23 ноябрь куни ЖЧ-2022 гуруҳ босқичи ўйинларида яна битта сенсацион натижа қайд этилди: Япония терма жамоаси Германияни 1:2 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, бугун F гуруҳидаги Марокаш — Хорватия баҳси ҳам бўлиб ўтди ва ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилди.

Марокаш — Хорватия 0:0


23 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:00 да F гуруҳидан жой олган Марокаш ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги баҳсга старт берилди. Учрашув Доҳадаги «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, ушбу стадионда ЖЧ-2022'нинг очилиш маросими ва илк учрашуви бўлиб ўтган эди. Марокаш — Хорватия баҳсини томоша қилиш учун ушбу стадионга 59 407 нафар томошабин ташриф буюрди.

2018 йилги жаҳон чемпионати финалчиларидан кўпчилик ғалаба кутган эди, бироқ учрашувда гол ҳам содир бўлмади. Ҳеч бўлмаганда офсайдда қолиб кетиб ҳам гол киритишмади. Албатта, ўйинда хавфли вазиятлар бўлди, аммо қолган баҳслар фонида, катта эҳтимол билан, мухлислар ушбу учрашувдан кутилган ҳаяжонни, кескин ўйинни кўришмади.


Ушбу баҳс 0:0 ҳисоби билан якунланди. Жамоалар биттадан очко ишлаб олишди. Ушбу гуруҳдан жой олган яна иккита жамоа: Бельгия ва Канада 24 ноябрь кечаси соат 00:00 да ўзаро куч синашади.

Германия — Япония 1:2

E гуруҳидан жой олган Германия — Япония баҳси 23 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланди. Учрашув Доҳадаги Халифа халқаро стадионида бўлиб ўтди. Ушбу қарама-қаршиликда сенсацион натижа қайд этилди: 1:0 ҳисобида ютқазаётган Япония «камбэк» амалга ошириб, Германияни мағлуб этди.


Аслида японияликлар 1-таймнинг 6-дақиқасидаёқ ҳисобни очишган эди. Аммо ушбу вазиятда япон футболчиси яққол ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган эди. 31-дақиқада японларнинг жарима майдончаси ичида дарвозабон Гонда немислар ҳимоячиси Давид Раумга нисбатан қўполлик ишлатди. Ҳакам пенальти белгилади. Зарбани Илкай Гюндоган амалга оширди — гол! Ўйинда ҳисоб очилди — 1:0. Ушбу голдан кейин Япония терма жамоаси бироз жонланди. Бироқ, 1-таймда бошқа гол бўлмади.


2-тайм Германиянинг кетма-кет ҳужумлари билан бошланди. «Немис машинасида» ҳисобни катталаштириш учун бир нечта вазият бўлди. Негадир ҳозирги Германия терма жамоаси яқин ўтмишдаги (2014, 2010, 2006…) юлдузли таркибга эга, бироқ омадсиз Англия терма жамоасини эслатмоқда. Таркибда кўплаб ёрқин футболчилар бор, бироқ нимадир етишмайди. Германия терма жамоаси футболчилари қанча уринишмасин, Япония дарвозабони Гондани иккинчи бор ишғол қила олишмади.

70-дақиқаларга келиб Япониянинг ҳужумлари тобора хавфли тус ола бошлади. Натижа ўзини узоқ куттирмади: 75-дақиқада Бундеслиганинг «Фрайбург» клубида тўп сурувчи Рицу Доан ҳисобни тенглаштирди! Ҳисоб — 1:1. Киритилган голдан сўнг японияликларга яна «жон кирди». 83-дақиқада қарши ҳужумларнинг бирида Бундеслигада тўп сурувчи (яна!) Такума Асано Японияни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:2. Тақдир ҳазилини қаранг, Германияга гол киритган икки футболчи ҳам Бундеслигада тўп сўради: Доан «Фрайбург»да, Асано эса «Бохум»да. Асанонинг «кросси» олдида ҳимоячи Шлоттербэк ҳам, йўллаган зарбаси олдида эса Мануэль Нойер ҳам ожиз қолишди.


Германия ўйинни қутқариб қолиш учун ҳужумга отланди. Ҳакам ўйинга 7 дақиқа қўшиб берди. Сўнгги дақиқаларда Япония жарима майдончасига ҳаттоки Нойер ҳам етиб келди. Бироқ барчаси бефойда, немислар сўнгги дақиқаларда Япония дарвозасига жиддий хавф туғдира олишмади. Ҳакам ҳуштаги янгради — ҳисоб 1:2. Япония муҳим 3 очкони қўлга киритди. Ҳозирча Япония E гуруҳида биринчи ўринга чиқиб олди. Тошкент вақти билан соат 21:00 да ушбу гуруҳдан жой олган яна икки терма жамоа: Испания ва Коста-Рика ўзаро куч синашади.

E гуруҳи доирасидаги 2-тур учрашувлари эса 27 ноябрь куни бўлиб ўтади. Навбатдаги турда Германия терма жамоаси Испания билан, японияликлар эса Коста-Рика терма жамоаси билан баҳс олиб боради.