22 ноябрь куни бўлиб ўтган ЖЧ-2022'нинг иккита ўйини: Дания — Тунис ҳамда Мексика — Полша баҳслари нурсиз дуранг билан якунланди. Ушбу қарама-қаршиликларнинг биринчиси D гуруҳидан жой олган. Иккинчи баҳсдаги терма жамоалар эса C гуруҳида бўлиб, бугун аввалроқ ушбу гуруҳдаги яна иккита жамоа: Аргентина ва Саудия Арабистони ўзаро куч синашишган эди.

Дания — Тунис 0:0

Ушбу баҳс Доҳа шаҳрида жойлашган Education City стадионида бўлиб ўтди. Education City’да ЖЧ-2022'нинг яна 7 та ўйини ўтказилади. Ушбу стадиондан келажакда талабалар ва ўқитувчилар фойдаланиши режалаштирилган. Ушбу стадион ўз бағрига 40 минг томошабинни сиғдира олади.


Дания — Тунис учрашувининг 1-таймида 24-дақиқада Тунис терма жамоаси гол киритган эди — бироқ VAR ўйиндан ташқари ҳолат бўлганлигини аниқлади, гол бекор қилинди. Тайм давомида иккала жамоада бир нечта голга тортадиган вазиятлар бўлди, аммо айримларида Дания дарвозабони Каспер Шмейхель бунга «ҳалақит қилган» бўлса, айрим ҳужумларда футболчиларга креативлик етишмади.

2-таймда эса данияликлар офсайддан кейин гол киритишди. Энди ҳаттоки ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган ҳолда киритилган голлар бўйича ҳам ҳисоб тенг. Бироз кейинроқ Кристиан Эриксенда бир неча бор қулай вазиятлар бўлди, у томонидан йўлланган зарба дарвоза тўсинига тегиб қайтиб кетди. 80-дақиқалардан сўнг гўёки иккала жамоа ҳам дурангга қарши эмасдек кўрина бошлади. Бироқ ҳакам «балки ҳисобни ўзгартирармиз» дегандек, 2-таймга 8 дақиқа вақт қўшиб берди. Қўшимча дақиқаларда Дания голга яқин келди, ҳаттоки Тунис дарвозасига пенальти белгиланиши ҳам мумкин эди. Аммо вазият такроран намойиш этилганида, пенальти йўқ эканлиги маълум бўлди. Сал ўтиб ҳакам хуштаги ҳам янгради. Ҳисоб — 0:0.

Дания ва Тунис жамоалари ўрин олган гуруҳдан, шунингдек, Австралия ва амалдаги чемпионлар — Франция терма жамоаси ҳам ўрин олган (ушбу жамоалар ҳам ўзаро баҳс олиб боришмоқда). 26 ноябрь куни 2-турда D гуруҳи доирасида Дания терма жамоаси Франция билан, тунисликлар эса Австралия билан куч синашади.

Мексика — Полша 0:0

22 ноябрь куни бўлиб ўтган яна бир ўйин, C гуруҳидан жой олган қарама-қаршилик — Мексика ва Полша баҳси ҳам 0:0 ҳисоби билан якунланди. Ўйин Доҳадаги «974» стадионида бўлиб ўтди. Ушбу стадион Рас Абу Абуд стадиони деб ҳам аталади. Бу стадион жаҳон чемпионати якунлангач тўлиқлигича «йўқ бўлиб кетади». Ушбу стадион жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк йиғиб олинадиган, юк контейнерларидан (денгиз контейнерлари) ташкил топган. «Рас Абу Абуд» стадионида ЖЧ-2022'нинг яна 6 та учрашуви ўтказилади.

Мексика — Полша баҳсининг 1-тайми иккала жамоанинг позицион ҳужумлари билан бошланди. Бироқ таймда голга тортадиган вазиятлар жуда кам бўлди. Айрим вазиятларда Войцех Шенсни ўз жамоасини қутқариб қолди.

2-таймда эса Мексика терма жамоаси Гильермо Очоа жасорат кўрсатди, унинг иштирокида сейвлар кўрдик. Ўйиннинг 56-дақиқасида ҳакам Мексика дарвозасига пенальти белгилади: мексикаликлар ҳимояда Левандовскининг футболкасидан тортиб, уни тўхтатишга ҳаракат қилишди, ҳакам ушбу вазиятда қарор чиқаришга қийналгач, ўзи бориб такрорий лавҳани томоша қилди. Пенальти! Зарбани Левандовски амалга оширади. Полшалик мухлислар голни нишонлашга тайёр турибди — «Лева» камдан-кам ҳолатларда адашади. Бутун майдон бўйлаб яшил рангларга бурканган мухлислар эса зарбага қарашга қўрқишмоқда. Зарба! Ва дарвозабон Гильермо Очоа тўп йўналишини топди! У ўз дарвозасини голдан сақлаб қолди. Ҳисоб ўзгармади — 0:0. Эҳтимол, ушбу вазият полшаликлар голга энг яқин келган вазият бўлгандир. Чунки юиз кейинги дақиқаларда мексикаликларни жонланганини кўрдик. Аммо улар ҳам Полша терма жамоаси дарвозасининг дахлсизлигини буза олишмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 7 дақиқа давомида ҳам ҳисоб ўзгармади. Жамоалар бир-бир очкодан ишлаб олишди.

Ушбу жамоаларнинг гуруҳдаги рақиблари бугун аввалроқ ўзаро ўйин ўтказишганди. Аргентина — Саудия Арабистони баҳсида саудияликларнинг қўли баланд келиб, ҳозир ушбу гуруҳда умуман кутилмаган ҳолат кузатилмоқда: Саудия Арабистони 1-ўринда, Аргентина 4-ўринда, 2−3 ўринларни Мексика ва Полша бўлишиб туришибди.

C гуруҳининг 2-тури доирасида 26 ноябрь соат 18:00 да Полша — Саудия Арабистони ва 27 ноябрь соат 00:00 да Аргентина — Мексика учрашувлари бўлиб ўтади. Ким билади, балки навбатдаги турда гуруҳдаги вазият мутлақо ўзгариб кетар.