АҚШда Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий фильми тасвирга олинмоқда. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудиясининг ижодий гуруҳи Ўзбекистондаги тасвирга олиш ишларини якунлади. Ҳозирда фильмнинг съёмка жараёнлари АҚШнинг Хюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида давом этяпти.

Фильмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилмоқда.

Бундан ташқари кинокартинада «Дўстлик» ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом, маҳоратли ёш актриса Райҳон Асадова ва бошқа маҳоратли актёрларни ҳам кўриш мумкин.

Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов Голливудда фильмнинг қайси эпизодлари суратга олинаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

«Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги ойлари АҚШда ўтган. У Техас штатининг Хюстон шаҳрида яшаган. Шу сабаб шоирнинг қизи Мавлуда Орипова хонадонида, шунингдек, шоир сайр қилишни жуда яхши кўрган Тинч океани соҳилларида эпизодлар суратга оляпмиз. Биз бу эпизодларни Голливудда суратга олдик. Фильмда шоирнинг набираси ҳам ўз образини ўзи гавдалантирмоқда», — дея таъкидлади Музаффархон Эркинов.

Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Музаффархон Эркинов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов. Фильм премьераси йил якунига режалаштирилган.


Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрь куни 76 ёшида вафот этди. У Хьюстондаги (АҚШ, Техас штати) шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Шоирнинг ҳаёти ва фаолияти давомида биринчи шеърлар тўплами «Митти юлдуз» 1965 йили чоп этилган. Кейин «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилиб чиқди.

Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Табиб ва ўлим» (1980), «Соҳибқирон», асарлари муаллифидир. 2000−2001 йилларда Абдулла Ориповнинг тўрт томлик «Танланган асарлар»и нашрдан чиқди.

Абдулла Орипов — Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрдаги 11-сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи.

Шоир Дантенинг «Илоҳий комедия»си, Некрасов, Шевченко, Кулиев ва кўплаб муаллифларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.