24 ноябрь куни ЖЧ-2022'нинг G ва H гуруҳларидан жой олган Швейцария — Камерун ва Уругвай — Жанубий Корея баҳслари бўлиб ўтди. Биринчи учрашув 1:0 ҳисобида Швейцариянинг ғалабаси билан якунланган бўлса, иккинчи уругвайликлар ва кореяликларнинг ҳужумкор ва тенг суратлардаги ўйини фонида 0:0 ҳисоби билан тугади.

Швейцария — Камерун 1:0

Швейцария — Камерун баҳси Ал-Вакрадаги «Ал-Жануб» стадионида бўлиб ўтди. Учрашувни томоша қилиш учун стадионга 39 089 нафар мухлис ташриф буюрди. Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Ҳаттоки тўп бошқаруви статистикаси ҳам 50/50 бўлди. Берилган зарбалар бўйича ҳисоб — 6:7 (аниқ зарбалар бўйича ҳам Камерун олдинда — 3:5). Бироқ фақат Швейцария терма жамоаси ўз зарбаларидан бирини голга айлантира олди.

Баҳснинг 1-таймида камерунликлардан Мбемо ва Шупо-Мотинг, швейцарияликлардан эса Видмер ва Аканжи ёрқин вазиятларда эсда қолди. Аммо дастлабки таймда гол кўрмадик.


2-тайм бошланиши билан 48-дақиқада Швейцария сафида тўп сурувчи ҳужумчи Бреел Эмболо баҳсдаги ягона голга муаллифлик қилди. Эмболо ҳурмат юзасидан голни нишонлашни хоҳламади. Чунки у Камерунда таваллуд топган. Тақдир ҳазилини қаранг, Камерунга жаҳон чемпионатида камерунлик гол киритмоқда. Кейинги дақиқаларда Шупо-Мотинг бир неча бор гол уришга яқин келди, бироқ Швейцария дарвозабони Янн Зоммер дарвозани ишончли тарзда қўриқламоқда. Бир неча вазиятларда Камерун дарвозабони Онана ҳам қаҳрамонлик кўрсатди, акс ҳолда ҳисоб катталашиши ҳам мумкин эди. Ўйиннинг қолган қисми чиндан ҳам икки дарвозабоннинг қаҳрамонлиги, асосий ролларга чиқиши билан ўтди. Ҳакам ўйинга яна 6 дақиқа вақт қўшиб берди. Қўшимча дақиқаларда Камерун ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди, бироқ ҳисоб 1:0 лигича қолди.


25 ноябрь кечаси соат 00:00 да ушбу гуруҳдан жой олган яна икки терма жамоа Бразилия ва Сербия ўзаро баҳс олиб боришади. Ҳозирча Швейцария ўзи учун 3 очкони кафолатлаб олди. Кейинги турда улар Бразилия терма жамоаси билан тўқнаш келишади. Камерун эса Сербия билан куч синашади.

Уругвай — Жанубий Корея 0:0

Уругвай — Жанубий Корея учрашуви Доҳадаги «Education City» стадионида бўлиб ўтди. Ўйинга ташриф буюрган мухлислар сони — 41 663. Ушбу учрашувдаги 0:0 ҳисоби, унинг зерикарли ўтганини англатмайди, шунчаки жамоалар ҳимояда деярли хатосиз ўйнашди ва кучлар тенг бўлди.


1-таймда қарши ҳужуилар жуда кўп бўлди. Аслида ушбу икки терма жамоанинг ўйин услублари ўхшаш — қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишади. Аммо ушбу қуролни жамоалар бир-бирига нисбатан қўллай олишмади. Албатта, баъзи вазиятларда режа иш бериб, голлар бўлиши ҳам мумкин эди, масалан баъзи вазиятларда Дарвин Нуньесга ёки тажриба, ёки кескинлик етишмади. Жароҳати туфайли қора ниқоб тақию олган Сон бошчилигидаги «корейс поп гуруҳи» бир неча бор голга жуда яқин келишди. Корейсларнинг кетма-кет ҳужумларини кўриб, Уругвай бугун ютқазадиёв деб турсангиз, уругвайликлар дарҳол қарши ҳужумга ўтиб корейслар дарвозасида хавф туғдиришарди. Хуллас, нафақат 1-тайм, бутун ўйин ушбу сценарий асосида кечди.


2-таймда Кавани заҳирадан ўйинга тушди, бир неча Дарвин Нуньесни яхши позицияга олиб чиқди. Яна бир неча бор айни ўз спорт формасининг юқори чўққисида бўлган Федерико Валверде Корея дарвозасига чанг солди. 90-дақиқаларда Сондан хавфли ҳужум кўрдик. Зарбалар бўйича ҳисоб 8:6, Уругвай олдинда. Бироқ жами зарбалардан фақат биттагинаси (уям бўлса Уругвай терма жамосидан) дарвозага аниқ етиб борди. Ҳисоб эса 0:0 лигича қолиб кетди. Жамоалар бир очкодан ишлаб олишди.

Бугун, шунингдек, ушбу H гуруҳидан жой олган Португалия — Гана баҳси ҳам бўлиб ўтади. 2-турда эса Жанубий Корея Гана терма жамоаси билан куч синашади, Уругвай терма жамоаси эса португалияликлар билан тўқнаш келишади.