Марказий банк бошқаруви «Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024−2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» шарҳини тасдиқлади.

МБ таъкидлашича, ташқи иқтисодий ноаниқликларнинг кучайиб бораётганлиги, глобал рецессия юзага келиши эҳтимолларининг ошаётганлиги ва асосий хомашё товарлари нархи пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, улар бўйича кутилмаларнинг турли йўналишда шаклланаётганлиги, шунингдек, ички иқтисодий шароитлардаги ўзгарувчанликларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлар икки хил сценарий асосида ишлаб чиқилди.

Асосий сценарий шартларига кўра, мамлакатда иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари, инвестицион ва истеъмол талабининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолади. Тартибга солинадиган нархларнинг шакллантирилиши босқичма-босқич бозор механизмларига мослаштириб борилади, фискал консолидация бошланади, иқтисодиётда давлат ролининг пасайиши ва белгиланган таркибий ислоҳотлар давом эттирилиши ҳисобига рақобат муҳити яхшиланиб боради ва хусусий хорижий инвестициялар ҳажми юқори суръатларда ўсиб боради.

Муқобил сценарийга кўра ташқи хатарлар ва глобал рецессиянинг кучайиши фонида мамлакатда ташқи талаб даражаси пасайиши, турли каналлар орқали кириб келадиган валюта оқимларининг камайиши, иқлим ўзгаришлари таъсирида ишлаб чиқариш ва ялпи таклифнинг қисқариши эҳтимоллари асосида тайёрланган.

Бунда, ялпи талабнинг камайиши глобал инфляцион жараёнларни жиловловчи ва хомашё товарлари нархларини пасайтирувчи омил бўлса, ялпи таклифнинг қисқариши ички бозорда нархлар даражасига салбий таъсир кўрсатади.

Иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида фискал тақчилликнинг жорий юқори суръатлари сақланиб қолиши ва фискал консолидациянинг бошланиши 2024 йил ва ундан кейинги даврларга кечикиши назарда тутилган.

Пул-кредит сиёсати

Асосий сценарий шартларида нисбатан қатъий фазада давом эттирилади, монетар шароитларнинг жорий қатъийлик даражаси сақланиб қолинади. Инфляциянинг мақсадли прогноз кўрсаткичига эришишга мустаҳкам ишонч ҳосил бўлган тақдирда, пул-кредит шароитлари бироз юмшатилиб «нейтрал фазага» ўтказилади.

Айни пайтда, муқобил сценарий шартлари юзага келганда эса пул-кредит шароитларида нисбатан қатъий шароитларни узоқроқ муддат сақлаб қолиш зарурати юзага келиши мумкин. Бунда, нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаолликни таъминлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминловчи шароитлар ҳосил қилиб борилади.

Макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишда асосий эътибор инфляция даражасини 2024 йил сўнгига қадар 5 фоизлик таргетига пасайтириш, консолидациялашган бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 2023 йилда 3 фоиз ва 2024 йилда 2 фоиздан оширмаслик, хомашё бўлмаган тайёр маҳсулотлар экспортини реал (физик) ўсиши камида 20−25 фоиз бўлишини таъминлашга қаратилишини тақозо этади, дейилади МБ шарҳида.

Ташқи иқтисодий шароитлар

Жаҳон иқтисодиёти ва савдо ҳамкорларда геосиёсий вазиятдаги кескинликлар фонида юқори ноаниқликлар сақланиб қолади, ташқи талаб 2022 йилги кўрсаткичлардан паст бўлади. Шунингдек, глобал инфляцион жараёнлар ва унга жавобан кўрилаётган чоралар келгусида жаҳон иқтисодиётини рецессия ёки стагнацияга (иқтисодий пасайиш ёки турғунлик) учраши эҳтимоллигини ошириши мумкин, жорий йил охиридан глобал инфляция даражаси секинлаша бошлаши кутилмоқда.

Асосий хомашё товарлари нархларида пасайиш тенденциялари сақланиб қолади, глобал рецессия шароитида нархлар янада пасайиши ва ривожланаётган давлатлар валюталарига нисбатан босимлар юзага келиши мумкин.

Логистика ва етказиб бериш занжирларидаги узилишлар босқичма-босқич яхшиланиб боради, шу билан бирга давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларда товар ва молиявий ресурслар нархларининг қимматлашиши ҳамда миграцион жараёнлар кескин тус олиши мумкин.

Ички иқтисодий шароитлар

Охирги йиллардаги иқтисодиётга молиявий рағбатларнинг қўллаб-қувватловчи таъсирлари камайиб боради.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш вазифаси давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилган таъсирчан ва қатъий таркибий ислоҳотларни амалга оширишни талаб этади.

Кейинги йилдан бюджетдан молиялаштириш имкониятлари чекланиб боришини инобатга олиб давлат харажатларини тақсимлаш ва амалга оширишда юқори молиявий интизомни таъминлаш ҳамда ҳар бир сўмнинг тежамли ва мақсадли ишлатилиши тақозо этилади.

Умумий фискал тақчиллик даражаси пасайиб, уни молиялаштиришда ички бозор имкониятларидан фойдаланиш кўлами ошиб боради. Шунингдек, хусусий секторнинг фаоллиги ҳисобига иқтисодиётда ялпи талаб даражаси бир маромда ошиб боради, ташқи шоклар кузатилган тақдирда ушбу тенденция сусайиши мумкин.

ҚҚС ставкасининг пасайиши ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида рағбатни оширувчи ва нархлар ўсишини секинлаштирувчи омил бўлиши мумкин. Шу билан бирга хусусий инвестициялар, миграцион оқимларнинг кўпайиши, экспорт тушумлари, халқаро пул ўтказмалари ички инвестицион ва истеъмол талабини бир маромда қўллаб-қувватлаб боради.

Шартлар

Таъсир кўрсатувчи омиллар

Асосий сценарий

Муқобил сценарий

Ташқи иқтисодий шароитлар

Юқори инфляция, қатъий молиявий шароитлар фонида жаҳон иқтисодиёти аввалги прогнозлардан пастроқ даражада ўсиши кутилмоқда. Ривожланган давлатлар меҳнат бозоридаги тенденциялар ҳам ўзгариши мумкин

Глобал қиймат яратиш занжиридаги узилишлар ҳамда глобал рецессия хавфи ортиб бориши шароитида жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашиши мумкин

Нефть нархидаги жорий тенденциялар давом этади ва нархлар тез ўзгарувчан шаклланади. 2023 йилда 1 баррели учун 8 0−90 доллар атрофида шаклланади
Жаҳонда ялпи талабнинг қисқариши натижасида глобал мобилликнинг секинлашиши нефть нархи пасайишига ҳисса қўшиши мумкин. 2023 йилда 1 баррели учун 5 0−60 доллар атрофида шаклланади
Пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилда бироз пасайиш кузатилади, 2024 йилдан бошлаб бир маромдаги ўсувчи динамика юзага келади
Пул ўтказмалари 2023 йилда ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада пасаяди. 2024−2025 йилларда ўсиш суръатлари босқичма-босқич тикланиб боради

Ташқи молиявий шароитлар

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмида ўсувчи динамика сақланиб қолади. 2024 йилдан хорижий инвестициялар янада жонланиши кутилмоқда

Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиши тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимига салбий таъсир кўрсатиб, 2023−2024 йилларда ўсиш кузатилмайди

Глобал инфляция жараёнларига жавобан 2023 йил иккинчи ярми ва 2024 йил бошигача пул-кредит сиёсати қатъий шароитларда давом эттирилади

Пул-кредит сиёсати шароитларини қатъийлаштириш фазасидан нейтрал фазага ўтиш бошланади

Глобал инфляцион жараёнлар

Асосий озиқ-овқат нархлари индекси (ФАО) 2023−2024 йилларда 130 гача пасайиши кутилмоқда. Товарлар етказиб берилиши ва логистикасида узилишлар босқичма-босқич тўғриланиб боради

2023−2024 йилларда глобал талабнинг пасайиши нархларга ижобий таъсир қилиб, инфляцион босимларни пасайтиради ва озиқ-овқат нархлари индекси (ФАО) 2023−2024 йилларда 100−120 гача пасаяди.

Таркибий ислоҳотлар

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар 2023−2024 йилларда амалга оширилади. Корхоналарни трансформация қилиш жараёнлари мантиқий якунига етказилади ва хусусийлаштирилади. Электр энергияси ва тармоқли газ нархлари босқичма-босқич бозор нархларига яқинлаштирилиб борилади
2023−2025 йилларда электр энергияси ва табиий газ нархлари инфляция даражасида индексация қилиб борилади. Корхоналарни трансформация қилиш жараёнлари асосий сценарийга нисбатан секинроқ суръатларда давом этади
Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 2023 йил 1 январдан 12 фоизгача пасайтирилади (нархларни ўсишини олдини олувчи омил). Ички капитал бозорини ривожлантириш жадаллаштирилади. Маҳаллий компанияларнинг IPO ва SPO жараёнлари бошланади. Давлат қимматли қоғозлар бозорида норезидентлар ва резидент жисмоний шахсларнинг иштироки фаоллашади.
Ташқи шароитлардан келиб чиқиб, иқтисодиёт соҳаларида таркибий ислоҳотларни амалга ошириш суръатлари секинлашиши мумкин. Асосий эътибор иқтисодий фаолликни ва истеъмол талабини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бюджет харажатларини молиялаштириш учун қарз маблағларига бўлган талаб ошиши мумкин

Ички шароитлар ва ялпи талаб

2023 йилдан фискал консолидация бошланади. Фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати босқичма-босқич камайтириб борилади.

Ташқи хатарларни инобатга олиб 2023−2025 йилларда ҳам фискал рағбатлантириш сақланиб қолади. Фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати ушбу даврда жорий кўрсаткичлар даражасида сақланиб қолади
Хусусий секторда фаолликнинг ошиши ва миграцион оқимларнинг кўпайиши ҳисобига истеъмол ва инвестицион талаб ошиб боради. Шу билан бирга меҳнат бозорида таклиф ҳажми ҳам ўсиб боради.
Ташқи талабнинг пасайиши ва валюта курслари билан боғлиқ ўзгаришлар инвестицион ва истеъмол талабини қисқартириши мумкин. Меҳнат бозорида таклиф кескин ошиши мумкин.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.