«Ўзбеккосмос» космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги космик суратларни таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларидаги қонунбузарлик ҳолатларини аниқлайди. Бу вазифа 23 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан агентликка юкланди.

Шу куни президент космик фаолиятни ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Келтирилишича, бу тармоқ ривожи қишлоқ ва сув хўжалиги, ер муносабатлари, экология, геология каби кўплаб соҳаларда қўл келади.

«Масалан, экинларнинг тури ва майдони, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний чиқинди жойлари пайдо бўлишини аниқлаш даражаси 95 фоизгача етади. Сув иншоотлари, ер қаъри ва фойдали қазилмалар муҳофазаси ҳам янада кучаяди», — дейилади хабарда.

Президент бу таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни қабул қилишга кўрсатма берди.

Қарорга мувофиқ, давлат космик мониторинг тизими орқали ер ости бойликларини қазиб олиш, сув ресурсларини муҳофаза этиш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва реализация қилиш йўналишларида (давлат ер ва кадастр назорати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно) аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун ундириладиган маъмурий жарималарнинг 10 фоизи «Ўзбеккосмос» агентлигининг Космик тармоқни ривожлантириш жамғармасига берилади.

Шунингдек, агентлик космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш учун Глобал сунъий йўлдошли навигация (GNSS) тизимлари операторлари билан ҳамкорлик қилади. Халқаро астронавтика федерациясига (IAF) аъзо бўлади.

Қолаверса, халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар, компаниялар ва банклар билан космик соҳага хорижий сармоя ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиради.

Фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш мақсадида хорижий сунъий йўлдош операторлари билан келишув, меморандум, битим ва шартномалар тузади.