Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ётган эркак чироқ ўчиб қолган вақтда вафот этди, дея хабар қилди Kun.uz. Нашр билан суҳбатлашган марҳумнинг яқинлари ўлимга электрдаги узилиш ҳам сабаб бўлганини айтган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 9 ноябрь куни Ш. А. Жалақудуқ туманида комбайннинг олд соҳасида жойлашган янчувчи қисмига ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида иккала оёқлари тегиб кетиб, олган тан жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига олиб келинган. Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор 10 ноябрь куни вафот этган.

Қўрғонтепа тумани ШТЁБ шифокорининг берган маълумотномасида, Н.Р.Абдуқаххоровнинг ўнг сон суяги бўйинчасидан, чоп сон суяги ички дугаси, чап оёқ 2−3-кафт суяги ва 3-бармоқ суягининг 3-фаланга суяклари сингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энергетика вазирлиги изоҳи

Энергетика вазирлиги эркакнинг ўлимига электрдаги узилиш сабаб бўлгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Вазирлик қайд этишича, 10 ноябрь куни соат 21:58 дан 22:05 га қадар (7 дақиқа) Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасини электр энергияси билан таъминловчи 2 та тармоқдан бирида узилиш содир бўлган.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган дастлабки хизмат суриштируви натижаларига кўра, комбайнга икки оёғи билан кириб кетиб, жуда оғир тан жароҳати олган беморга белгиланган стандартлар бўйича муолажалар ўтказилган.

Тезкорлик билан ўтказилган жарроҳлик амалиёти якунланган вақтда электр таъминотида узилиш бўлмаган. Маълум бўлишича, операция тугаганидан кейин бир неча дақиқа вақт ўтиб, электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Таъкидланишича, беморга муолажалар ўтказилаётган операция хоналаридаги барча аппаратлар янги ва замонавий бўлиб, улар электр таъминотида узилиш бўлган ҳолатда ҳам 30 дақиқагача мустақил ишлайди, баъзиларининг қуввати эса 4 соатгача етадиган қўшимча электр таъминоти манбаларига уланган.