Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида яшовчи Р. С. (эркак, 1995 й.т.) ва унинг қариндоши — Нурафшон шаҳрида яшовчи К. Т. (аёл, 1993 й. т.) одам савдоси учун беш йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Улар хорижда яшовчи фуқаро (аёл) билан келишган ҳолда қизларни фоҳишалик билан шуғуллантириш учун Индонезия давлатига юборишни режа қилишади.

Бу мақсадда хорижда яшовчи фуқаро (аёл) ижтимоий тармоқлар орқали Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 2 нафар қизни ёллайди. Улар учун авиачипталар ҳамда тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, электрон шаклда Р. С.га юборади. Ўз навбатида, Р. С. қизларни Оҳангарон шаҳрида кутиб олиб, ўзиниг яшаш хонадонига олиб келади.

К. Т. эса қизларга хорижда нима иш билан шуғулланишлари бўйича тушунчалар беради ҳамда аэропортда фойдаланишлари учун ПЦР тест маълумотларини қалбакилаштиради. ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Ҳолат юзасидан Р. С. ва К. Т.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноятлари ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Р. С. ва К. Т. Жиноят Кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),135 (Одам савдоси) ва 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.