Россиянинг Псков давлат университетида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар президент Шавкат Мирзиёевдан уларнинг ўқишини ватанга ўтказишни сўраб видеомурожаат йўллашди. Бу ҳақдаги видео университетнинг telegram-каналига жойланди.

Бир гуруҳ йигитлар Россиядаги «нотинч вазият» улар ўқиётган Псков шаҳрига ҳам ўз таъсирини ўтказаётганини таъкидлаган.

«Биз Псков давлат университетининг талабаларимиз. Айни дамда биз таълим олаётган Россия Федерацияси ҳудудида уруш оқибатида нотинч вазият кетяпти. Ҳозирги кунда Псков шаҳрига ҳам уруш ўз таъсирини ўтказмоқда. Шаҳарда огоҳлантирувчи ҳаво сиреналари чалиняпти. Бунга Псков шаҳри ҳам чегарада жойлашган шаҳар экани сабаб бўлди», — деди талабалар.

Уларнинг сўзларига кўра, кундан-кунга жиддийлашиб бораётган ностабил ҳолат талабалар ва уларнинг ота-оналарини ҳавотирга солмоқда.

«Сизга [Шавкат Мирзиёев]га мурожаат қилар эканмиз, юқори савияда билим олишимизга ёрдам берсангиз. Шу сабабли, ОТМларга истисно тариқасида таълим жараёнларини давом эттиришга амалий ёрдам беришингизни сўраб қоламиз», — дейилади видеомурожаатда.

Видео жойланган хабарда келтирилишича, шундан сўнг турли гуруҳлардаги чет эллик талабалар Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашиш учун таклиф қилинган. Улар билан мамлакатдаги сиёсий вазият бўйича суҳбатлашилган. Учрашув «Душманлик ва ксенофобия бизнинг йўлимиз эмас» («С ненавистью и ксенофобией нам не по пути») дея номланганди, дейилади хабарда.

Шунингдек, энди хорижлик талабалар Псков давлат университетида ўқиш истаги ҳақида ариза ёзишлари кераклиги айтилган.

Аввалроқ Ўзбекистон давлат комиссияси 30 ноябрга қадар Россиянинг Украина билан чегарадош: Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини мамлакатдаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берганди.