24 ноябрь куни ҳамда 25 ноябрь кечаси ЖЧ-2022`нинг навбатдаги иккита учрашуви бўлиб ўтди. H гуруҳидан жой олган Португалия — Гана баҳсида 3:2 ҳисобида португалияликларнинг қўли баланд келди. G гуруҳидаги Бразилия — Сербия қарама-қаршилида эса «пентакампеонлар» ғалаба қозонди — ҳисоб 2:0.

Португалия — Гана 3:2

Португалия — Гана баҳси Доҳадаги «974» стадионида бўлиб ўтди. Уйинни томоша қилиш учун стадионга 42 662 мухлис ташриф буюрди. Баҳс давомида Гана терма жамоаси ҳисоб бўйича португалияликларнинг «ортидан қувувчи» ролида ҳаракат қилишди.

1-тайм голларсиз ўтди. Айнан шу сабабга кўра, кўпчилик ушбу учрашувнинг минимал ҳисобда якунланишини кутаётган эди. Аммо биз 2-таймда бешта гол кўрдик. Ҳақиқий голлар ёмғири.

62-дақиқада Криштиану Роналду Гана жарима майдончасига кириб келди ва пеналти ишлаб олди. Зарбани ҳам ўзи йўллади — ҳар доимгидек қойилмақом ижро, ўйинда ҳисоб очилди — 1:0! Ушбу голдан кейин Роналду Португалия сафида Жаҳон чемпионатларида гол киритган энг ёш ҳамда энг қари футболчига айланди. У бир пайтлар 2006 йилги мундиалда ўзининг ЖЧ`даги илк голини киритган эди. Шунингдек, Роналду ўзининг ҳисобига яна битта рекорд натижани ёздириб қўйди — у кетма-кет бешта ЖЧ`да гол киритган ягона футболчига айланди. Роналду бор жойда рекордлар янгиланади.


Бироқ португалияликларнинг қувончи узоққа чўзилмади. 73-дақиқада Андре Айю ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Ушбу голнинг киритилишида «Аякс» клуби футболчиси Муҳаммад Кудуснинг ҳиссаси катта бўлди, Айю шунчаки очиқ қолган дарвозани ишғол қилди. Аммо португалияликлар ҳам ушбу голга тезкор жавоб қайтаришди. 78-дақиқада Жоао Феликс Португалияни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 2:1.

Яна икки дақиқа ўтиб яқиндагина заҳирадан майдонга тушган Рафаэль Леау Португалиянинг ушбу ўйиндаги учинчи голини киритди. Ажойиб зарба — 3:1. Эътироф этиб ўтиш керакки, Феликснинг ҳам, Леаунинг ҳам голида Бруну Фернандешнинг роли катта бўлди. Иккала вазиятда ҳам Бруну жамоадошларини жуда қулай позицияга олиб чиқди, ажойиб паслар.

Гана терма жамоаси доимо ўзининг характери билан ажралиб турган. Ушбу ўйинда ҳам улар таслим бўлишни хоҳлашмади. 89-дақиқада Букари боши билан зарба берди ва ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди. Гана энди ҳам бор кучини ҳужумга қаратиши лозим. Ҳакам 2-таймга 9 дақиқа қўшиб берди. Ажойиб! Қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида Гана ҳисобни тенглаштиришига бир баҳя қолганди. Бироқ ҳисоб ўзгармади. Баҳс Португалиянинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

Аввалроқ ушбу гуруҳдан жой олган Уругвай — Жанубий Корея баҳсида 0:0 ҳисоби қайд этилган эди. Демак, H гуруҳида айни дамда Португалия пешқадам. 2-турда португалияликлар Уругвай терма жамоаси билан тўқнаш келишади, Гана эса Жанубий Корея терма жамоаси билан куч синашади.

Бразилия — Сербия 2:0

Бразилия — Сербия учрашуви Лусаил шаҳридаги Lusail Iconic Stadium`да бўлиб ўтди. Ушбу баҳсни томоша қилиш учун стадионга 88 103 нафар мухлис ташриф буюрди.

Ушбу ўйинда ҳам анча вақтгача дарвозалар дахлсизлиги сақланиб турди. Аммо 2-таймда Бразилия ўзига кўпроқ ўхшай бошлади, эстетик дидга эга голлар гувоҳи бўлдик.


63-дақиқада Неймар ва Винисиус сербияликларнинг дарвозаси томон хавфли ҳужум уюштиришди, ҳужумни эса Ришарлисон якунлаб қўйди ва ўз ҳисобига гол ёздирди — 1:0! Ниҳоят ўйинда ҳисоб очилди.

74-дақиқага келиб Ришарлисон дубль қайд этди. Дубль қайд этганда ҳам қандай гол билан! Винисиус тривела услубида жарима майдончаси ичидаги Ришарлисонга тўпни узатди, Ришарлисон эса тўпни бир оёғи билан ҳавода тўхтатиб, иккинчи оёғи билан қайчи услубида дарвозага зарба йўллади. Супергол!



Эҳтимол ушбу гол бу йилги чемпионатдаги энг чиройли гол номинациясига даъвогарлик қилар.

80-дақиқаларга келиб Неймар оёғидан жароҳат олди. Жароҳат қанчалик жиддий эканлиги борасида бир нарса дейиш қийин, бироқ у ўйинни давом эттира олмади, унинг ўрнига Антони заҳирадан майдонга тушди.

Ўйиннинг бошида сербияликлар яхши кўринаётган эди. Айнан 1-таймда ҳимоядаги ўйин бразилияликларга имкон бермади. Бироқ 2-таймда Бразилия терма жамоаси барибир ўз мақсадига эришди. Ҳакам ўйинга 7 дақиқа вақт қўшиб берди. Қўшиб берилган дақиқаларда ўйин тезлиги бироз пасайди. Охири ҳакам ўз хуштагини чалди. Ҳисоб — 2:0. Бразилия Ришарлисоннинг голи эвазига ғалаба қозонди.

Аввалроқ ушбу гуруҳдан жой олган яна иккита жамоа — Швейцария ва Камерун ўртасидаги баҳс 1:0 ҳисобида якунланган эди. Демак ҳозир Бразилия ва Швейцариянинг ҳисобида 3 тадан очко мавжуд. 2-турда айнан мана шу икки терма жамоа ўзаро баҳс олиб боришади. Ва ўз ўрнида, навбатдаги турда Камерун — Сербия учрашувининг ҳам гувоҳи бўламиз.