23 ноябрь куни ва 24 ноябрга ўтар кечаси ЖЧ-2022нинг навбатдаги 1-тур баҳслари бўлиб ўтди. E гуруҳидан жой олган Испания — Коста-Рика баҳсида испанияликлар рақибларига умуман имкон беришмаган бўлишса, F гуруҳидаги Белгия — Канада қарама-қаршиликда белгияликлар жуда катта қийинчилик билан ўйинда ғалабага эришишди.

Испания — Коста-Рика 7:0

«Ал-Тумама» стадионида бўлиб ўтган ушбу учрашувда Испания ҳақиқий голлар ёмғирини тақдим этди десак муболаға бўлмайди. Коста-Рика терма жамосида бутун ўйин давомида бирорта ҳам хавфли вазият, аниқроғи, Испания дарвозасига аниқ зарба бўлмади. Зарбалар бўйича статистика: 15−0. Ушбу ўйин орқали «Испания шунчалик кучлими ёки Коста-Рика шунчалик кучизми?» деган саволга жавоб ололмадик. Балки бунинг учун кейинги турдаги Испания — Германия қарама-қаршилигини кузатиш керакдир.


Испания — Коста-Рика ўйинидаги биринчи гол 11-дақиқада Дани Ольмо томонидан киритилди. 1-таймдаги голлар парадини кейинчалик Асенсио ва Ферран Торрес давом эттиришди. Дастлабки тайм 3:0 ҳисоби билан якунланди.

Испанияликларнинг иштаҳаси очилиб кетди чоғи, 2-таймда яна 4 та гол киритишди. Ферран Торрес дублга эришди, Гави ҳам қолиб кетмади — у Моратанинг пасидан сўнг чиройли тарзда тўпни дарвозага михлаб қўйди, заҳирадан тушган Солер ҳам битта гол урди, Алваро Моратанинг ўзи эса терма жамоа сафидаги 27-голини киритди.


Юқорида айтиб ўтганимдек, бу сафар Испания олдинги мундиаллардагидан кучлироқми ёки жамоа Коста-Риканинг бугунги суст ўйинидан фойдаландими, ҳозирча аниқ гап айтиш қийин.

Кейинги турда Испания терма жамоаси Германия билан, коста-рикаликлар эса Япония терма жамоаси билан баҳслашади. Гуруҳдаги ҳозирги ҳолатда Испания пешқадам, Япония эса иккинчи ўринда. Германия ва Коста-Рика эса кейинги ўринларни банд қилиб туришибди. Эҳтимол кейинги турда ҳам японлар кечаги ўйинини кўрсата олишса, яна 3 очко ишлаб олишар. Бундай ҳолатда Германиянинг тақдири айнан Испания билан бўладиган баҳсга боғлиқ бўлиб қолади. Германия кейинги учрашувни ҳам қўлдан бой берса, мундиаль билан кетма-кет иккинчи бор гуруҳ босқичида хайрлашишади.

Белгия — Канада 1:0

Ушбу баҳснинг баъзи жабҳаларида Канада кўпроқ ғалабага лойиқдек кўринган бўлишса-да, тажрибали белгияликлар ўйинни минимал ҳисобдаги ғалаба билан якунлашди.

«Аҳмад бин Али» стадионида бўлиб ўтган ушбу баҳснинг 1-таймида Канада терма жамоаси 11-дақиқадаёк ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Ушбу дақиқада Белгия дарвозасига пеналти белгиланди. Бироқ «Бавария» футболчиси Альфонсо Дэвис ушбу 11 метрлик зарбани голга айлантира олмади. Пеналтидан кейин ҳам канадаликлар тинмасдан ҳужум қилишди. Бироқ 1-тайм охирига келиб белгияликлардан гол ўтказиб юборишди. Ўйиннинг 44-дақиқасида Миши Батшуайи ўйиндаги ҳисобни очди — 1:0.


2-таймда ҳам Канада терма жамоаси ўйинни ёндириб ташлади. Умуман ўйиннинг статистикасига қарайдиган бўлсак, Белгия 6 та, Канада 14 та зарба йўллаганини кўрамиз. Бироқ ҳар иккала жамоадаги аниқ зарбалар сони 3 тага тенг. Ўйин охирида белгияликлар моҳирона тарзда «вақтни ўлдиришга» ҳаракат қилишди. Ҳакам 2-таймга 5 дақиқа вақт қўшиб берди. Бироқ бу вақт канадаликлар учун камлик қилди, ҳисоб ўзгармади.


Аввалроқ ушбу гуруҳдан жой олган икки терма жамоа: Хорватия ва Марокаш ўзара баҳс олиб бориб, 0:0 ҳисобини қайд этишган эди. Демак, Белгия гуруҳда пешқадам бўлиб олди. E гуруҳининг 2-турида Белгия Марокаш билан, Канада эса Хорватия билан куч синашади.