Президент Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича қандай топшириқлар берди?

25 ноябрь куни Навоийда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари иштирок этиб, тадбиркорлик ва хизматлар соҳаси, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий инфратузилма масалалари бўйича Нормат Турсунов тақдим этган лойиҳалар билан танишди ва тегишли кўрсатмалар берди.

Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими бўлди

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида вилоят ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Нормат Турсунов номзоди маъқулланди. Бунга қадар у Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Ўзбек аёлларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги — уй-рўзғор ишлари билан бандлиги сабаб — ПМТИ

ПМТИ мутахассисларининг фикрича, ўзбек аёлларидаги иқтисодий фаолликнинг пастлиги уй-рўзғор ишлари билан банд бўлишга боғлиқ. Қолаверса, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39% кам маош олади ва улар 30 ёшда мартабага эриша бошлайди.

Қашқадарёда 1 нафар ҳоким ва 16 нафар ҳоким ўринбосари тадбиркорлик билан шуғулланиши маълум бўлди

Қашқадарё вилоятида 2022 йилнинг 9 ойида 552 та коррупцион жиноятлар (ўтган йилга нисбатан 114 тага кўп) содир этилди. Муротжон Азимов вилоятда ҳокимлик, молия ва ғазначилик бошқармаси ходимларидан 34 нафари тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатида ишлаётганини очиқлади.

ДХМлар орқали статистик маълумотларни олиш мумкин бўлади

Ҳукумат қарори билан давлат хизматлари марказлари орқали статистик маълумотларни олиш имконияти яратилади. Бироқ таркибида давлат сирлари ва қонунчилик билан қўриқланадиган сир мавжуд маълумотлар берилмайди. Ҳар бир маълумот учун БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Тошкентда ИШИДга қўшилмоқчи бўлган 18 ёшли қиз қамалди

Юнусобод туманида Сурияга кетиб, ИШИД террористик ташкилоти сафига қўшилишни мақсад қилган 18 ёшли қиз 5 йилга қамалди. У ташкилот раҳнамоларининг маърузаларини тинглаб, унинг ғоявий таъсирига тушиб қолган. Қиз кетиш учун «қизил паспорт» олгани ва буни яқинлари билмаганини маълум қилди.

Фарғонада эр-хотин ис газидан вафот этди

Фарғона вилояти Бувайда туманида эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улар 3 кунлик ёш келин-куёв бўлгани ва эр ўзи ясаган печкалардан бирини уйга ўрнатгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланди.

Сирдарёда итни қутқармоқчи бўлган 2-синф ўқувчисини ток урди

Гулистон туманида электр трансформатор остига кириб қолган итни қутқармоқчи бўлган 2-синф ўқувчисини ток урди. Бола бош, қорин, қўл ва оёқ қисмидаги жароҳати билан шифохонага ётқизилди.

Навоийдаги 188 та яйловда жойлашган норуда конлари аукционга чиқарилади

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида президент саноатда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта янги иш ўрни яратиш зарурлигини айтди. 188 та яйловларда жойлашган норуда конларни аукционга чиқариш ва 8 та Ёшлар саноат зонаси инфратузилмасига 20 миллиард сўм ажратиш шулар жумласидан.

Тошкентда «Туронбанк» ходимлари банкоматдаги пулларни талон-торож қилгани айтилмоқда

Миробод туманида «Туронбанк» кассири ва масъул шахслари банкоматдаги 348 млн сўмга яқин нақд пул ва 7600 долларни талон-торож қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Тошкентда мактаб ўқувчиларининг оммавий муштлашгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тармоқларда мактаб ўқувчиларининг оммавий муштлашуви акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса Миробод туманидаги 125-мактабда содир бўлганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан безорилик бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ўзбекистондаги иккита крипто-дўконга дастлабки лицензиялар берилди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан «Crypto Trade NET» ва «Crypto Market» компанияларига крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди. Аввалроқ ушбу фаолият билан шуғулланиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан октябрь охирида рўйхатдан ўтказилганди.

Норуда материалларни қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тасдиқланди

Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Пайшанба куни 95 кишининг ковид юқтиргани аниқланди

24 ноябрь куни Ўзбекистонда 95 киши (бир кун олдин 98 киши) коронавирусга чалингани маълум бўлди. Энг кўп касаллик Тошкент шаҳрида аниқланди.

Дам олиш кунлари ҳаво бироз совуқ бўлади

Жума куни Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +15…+17 даражагача, жанубда эса +20 даража атрофида бўлади. Дам олиш кунлари Қозоғистондаги совуқ антитциклон массалари таъсири ҳаво ҳарорати кундузи +8…+13 даража, кечаси +3…+8 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Давлат рўйхатидан ўтказилаётган тадбиркорлар биржада ҳам аккредитация қилинади

Президент қарори билан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида биржа тизимида ҳам аккредитация қилиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, 1 декабрдан бошлаб 13 ой муддатга монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар ишлаб чиқарган товарларни ички бозорда фақат биржа орқали сотиш белгиланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Худди кинолардагидек». Янги турмуш қурган москвалик жуфтлик Чорсу бозорида тўй фотосессиясини ўтказишди

Жорий йилнинг сентябрида Москвадан Тошкентга кўчиб келган Доминик Мажинтас ва Евгения Рибакова Чорсу бозорида тўй фотосессиясини ўтказишди. Уларнинг суратлари тармоқларда жуда машҳур бўлди. Улар «Газета.uz»га бу ғоя қандай туғилгани ҳақида сўзлаб беришди.

«Китоб қандай тайёрланади?» Икки нашриёт-матбаа ижодий уйидан репортаж

Китобни тайёр ҳолга келтиришда фақат унда номи қайд этилган инсонлар эмас балки, «фронт орти» — китобнинг бирор ерида исми ёзилмайдиган кўплаб инсонларнинг ҳам меҳнати ётади. «Газета.uz» мухбирлари «Ғафур Ғулом» ва «Шарқ» нашриёти босмахоналаридан китобни тайёрлаш жараёни ҳақида репортаж тайёрлади.

Қўлланма: Ҳимоя ордерини қандай олиш мумкин?

«Газета.uz» 25 ноябрь — «Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни» муносабати билан туркум материалларни эълон қилади. Биринчиси — ҳимоя ордери ҳақида. Унда ордерни қаердан ва қандай олиш, жабрланувчи қай тартибда ҳимоя қилиниши ва зўравонга кўриладиган чоралар ҳақида билиб оласиз.