босма қолип ушбу жараёнда 40 дақиқа тургач, уни сувда ювиш бошланади. Аслида тайёр макет «СтП» ускунасида металлга туширилганда унинг юзаси тўла кўк ранг билан қопланади. Ювилгани сари кўки кетиб, усти очилиб, ёзувлар кўрина бошлайди.

«Ғафур Ғулом»да тайёрланадиган битта қолипнинг чидамлилиги 70–80 минг ададга етади. Ушбу миқдордан ортиқ китоблар учун бошқа босма қолип тайёрланади. Қолиплар устидаги жараён ниҳоялангач, улар «Китоб босиш» цехига жўнатилади.
Тайёр босма қолип. «Ғафур Ғулом» НМИУ.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Энг оғриқли муаммо — қоғоз қимматлашаётгани

Икки босмахонада ҳам китоб учун қоғоз ва бўёқлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Қоғозлар Россия ва бошқа чет давлатлардан, бўёқлар эса Германия, Хитой, Туркиядан келади. Сайқалли, совғабоп, миниатюрали китоблар учун Австрия, Хитой, Қозоғистон, Венгриядан ҳам қоғозлар келтирилади. Босмахоналарнинг қоғоз ва бўёқ билан шуғулланадиган махсус бўлимлари бор. Уларнинг ходимлари шароит ва имкониятга қараб ҳамкор компаниялар билан давомий шартномалар тузишади. Одатда, бир йиллик захира аввалдан ғамлангани учун йилнинг қайсидир қисмида қоғоз тугаб қолиш эҳтимоли паст.

Аммо «Шарқ» нашриёти бош муҳаррири захираларга қарамай қоғоз етишмовчилиги борлиги, ноширлик боши берк кўчага кираётганини айтади. Сабаби Россия–Украина ўртасидаги можаро билан боғлиқ.
Россиядаги жуда кўп қоғоз ишлаб чиқарувчи фабрика, корхоналар тўхтаб қолган. Уларнинг эгалари чет элликлар экан. Уруш бошлангандан кейин ишни йиғиштириб, кетиб қолишган. Шу кунларда Хитой ёки бошқа жойлардан келтиряпмиз. Ҳозир ноширчиликда вазият сал тарангроқ, чунки Россия билан доимий ҳамкорлигимиз бўлган
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири

Қоғоз танлашнинг қоидаси борми?

«Шарқ» нашриёти бош муҳаррирининг айтишича, бу ҳам умумий бозор қоидаларига ўхшайди: аввал нархига, кейин рангига қаралади. Синовдан ўтолсагина керакли миқдорда сотиб олинади.

Китобнинг қандай қоғозда бўлиши буюртмачи билан келишиб олинади. Аудиторияси, мавзу ва мақсадига қараб «оддий», «меловенный», «миниатюрали», сариқ, оқ қоғозлар танланади.

Кичик принтерларда одатда кўпчилик ишлатадиган қоғозлардан фойдаланиб бўлмайди, йиртилиб кетиши, бир тарафидаги ёзув иккинчи томонида кўриниши мумкин. Лекин «Шарқ» нашриёти бош муҳаррирининг таъкидлашича, ҳамма босмахона ҳам бу қоидага амал қилавермас экан.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳозир ҳар хил – хусусий, оилавий, шахсий босмахоналар очиляпти. Китобларни ўғирлаб, яширинча босишлар кўпайди. Уларга қоғоз сифатининг аҳамияти йўқ. Энг арзон, энг юпқа, ҳатто босилганда орқа томони ҳам кўринадиганида чоп этиб, «Қуёшли» бозорига шундоқ кўтариб борадиган замонлар келди. Босмахонамизда бирор марта бунақа китоблар чиқмаган
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири
Мактаб дарсликларига қоғоз борасида алоҳида талаблар бор. Оқлиги
84 фоиздан кам бўлмаган, оғирлиги 60 граммдан 80 граммгача бўлган офсет босма қоғозларидан фойдаланиш мумкин. Китоб оғирлашиб, ўқувчини эзиб қўймаслиги керак.

Бадиий адабиётларда эса буюртмачи хоҳишига қараб, ўқиганда кўзни толиқтирмаслиги учун сарғишроқ қоғозлардан фойдаланилади.
Чоп этиш жараёни
Уста Муҳаммадазиз Тошкент шаҳар ноширлик-матбаа коллежида ўқиган. 12 йилдан бери «Шарқ» босмахонасида ишлайди. Нашрдан чиқаётган маҳсулотнинг сифатига қараш, техникаларнинг тўғри ишлаш-ишламаслигини назорат қилиш, ёрдамчиларининг соғлиғи ва хавфсизлигига жавоб беради. Уста жараён ҳақида батафсил сўзлади.
Жавонларда А 2 форматдаги қоғозлар тайёрлаб қўйилган. Улар оғир юкларга мўлжалланган махсус аравада ускунага қўйилади. Арава 2 минг 800 килоли юкни кўтара олади. Битта жавонга 10500 дона қоғоз сиғади. Германиядан келтирилган «Рапида» номли босма дастгоҳ қоғозни автоматик санайди, рақамлар экранда ўша заҳоти кўринади. Махсус тугмача босилгач, қоғозлар юқорига кўтарилади ва яна бир тугмани босиб «Рапида» ишга туширилади.
«Ғафур Ғулом» НМИУдаги китоб босиш жараёни.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Қоғоз цилиндрлар орасидан ўтади. Цилиндрлардан бирига босма қолип ўрнатиб қўйилган. Идишларга солиб қўйилган бўёқлар босма қолипга автоматик берилади. Бўёқ берилган цилиндр ва босувчи цилиндр орасидан оқ қоғоз ўтиб, боcма қолипдаги шаклни ўзига олади.

Ускунада тўртта рангли бўлим бор. Оқ қоғоз сариқ, қизил, кўк ва охирида қора рангли бўлимдан кетма-кетликда ўтади. Натижада А 2 форматдаги қоғозда китобнинг 8 бети босмадан чиқади.
Китоб босиш жараёнида усталардан диққатли бўлиш талаб этилади. Қоғоз машинага қийшиқ ёки нотўғри келиб қолган пайтда уста уларни олиб ташлаши керак.

Энг охирида эса тайёр маҳсулот қабул қилиб олинади. Уста ва унинг ёрдамчилари ора-орада машинани ўчириб цилиндрларни тозалаб туради. Акс ҳолда цилиндрларга бўёқ тегаверганидан ранг қатлами кўпайиб, ишни қийинлаштириши мумкин.
реклама
реклама
Усталар босмадан чиқаётган қоғозларнинг сифатини текшириш учун ҳар-ҳар замонда чап тарафдаги назорат бурчагига олиб туришади. Ранглар, ҳарфлар ва бошқа кўп унсурлар синчковлик билан назоратдан ўтказилади.

«Бу “шкала” дейилади. Тўртта ранги бор: сариқ, қизил, кўк ва қора. Шу ранглар билан босмадан чиққан қоғоздаги рангларни солиштирамиз. Уларнинг бир хиллигига эътибор берамиз. Айрим пайтлар босмада “шкала”даги ранг меъёридан кам ёки кўп бериб қолиниши мумкин. Агар шундай камчилик бўлса, қўшув (+) ёки айирув (-) тугмачалари орқали рангни камайтириб ё кўпайтириб қўямиз», – дейди уста Муҳаммадазиз.
Бу билан нашр жараёни ниҳояланмайди. Қоғозларнинг орқа тарафига ҳам навбатдаги бетлар босилиши керак. А 2 форматдаги катта қоғознинг бир тарафида 8 бет тайёр бўлса, иккинчи тарафида яна 8 бет босилади. Ярим тайёр қоғозлар оғир юклар ташиш учун мўлжалланган махсус аравада машинанинг бошига олиб борилади ва юқоридаги жараёнлар қайталанади. Шу билан бир китобнинг 16 бети битта қоғозда босилади.

А 2 форматдаги қоғознинг бир марта босмадан чиққан шакли. «Шарқ» НМАК.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Китобларга қоғоз ва ранг жиҳатдан яроқлилик муддати қўйиладими?

Уста Муҳаммадазизнинг таъкидлашича, китобга ҳеч қачон маълум сақлаш муддати берилмайди. Агар яхши эътибор бериб, эҳтиёт қилинса, 10-15 йил ўзгармай, сифати бузилмай туради.

Ходимлар қоғоз ва ранг ҳиди, чангдан қандай ҳимояланишади?

Устанинг айтишича, иш орасида тинч жойда дам олишлари ва сут-қатиқ ичишлари мумкин. Лекин икки нашриёт ҳам ходимларини сут-қатиқ маҳсулотлари билан таъминламас экан. Ходимлар кераклисини ўз ҳисобидан сотиб олишаркан.
Сут-қатиқ совет даврида бўлган-да. Ҳозир бунга биров аҳамият бермайди. Ҳаммаси молиявийга ўтказиб юборилган. Кўпнинг эҳтиёжи ҳам йўқ. Иш 8 соат давом этади, холос. Ходимларнинг ўзи ҳам пулга чаққан ҳолда олишмайди. Ойлиги кўпроқ тушиб, уйига олиб боргиси келади
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири
«Ғафур Ғулом» НМИУ босмахона ходимлари ошхонаси. Улар тушликларини ўзлари билан олиб келишади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
«Ғафур Ғулом» вакиллари эса аниқ бир жавоб айтишмади. Аввалига ССВ вакиллари келиб текширганда қоғоз кесиш, муқоваларни плёнка билан қоплаш, картон кесиш фабрикаларида ходимларнинг соғлиғига зарар етиш эҳтимоли бор деб хулосага келинса, ҳар куни ярим литрдан сут берилишини айтиб, бироздан кейин бу босмахонанинг ички иши эканини таъкидлаб, тўлиқ маълумот беришмади.

Яроқсиз маҳсулот ва хатолар қандай аниқланади?

Китоб бетлари босмадан чиққандан кейин 24 соатдан кўпроқ айнан ўша хона ёки цехда туради. Бу вақтда қоғознинг намлик даражаси муҳитга мослашади ва сифатли бўлади, кейинги дастгоҳлардан ҳам яхши ўтади.
Китоблар босишдан кейинги жараён – буклашга борганда қоғознинг ранглари яхши қотмаган бўлса, ҳарфлар бир ерда тўпланиб қолиши, суркалиши ва маҳсулот яроқсиз бўлиши ҳеч гапмас. Муқовасига қараб ярим ёки бир кун жойидан қўзғатмай қўйиш керак
Фахриддин Абдуазимов
«Ғафур Ғулом» нашриёти ишлаб чиқариш
бўлими бошлиғи
«Ғафур Ғулом» НМИУ.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Ранг ўйнаб, ҳарфлар нотўғри кетганда техник чиқиндилар учун китоблар ададига қараб буюртмачилар ортиқча қоғоз ажратади. Масалан, минг ададга 100 та ёки келишувга кўра бошқа миқдорларда.

«Шарқ»да 10 йилдан бери ишлаётган машинистлардан бири нашр жараёнида жиддийроқ хато ўтган воқеани ёдга олади:

«6-7 йил аввал жисмоний тарбия дарсликларини чиқараётганда каттароқ хато аниқланганди. Айнан нималиги эсимда йўғу, таҳририятдагиларнинг хатоси эди. Биз камчиликни билганимизда дарсликни 40 минг нусхада чиқариб бўлгандик. Табиийки, маҳсулотни шундайлигича топшириб бўлмайди, қайтадан нашр қилганмиз. Бунча катта миқдордаги хатога техник чиқинди учун ажратилган қоғозлар етмаган, кемага тушганнинг жони бир деб, зарарини қоплаш бутун жамоанинг бўйнига тушганди», – дейди у.
Нашрдан чиққан варақлар назорат бўлимига ўтади. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёнида рангларнинг меъёрда бўлгани, бирор жойига суркалиб кетмагани, умумий сифати синчковлик билан текширилади. Агар камчиликлар аниқланса, яроқсизга чиқарилади. Тираж қанча катта бўлса, яроқсизга чиқадиган қисм ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Буклаш, тикиш, муқовалаш ва уч томонлама кесиш жараёни
«Шарқ» босмахонаси, буклаш цехи. Бу ерда нашрдан чиққан қоғозлар дафтарларга ажратилади. Масалан, китобнинг ҳар 10 ёки 12 бети битта умумий дафтар қилиб букланади. Адашиб кетмаслик чораси аввалбошданоқ кўрилган. Дастлабки босқич – монтаж жараёнида ҳар 10 ёки 12 бетда кетма-кет рақамлар ёки турли шаклдаги белгилар қўйилган. Букловчи ходимлар дафтарларнинг бет бўйича кетма-кетлигини шунга қараб аниқлашади. Масалан, 12-бетгача бир рақами, 24-бетгача икки рақами ва шу тарзда давом этади.

Цехда бешта букловчи машина бўлиб, уларнинг ҳар бирига биттадан рақам остидаги дафтарлар чиқади. Масалан, биринчи машинада фақат бир рақами, тўртинчисида эса фақат тўрт рақамидаги дафтарлар. Бу таркибнинг аралашиб кетмаслиги учун энг тўғри йўл.
Барча дафтарчалар буклангач, қоғоз тўпловчи ускунага (листоподборка)га жўнатилади. Германиядан олиб келинган «Ҳарисон» машинасининг алоҳида бўлмачалари (магазинлари) бор. Айнан шу бўлмачаларга дафтарлар бетлари тўғри келадиган ҳолда кетма-кетликда қўйиб чиқилса бас. Машинанинг ўзи уларни ўша тартибда териб олиб, тикиб беради.

«Ҳарисон» автоматлаштирилган. Унга китобнинг умумий таркиби нечта дафтардан иборатлиги киритилса, ўша миқдордан кейин бошқа бўлмачалардаги дафтарларни олмайди. Жараён ниҳоялангач, назорат бўлимидагилар яна бир бор кетма-кетлик бузилмаганини текшириб чиқади. Агар камчилик чиқса, ўша китобнинг иплари сўкилиб қайтадан тикилади. Лекин бундай ҳоллар камдан-кам кузатилади.
43 ёшли машинист Зайтуна Қурбонбоева 25 йилдан бери шу босмахонада ишлайди. Ноширлик-матбаа коллежида ўқиган. Зайтуна опа оилавий касбни давом эттираётганлардан, ундан аввал аммалари ҳам шу ерда ишлашган. Айни мавсум пайти ҳафтада 7 кун ишлайди. Иш вақти эса ўзининг хоҳишига кўра, 8 соатдан ҳам ошиб кетди, масалан, 12 соатга. Бунинг учун у алоҳида ҳақ олади.

Китоб чиқариш учун қанча одамлар заҳмат чекиб, машиналарнинг шовқини, қоғозларнинг чанги, бўёқларнинг ҳидида 12 соатлаб тик оёқда ишлашини билган, айни ўзи шу жараённинг ичида бўлган Зайтуна опа фарзандларига китобни авайлаш кераклигини ҳар куни эслатади.
Зайтуна Қурбонбоева.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Cентябрь ойида мактабда янги синфни бошлаган полапонларимга берилган дарсликларни йиртилган, чизилган, букланган ҳолатда кўриб ичим ачийди. Меҳнатинг қадрсизланиши оғир-да. Шунинг учун босмахона ходимларининг ишлаш жараёнини кўпроқ мактаб ўқувчиларига кўрсатиш, бохабар қилиш керак деб ҳисоблайман. Шунда китобни авайлашлари, қадрлашлари мумкин, – дейди у.
Зайтуна опа ўзи чиқарган китобларини кўп ўқийди, фарзандларига ҳам ўқиб беради. Даромади мавсумга қараб ўзгаради. Баҳор-ёз пайтлари 6 миллион сўмгача, мавсум тугагандан кейин икки миллиондан ошиқроқ олади. Ундан машиналар шовқини, ранг ва қоғоз ҳидидаги чарчоқдан қандай ҳимояланишларини сўрадим.

«Ҳеч нарса қилмаймиз. Масалан, чанг ва ҳид учун ниқоб тақиш керак, шовқинда эса қулоқчин. Ўрганиб кетганимиз учун бўлса керак, бундай қилмаймиз. Ишимнинг соғлиғимизга таъсирини кўрмаганман», – деб жавоб берди у.

Икки босмахонадаги дафтарчалар тикувчи машиналарнинг ҳаммаси ҳам автомат эмас. 1996 йили олиб келинган яримавтомат «Никкешвейр» ускуналари ҳам бор. Эътиборли жиҳати, унда ишлайдиган ходимлар «никкешвейрчилар» дея табассум билан тилган олинаркан.
Гўзал Мирҳодиева.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
45 ёшли Гўзал Мирҳодиева «Шарқ»да 15 йилдан бери ишлайди. У ҳам ноширлик-матбаа коллежини битириб фаолиятини бошлаган. Гўзал опанинг “Никкешвейр”ида ғалтакли иплар асосий қурол. Иш бошланишидан олдин иплар керакли ўринларига қўйилади. Тўртта ип иккита махсус тешиклардан ўтказиб, игнага ўтказилади. Китоб қайси форматда чиқишига қараб, махсус тугмача босилади ва тикиш жараёни бошланади. Ғалтакли иплар тикиш пайти кўп марта узилиб қолиши мумкин. Бундай пайтда машинистлар ипни игнадан қайта ўтказишига тўғри келади.

Ушбу яримавтомат машинага тўққизта дафтарча қўйилгандан кейин навбатдаги дафтарларни тикиб юбормаслиги учун орада битта бўш жой қолдирилади.

Гўзал Мирҳодиева ҳозирги мавсумда ҳафтада 7 кун, 12 соатдан ишлаяпти. Иш кўпроқ бўлган пайтда 3-3,5, камроқ бўлгандан эса 1-1,5 миллион сўм атрофида маош олади.

— Ишингиз қийинроқ экан, а?
— «роғ»ини олиб ташлайверинг, яхшигина қийин.
— Оёқ таги зах эмасми? Қишда совуқ ўтмайдими?
— Қийналамиз, совуқ... Иситиш батарейкалари бор. Оёқни иссиқ ўраймиз, лекин шундаям нам ўтаверади. Доимий қоғозга қарайвергандан кўзимиз, деярли бутун кун давомида тик оёқда бўлгандан оёқларимиз чарчайди.
Яримавтомат ва автомат машинанинг чиқарадиган маҳсулотлари сифат жиҳатдан бир хил бўлса-да, сонда фарқ қилади. Яримавтомат бир кунда кўпи билан 2 мингта, автомат эса 8 минг, 10 мингтагача дафтар тика олади. Ходимларнинг маоши ишбай ташкиллаштирилганига эса бу миқдор таъсир кўрсатмайди. Автомат ва яримавтомат машинада фаолият олиб борадиган ходимлар учун сон борасида алоҳида нормалар белгиланган. Цех бошлиғи Омон Холмуродовнинг таъкидлашича, машиналарни тўла автоматлаштириш бўйича анчадан бери ҳаракатлар олиб боришмоқда. Яқинда яна 2 та автомат машинаси олиб келинади.
Босмахонадаги ишни назорат қилиш учун махсус кичкина жадвалчада ким қайси жараён: териш, тикиш, муқовалаш, кесиш, қадоқлашни бажаргани ёзиб қўйилади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».
2015 йили Италиядан олиб келинган «Астерел» номли машинада муқовалаш ишлари қилинади. Унинг ҳам иккита бўлмаси бор. Бирига китоб, бошқасига муқова қўйилади. Автоматлаштирилган машина эса иккисини бирин-кетин олиб, елимлаб муқовалайди. Кейин эса китоблар уч тарафидан бир хил ўлчамда кесилиб, шаклнинг бир хиллиги таъминланади. Шу билан китоб тайёр бўлади.
Қадоқлаш жараёни
Китобнинг босмахонада энг охирги манзили – қадоқлаш жараёни. Ўн йилдан бери «Шарқ» босмахонасида фаолият олиб бораётган 51 ёшли Умида опанинг ишини кузатдик. Даставвал қадоқ қоғози олинади, тайёр китобларнинг тўрттаси чап, тўрттаси ўнг томонга қаратиб қўйилади. Шундай қилинса, қадоқ тўртбурчак шаклга кириб текис бўлади, елимлари эзилиб, қийшайиб, букланиб қолмайди. Битта қадоқда 16 та китоб бўлади. Жараён тугагандан кейин ҳам назорат бўлими қадоқнинг ичида 16 та китоб тўлалигини яна бир бор текширади. Камчиликлар топилса, шу ернинг ўзида тўғриланади.
Қадоқ ичида китоблар сифатини сақлаш мақсадида китобларнинг устига бир яримта қалин, жигарранг тусдаги қоғоз қўйилади, кейин остидаги қоғоз тўрт тарафдан букланиб, махсус иплар билан боғланади. Қоғозни доимий равишда ушлаганда қўл қуриб қолмаслиги учун глицериндан фойдаланилади. Умида опанинг глицеринга аллергияси борлиги учун оддий сувни ишлатади.

Охирида эса елим билан махсус ёрлиқлар ёпиштирилади. Унда ҳар бир қадоқнинг ичидаги китоб номи, сони, бир донасининг оғирлиги, буюртма рақами, буюртма берувчи ташкилот ёки шахснинг номи ёзиб қўйилади. Ушбу цехда 3-4 қадоқловчи ишлайди. Биттаси бир кунда 500-600 тагача қадоқ тайёрлаши мумкин.
«Шарқ» НМАК.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Умида опадан қишу ёзда об-ҳаво ўзгарган пайтларда ичкаридаги ҳарорат қандай бўлишини сўрадим.

«Қишда иситувчи батареялар бор. Умумий кондиционердан эса ёзда иссиқ, қишда салқин ҳаво келади. Цех жудаям катта бўлгани учун ҳамма тарафга ҳам ҳаво бирдек бормайди. Шу сабаб ўзимиз мана бундай қўлбола кондиционерчаларни умумий тармоққа улаб олганмиз», – дея тепадаги картонга ишора қилди.

Барча жараёнлардан ўтиб қадоқланган тайёр китоб дарҳол буюртмачига тақдим этилмайди. Босмахонанинг ўзида уч кун туради. Бу муддатда улар янада қотиб, мустаҳкамланади.
Авваллари ноширларнинг ўзаро суҳбатлари бўларди. У ерда янги чиққан китобни деворга қараб отишарди. Агар отилган китоб сочилиб кетса, чиқаришга масъул бўлган одам мукофот пулидан маҳрум этиларди. Сифатни бош мезонга қўйган ана шундай устозлардан кўриб биз ҳам тоза ишлашни ўзимизга касб қилганмиз. Биздан чиққан нарса эртага қийшайиб қолса, ҳам нашриётнинг, ҳам босмахонанинг номига доғ дегани бу. «Шарқ»да чиқадиган китоб ҳам тикилади, ҳам елимланади. Ҳозир кўп нашриётлар ё унисини қилади, ё бунисини. Шунинг учун кўнглимиз тўқ
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири
Дарвоқе, уч томонлама кесишда чиққан қирқимлар тепадан ўтган қувурларга ҳаво ёрдамида кўтарилади ва ташқаридаги бошқа бир омборхонага бориб тушади. Ҳаво босими жуда катта эмас, лекин қоғозни тортишга етади. Келган қоғозлар қувурлардан «туппа» бўлиб тушади ва махсус машина ёрдамида зичланади. Уларни эса китоб буюртмачилари олиб кетади. Зичланган қоғозлардан қоғоз сочиқ, ҳожатхона қоғози ёки бошқа маҳсулотлар тайёрлаш мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнида яроқсизланган қоғозлар ҳам буюртмачиларга шу тартибда бериб юборилади.
42 ёшли Баҳодир Раҳимжонов «Шарқ»да 20 йилдан бери қоғоз зичлаш вазифасини бажаради.

Арава ёрдамида тайёр «пресс»ларни «Фара» машинасига ортади ва етказиб бериш учун ташқарига олиб чиқади. Баҳодир аканинг ота-онаси 50 йил «Шарқ» босмахонасида меҳнат қилган, шу ерда танишиб, турмуш қуришган. Эндиликда у ҳам китоб тайёрлаш жараёнига ҳиссасини қўшмоқда.

Қандай қилиб босмахона ходими бўлиш мумкин?

Ноширлик-матбаа коллежи (ҳозирда техникум), Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти матбаа технологияси факультетини битириб ёки малакали мутахассисларга маълум муддат шогирд тушиб, босмахоналарда ишлаш мумкин. Икки босмахонада ҳам устоз-шогирдлик анъанаси мавжуд, янги келган ходим тажрибали мутахассисларга уч ой давомида шогирд тушади, ўрганиш баробарида меҳнати учун ҳақ ҳам олади.
Кўчадан келган заҳоти ҳеч кимни китоб чиқариш ёки бошқа жараёнларга қўймаймиз. Хатолар китобларда яққол билинади, уларни беркитиш қийин. Яна касбга қизиқиши, муҳаббати бўлмаса, ишини севмаса, бу ерда узоқ қололмайди. Тан оламизми-йўқми, цехнинг шароити — барибир оғир. Ҳавоси, машинанинг тақар-туқури, қоғозлар чанг, ранг ҳиди бор. Ҳамма ҳам рози бўлавермайди. Боболари, оталари ёки бошқа яқин қариндошларидан кейин ворислик анъаналарини сақлаб, ишлашда давом этишяпти. Балки болаликданоқ жараённи кўриб, кўзлари қотганидан ҳали ҳам шу жойда ишлашар
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири

Китобларнинг нархи нималардан келиб чиқиб белгиланади?

Китоблар адади қанча кўп бўлса, нарх шунча арзонлашади, кам бўлса, аксинча. Гап шундаки, ҳар бир китоб учун тайёрланадиган форма юз нусхадаги китобга ҳам, юз минг нусхадагига ҳам бирдек ишлаб чиқилади. Битта форма 70-80, баъзан эса 100-120 минг тиражга етади. Форма тайёрлашда ишлатиладиган металл Россиядан келтирилишининг ҳисобига, китоб адади кам бўлса, умумий сумма қимматга тушиб кетади.
120 минг тиражга етадиган нарсани биз ҳозир 1000 донагагина ишлатамиз. Пулга чақсак, ўшанинг нархи 120 баробар қимматга тушади дегани бу. Масалан, Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат» китоби 1000 ададда чиқса, донаси 40 минг сўмга, 10 минг ададда бўлса, тахминан, 25 минг сўмга тушиши, 500 ададда чиқса, 60 минг сўмга кўтарилиб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун кўп нашриётлар каттароқ тиражга манфаатдор бўлади. Ададлар эса ёзувчи ёки буюртмачининг хоҳишига қараб бўлади, ҳар доим ҳам катта тиражга уларнинг имкониятлари етавермайди
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири
«Ғафур Ғулом» НМИУ.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Аҳрор Аҳмедовнинг хулосаларига кўра, пандемиядан кейин одамлар кам китоб сотиб олмоқда. Шунинг ҳисобига нашриёту, босмахоналар кўп ададда китоб чиқариб таваккал қилмаяпти. Чиқарилсаю, сотилмаса, яна нашриётнинг бошида калтак синади.
Шароит ёки эҳтиёж йўқми, ҳарҳолда, китоблар кам чиқмоқда. Ўзимча ўйлайман, пандемия китобхонлик даражамизни жуда тез суръатда туширди-ёв. Кўпимиз иқтисодий қийинчиликлар билан чиқдик, руҳий талафотлари эса китобларни аввалгидек ташна бўлиб ўқишга қўймаяпти. «Шарқ зиёкори» дўконидан савдони текшириб тураман. Кунлик сотувлар анчайин тушиб кетган. Одам келмаса, нима қилай, дейди сотувчилар. Одам келмаса, ўзинг бор, дейман. Имкон қадар тарғиб қилишга ҳаракат қиляпмиз, лекин барибир олдингилардан кам
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири
Яна қўшимча қилишича, қоғоз ва бўёқларнинг қимматлагани ва 2019 йилиа ноширчилик билан шуғулланувчиларга 15 фоизли қўшимча қиймат солиғи қўшилгани ҳам китоб нархини оширяпти.
реклама
реклама
Ҳозир Ўзбекистонда беш минг нусха китоб чиқарадиган нашриёт йўқ ҳисоб. Уч-икки минг ёки минг бўлади одатда. Таниқли, маҳоратли устозларники ҳам шундай. Каттароқ нусхада чиқарсангиз, кетади, аммо жуда кам миқдорда. 3 йилда ҳаммаси сотилиб тугаши мумкин, бу сарфланган харажат 3 йилда қайтиб келади дегани. Ноширчиликда бундай натижа ўзини оқламайди, китоб бир йил ичида сотилиб бўлиши керак
Аҳрор Аҳмедов
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррири

Чоп этилган китоблар сотилмай қолса...

Босмахоналар фаолияти нашриёт билан бевосита боғлиқ ва зарарга киргандан ҳам бутун фаолият эмас, маълум нуқтагина зиён кўриши мумкин. Масалан, китоблар сотилмаганда. Баъзан буюртмачилар китоб тайёр бўлгандан кейин олишдан бош тортши ҳам мумкин. Бундай пайтда босмахоналарнинг ўзи китобларни арзон нархларда сотувга чиқаради.

«Шарқ» бош муҳаррирининг таъкидлашича, зарарга кирган пайтларда уларга ҳеч ким ёрдам бермайди. Баъзан банкдан маълум муддатга, қанчадир фоизли кредит олишлари, ҳукуматдан субсидиялар сўрашлари мумкин.

Инқирозли вазиятларда босмахона ходимларининг маошига таъсир кўрсатмасликка ҳаракат қилинади. “Шарқ” бош муҳаррири «Виждонан олиб қараганда, ходимларнинг ойлигига бу ҳолатлар таъсир кўрсатмаслиги керак. Улар жиноят қилмаган-ку, барибир китоб чиққан ва у сотилади деймиз” деган бўлса, «Ғафур Ғулом» вакили зарарлар учун корхона балансидан ишлатилиши, ҳеч кимнинг маошига таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади.
Улар босмахоналар даромади камайиб кетганда биринчи навбатда давлат, кейин эса хусусий буюртмаларни кўпайтириш керак деб ҳисоблайди.

Давлат босмахоналари ёпилиши мумкинми?

Суҳбатдошларимизнинг таъкидлашича, китоблар ёзилар экан, босмахоналар фаолияти давом этаверади. Китоб ўқиш учун интернет ёки мобил техникалар қанчалик кўп бўлмасин, қоғоз китобга бўлган талаб йўқолмайди.
«Шарқ» нашриёти бош муҳаррирининг фикрича, нимадир маҳсулот етишмаса, уни олиб келиш мумкин. Ёпилиш эҳтимоли юзага келганда ҳам аввало калаванинг энг бошига ўтиш керак.
«Агар бунинг сабаби китобнинг сотилмай қолиши бўлса, демак, ҳамма айб нашриётда. Улар яхши китобни танламаган, сифатли чиқармаган ёки ўқувчи аудиториясини олдиндан белгилай олмаган. Босмахона эса шунчаки ижрочи. Бу ерда ҳамма савол нашриётга тушиши керак. «Шарқ» нашриёти ҳам, босмахонаси ҳам тўхтаб қолмайди. Ҳаёт тўхтаса, босмахоналар ҳам тўхтаб қолиши мумкин», – дейди у.
«Шарқ» ва «Ғафур Ғулом»дан чиқиб кетарканмиз Аҳрор Аҳмедовнинг қуйидаги таърифи қулоғимиз остида жаранглаверди: «Китоб борки, босмахона ишлайди. Босмахонадаги шақ-шуқ овоз мен учун энг гўзал қўшиқ. У ҳаётнинг тез ва шиддат билан ўтаётганини кўрсатади. Шундай пайтларда қилаётган ишимдан завқланаман».
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифлари: Мадина Аъзам, Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг