Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб октябрь ойида бироз пасайганини қайд этди. Бу орада кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 4,3%га ошган. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

Йил бошидан буён савдо ҳажмининг энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах — 42%, Сирдарё — 29% вилоятларида ва Тошкент шаҳрида — 15% атрофида кузатилди.


Кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган олди-сотди шартномалари сонининг ўзгариши

Куз бошларида уй-жой ижарасига бўлган талабнинг кескин ўсиши қайд этилган бўлиб, бу октябрь ойида сотишнинг пасайишига хизмат қилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотди ҳажмининг бироз камайгани кузатилди (-72 та). Бунда пойтахтда октябрь ойида ўртача ижара нархи 17%га ошиб, 1 кв.м учун 10,5 долларни ташкил этди, йил бошидан эса бу кўрсаткич 43%дан зиёдга ортди.

Уй-жой ижара нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор — 49%, Яшнобод — 44%, Сергели — 34% ва Шайхонтоҳур — 33% туманларида қайд этилди.

Уй-жой учун энг юқори ижара нархлари Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон нархлар Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилди.

Умуман олганда, йил бошидан буён уй-жой сотиш ҳажмининг ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2%ни ташкил этди.

Иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозоридаги фаоллик

Ҳисоб-китобларга кўра, октябрь ойида республикада иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўсиши 2,3%ни (сентябрда — 1,1%) ташкил қилди.

Хусусан, йил бошидан буён иккиламчи бозорда 1 кв.м учун уй-жойнинг ўртача нархи 11,4%га ошди.


Тошкент шаҳрида ва ҳудудлар маъмурий марказларида иккиламчи уй-жой нархларининг ўзгариши (1 кв.м учун АҚШ долларида)

Октябрь ойида нархларнинг сезиларли ўсиши Сирдарё — 6,5%, Қашқадарё — 6,5% вилоятларида ва Тошкент шаҳрида — 4,6% кузатилди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда уй-жой нархларининг ўсиши 4,6%ни (сентябрда 1,7%) ташкил этди. Шу билан бирга, пойтахтда йил бошидан буён ўртача нархлар 19,8%га кўтарилган бўлиб, бу талабнинг, жумладан, чет эл фуқароларининг кириб келиши натижасида сезиларли даражада ошганини кўрсатди.


Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони

Нархлар бўйича энг юқори ўсиш суръатлари пойтахтнинг Яшнобод, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилди.