23 ноябрь кечаси соат 00:00 да ЖЧ-2022'нинг D гуруҳидан жой олган иккинчи ўйин — Франция ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги учрашувга старт берилди. Гарчи баҳсда Австралия терма жамоаси биринчи бўлиб ҳисобни очган бўлса-да, францияликларнинг қўли баланд келди — 4:1.

Франция — Австралия учрашуви Ал-Вакра шаҳрида жойлашган «Ал-Жануб» стадионида бўлиб ўтди. Ушбу стадион ЖЧ-2022 учун нолдан бошлаб қурилган биринчи стадион ҳисобланади. У ўз бағрига 40 000 томошабинни сиғдира олади. «Ал-Жануб» ЖЧ-2022'нинг яна 6 та учрашувини қабул қилади. Жаҳон чемпионатидан сўнг, стадион 20 мингта ўриндиққача қисқартирилади ва «Ал Вакра» маҳаллий клуби учун янги уй стадионига айлантирилади.

Франция — Австралия 4:1

Учрашувнинг 10-дақиқасида Австралия терма жамоаси ҳисобни очиб, барчани ўзига ишонтиришга эришди. Саудия Арабистонининг Аргентина устидан қозонган ғалабасидан кейин мухлислар Австралия терма жамоаси муаллифлигида ҳам мўжиза кутишга тайёр эди. Аммо, лекин, бироқ… Австралияликлар фақат 27 дақиқа чидаб бера олишди. 27-дақиқада Тео Эрнандеснинг ўзатмасидан сўнг Адриан Рабьо тўпни боши билан дарвозага йўналтирди ва ҳисобни тенглаштирди.

Кўп ўтмай, 32-дақиқада Оливье Жиру Франция терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ушбу гол Жирунинг Франция терма жамоаси сафидаги 50-голи эди. Французлар кийимида энг кўп гол урган Тьерри Анрига (51 та гол) етиб олиш учун битта тўп қолди. 1-таймнинг қолган дақиқаларида Гризманда ва Мбаппеда биттадан гол уриш учун ажойиб вазият бўлди, аммо ушбу таймда ҳисоб 2:1 лигича қолди.


2-таймда Мбаппе охири ўз ниятига эришди. 68-дақиқада у жарима майдончаси ичига узатилган тўпни моҳирона тарзда боши билан дарвозага йўналтирди. Гол! Ҳисоб — 3:1. Орадан 4 дақиқа ўтар-ўтмас у навбатдаги голга ассистентлик ҳам қилди. 72-дақиқада Мбаппе томонидан ҳаводан узатилган тўпни Оливье Жиру боши билан аниқ ҳаракат қилган ҳолда голга айлантирди — 4:1. У терма жамоада урган голлари сони бўйича Анри билан тенглашиб олди, Жиру шу ўйиннинг ўзидаёқ ўз номини тарих варақларига ёзиб қўйди.


Ҳисоб бундан ҳам йирик кўриниш олиши мумкин эди. Бироқ ўйин бошқа гол кўрмадик. Ҳакам 2-таймга 7 дақиқа вақт қўшиб берди (1-таймга 6 дақиқа қўшиб берган эди). Қўшимча вақтларда эсда қоларли вазиятлар бўлмади. Франция ҳозирча амалдаги чемпион эканлигини муваффақиятли тарзда исботламоқда.

26 ноябрь куни Австралия терма жамоаси 2-тур доирасида Тунис билан тўқнаш келади. Францияликлар эса ўша куни Дания терма жамоаси билан баҳс олиб боради. Айни дамда Франция терма жамоаси, кутилганидек, гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Дания ва Тунис терма жамоаларида эса 1 очкодан бор.