«Онлайн Маҳалла» платформасини ишлаб чиқиш қиймати 8,4 миллиард сўмни (755 минг доллар) ташкил этди. Бу ҳақдаги маълумот Давлат харидлари электрон тизимига жойланди.

18 май куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги «Realsoft» компанияси билан «Онлайн маҳалла» веб-сайтини (online-mahalla.uz) ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаган. Истисно тариқасида «платформани қисқа муддатда ишга тушириш учун» тендер (танлов)сиз тўғридан-тўғри шартнома тузишга қарор қилинган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги 820-Ф-сон қарори асос қилиб олинган.

Агентлик юридик маслаҳатчиси шартномада Realsoft етарли малака ва тажрибага эга ва энг йирик IT-компаниялардан бири саналиши таъкидлаб ўтган.

Ҳужжат спецификациясида сайтни ишлаб чиқишда 6 соатдан 325 кун ишлаган 45 киши иштирок этгани (96 минг киши/соат) айтилади. Ана шундай иш кўламидан келиб чиқиб, 8,4 миллиард сўмлик нарх шакллантирилгани қайд этилган.

Битим коррупцияга қарши ва гендер экспертизасидан ўтказилган.

«Онлайн маҳалла» электрон платформаси ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашган «Онлайн маҳалла» электрон ахборот тизимини ўзида акс эттиради.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги қарорига асосан ҳоким ёрдамчиларининг «Онлайн маҳалла» ахборот платформасидан фойдаланиши учун харид қилинаётган планшет қурилмаларини расмийлаштириш, божхона тўловлари ва улар билан боғлиқ бошқа харажатлар учун давлат бюджетидан қўшимча маблағлар билан таъминлаш топширилганди. Агентлик планшетларни Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан харид қилиши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ маҳалланинг ҳар бирида ҳоким ёрдамчилари фаолият юритмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги қарори билан тасдиқланган «Аҳолига субсидиялар ажратиш тўғрисида»ги низомга кўра, ҳоким ёрдамчилари платформа орқали ер участкаси эгасининг ишсизлиги, кам таъминлангани ёки мулкдор эканини, илгари субсидия туридан фойдаланган ёки фойдаланмаганини текшириши мумкин.

«Газета.uz» сайт ишини ўрганди. Хусусан, тилни алмаштириш пункти ишламаяпти (ҳозир фақат ўзбек тили мавжуд). «Тизим ҳақида» бўлимида унинг имкониятлари кўрсатилган, аммо «Батафсил» ҳаволалари босилмади. Шунингдек, «Янгиликлар» бўлимига ҳам кириб бўлмади.

Бундан ташқари, сайтда иловани юклаб олиш учун ҳавола қолдирилган. Иловани Samsung A72 русумли телефонда юклаб олиб бўлмади, аммо Galaxy S21 Ultra`да бу амалга ошди. Баъзи фойдаланувчилар изоҳларда илова ишламаётганини ёзган, тавсифда эса 1000 дан ортиқ юкланишлар ҳақида маълумот берилган.

Қолган бўлимлар очилмоқда. Хусусан, платформа орқали сиз субсидия олиш, ишга жойлашиш, мономарказда ўқиш учун ариза топширишингиз мумкин.

Шунингдек, сайтда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича бизнес-режалар мавжуд.

«Газета.uz» Иқтисодий тараққиёт вазирлигидан изоҳ сўради.