«Тошкент» халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминали олдида Ўзбекистонда биринчи бўлиб 333 та тўхташ жойига мўлжалланган тўлиқ автоматлаштирилган автотураргоҳ тест режимида ишга туширилди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати. Бу инсон аралашувисиз ишлайдиган биринчи автотураргоҳ, дея таъкидлади компания.

Автотураргоҳ тизими автомобилларга давлат рақамларини таниб, кириш ва чиқиш имконини беради. Автотураргоҳ учун тўловни махсус паркомат орқали нақд пулда ёки QR-код ёрдамида амалга ошириш мумкин. Буни амалга ошириш учун машина рақамини териш керак ва автотураргоҳ учун тўлов миқдори паркомат экранида пайдо бўлади. Агар машина рақами автоматик равишда аниқланмаса, киришда автотураргоҳ талонини олиш ва паркоматда тўлаш керак бўлади.

«Uzbekistan Airports автотураргоҳларини реконструкция қилиш доирасида „К2“ компаниясидан Япониянинг Amano бренди автотураргоҳ ускуналари харид қилинди ва ўрнатилди. Тўлиқ интеграциялашган ечим бутун жараённи — кириш, чиқиш ва тўловни автоматлаштириш имконини беради. Бугунги кунда Ўзбекистонда бундай ечимлар, айниқса, тўловдан сўнг мижозга автоматик равишда қайтим берадиган ечимлар йўқ», — деди IT-департаменти директори Кирилл Лаврик.

Унинг сўзларига кўра, тизим тест режимида ишлаётган вақтда, автомобиль рақамларининг қўшимча шаблонларини қўшиш, тўлов усулларини тўлдириш бўйича баъзи техник нюанслар якунланмоқда, шунингдек, автомобил ҳайдовчиларини янги технологияларга ўргатиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Айни пайтда барча янги ва эски банкноталар, қайтимни олиш имконияти билан тўловга қабул қилинади. Шу билан бирга, Payme тўлов тизими ёрдамида QR-код орқали тўловни амалга ошириш мумкин. Яқин вақт ичида бошқа тўлов тизимлари, шунингдек, Visa, Mastercard, Humo ва UzCard банк карталари орқали тўловлар амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, мобиль илова билан автотураргоҳнинг интеграциялашуви ҳам якунланмоқда, бу эса автомобилдан чиқмасдан тўловни амалга ошириш имконини беради.

«Инсон омилисиз ишлайдиган автоматлаштирилган автотураргоҳнинг ишга туширилиши нафақат қулайлик ва янги технологиялар, бугунги кунда уларсиз ҳеч қандай соҳа ривожлана олмайди, балки коррупция ва порахўрликдан халос бўлиш имконини берувчи муҳим қадамдир. Тизимнинг икки кунлик ишлаши натижасида олинган маълумотларга кўра, ҳайдовчиларнинг 99 фоизи автотураргоҳ учун нақд пулда тўлов амалга оширади, бу эса маблағларнинг ноқонуний чиқиб кетиш имконияти катталигидан далолат беради. Автоматлаштириш коррупция фактини бутунлай истисно қилади — терминал билан „келишиб“ бўлмайди ва у даромадларни яширмайди. Тўлиқ молиявий шаффофлик», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Бу автотураргоҳларни автоматлаштиришга қаратилган биринчи қадам. Айни пайтда иккинчи автотураргоҳда — келиш терминали олдида ҳам ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида пойтахт аеропортининг қолган автотураргоҳлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилади, дея қайд этди матбуот хизмати.