Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ўрганишларига кўра, октябрь ойида сотилган автотранспорт воситаларининг умумий сони 112,7 мингтани ташкил этди, бу сентябрь ойига нисбатан 8%га камдир. Бу ҳақда «Газета.uz» га марказ матбуот хизмати хабар берди.


Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши.Манба: ИТИМ

Йил бошидан буён 1,2 млн дона автомобил сотилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар (+604 минг) кўпдир.

Октябрь ойида бирламчи бозорда автотранспорт воситалари савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2%га ошди. Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан сотувларда сезиларли пасайиш кузатилди.


Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши­­­­. Манба: ИТИМ

Хусусан, октябрь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси 33%га пасайиб 17 мингтани ташкил этди, бунда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сотувлар атиги 1,5%га ошган.


Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021−2022). Манба: ИТИМ

Октябрь ойида иккиламчи бозорда автомобил сотувлар жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан 1,4%га (91,7 мингта автомобил) камайди.

Автомобиль импорти

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 10 ой давомида импорт ҳажми 24,6 млрд АҚШ долларини ва 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 121,2% ни ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналари (31,6%), саноат товарлари (19,3%) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,9%) ҳисобига тўғри келди.

Хусусан, ўтган 10 ойда электромобиллар импортига 55,4 млн АҚШ доллари сарфланиб, 1 749 дона улов олиб кирилди.
Бу 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1136 тага кўп. Йил бошидан буён энг кўп электромобиллар Хитой — 1 528 дона, БАА — 111 дона ва Германиядан (48 дона) импорт қилинган.