Франциянинг Alstom компанияси Тошкентда трамвай йўлларини қуради

Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентда трамвай йўлларини қуради. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланмоқда. Линиялардан бири «Дўстлик» метро станциясидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтиши мумкин.

Фото: Тошкентда 34,2 минг қути контрабанда тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди

Янгиҳаёт туманидаги заводларнинг бирида 297,4 млн сўмлик 34,2 минг қути контрабанда тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди. Божхона қўмитаси ноқонуний олиб кириш ҳолатлари кўпроқ водий вилоятларида учрашини маълум қилди. Йил бошидан бери 19,2 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари олиб қўйилди.

«Дўстлик» боғи яқинида қурилиш компанияси яна 6 туп дарахтни нобуд қилди

Тошкентдаги «Дўстлик» боғи яқинида Vinera Tower компанияси қурилиш учун ҳудуддаги 6 туп дарахтни рухсатномасиз бошқа жойга кўчириб, уларни нобуд қилгани маълум бўлди. Бунда табиатга 218,3 млн сўм зарар етказилгани аниқланди. Компания олдин ҳам дарахт кесгани учун 430,5 млн сўм жарима тўлаган.

Иккита ҳолатда 4,4 млрд сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Оққўрғонда тадбиркор кредитга олинган 100 та қорамолни сотиб, 2,3 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Тошкент шаҳрида эса корхона раҳбари банк кредити эвазига олинган металл маҳсулотларни 2,1 млрд сўмга сотиб, ҳужжатларни сохталаштиргани маълум бўлди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«ТТЗ»дан «Машинасозлар» метросигача экспресс автобус йўналиши ташкил этилди

23 ноябрь, чоршанба кунидан бошлаб «ТТЗ» — «Машинасозлар» метроси йўналишида ҳаракатланувчи автобуслар иш бошлади. Автобуслар фақат 4 та бекатда — «ТТЗ» бозори, «Буюк Ипак йўли» метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, «Ашхобод» боғи бекатларида тўхтайди. Йўл ҳақи 2500 сўмни ташкил этади.

Псковдаги ўзбек талабалари «нотинч вазият» туфайли президентга мурожаат йўллашди

Россиянинг Псков давлат университетида ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар «нотинч вазият» сабаб ўқишларини Ўзбекистондаги ОТМларга истисно тариқасида кўчиришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллашди. «Псков шаҳрига ҳам уруш ўз таъсирини ўтказмоқда», дея таъкидлаган улар.

Тошкентда 19 ёшли ҳайдовчи пиёда ўлимига сабабчи бўлди

Яккасарой туманида 2003 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 34 ёшли пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи касалхонага олиб кетилаётган вақтда вафот этди.

Наманганда икки аёл ва бир бола ис газидан вафот этди

Наманган вилояти Поп туманида она ва унинг вояга етмаган фарзанди ҳамда меҳмонга келган қайнона ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ноябрь ойининг ўзида ис газидан 9 киши ҳалок бўлди.

АҚШ Ўзбекистонга 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказди

Ўзбекистонга АҚШдан 131 тонна озиқ-овқат ёрдамининг йиллик партияси етказилди. Кундалик калория ва оқсил миқдорини оширишга мўлжалланган сабзавот ва дуккакли ўсимликлардан иборат озуқавий аралашма силга чалинган беморларни даволаш муассасалари ҳамда «Саховат» ва «Мурувват» уйларига тарқатилади.

Ўзбекистон 800 млн еврога 17 та Airbus ва ATR самолётларини сотиб олади

Франция Ўзбекистонга умумий қиймати салкам 800 млн еврога тенг 12 та Airbus А320neo ва А321neo самолётлари, шунингдек, 5 та ATR 72−600 самолётларини етказиб беради. Бундан ташқари, иккита Airbus H145 вертолётини харид қилиш режалаштирилган.

Марказий банк 2025 йилгача иқтисодий ривожланишнинг икки сценарийсини тақдим этди

Марказий банк 2023−2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобил сценарийларини тақдим этди. Регулятор асосий эътибор иқтисодиётда нархлар барқарорлигига эришишга қаратилишини таъкидлаб, пул-кредит сиёсатида инфляцион таргетлаш жараёни давом этишини қайд этди.

Икки қизни Индонезияга фоҳишаликка юбормоқчи бўлган икки фуқаро 5 йилга қамалди

Икки қизни Индонезияга фоҳишалик қилиш учун юборишни режалаштирган икки фуқаро 5 йилу 1 ойдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Андижонда оёқлари комбайнга кириб кетган 35 ёшли эркак вафот этди

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оёқлари комбайннинг янчувчи қисмига кириб кетган 35 ёшли эркак шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $40 млрддан ошди

Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 40,1 млрд долларни ташкил этди. Жумладан, экспорт ҳажми қарийб $15,5 млрдга (+23,8%), импорт эса $24,6 млрдга (+21,2% га) етди. Ҳисобот даврида — $9,1 млрд қийматида пассив сальдо қайд этилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

«Шаҳарга фақат қурувчининг кўзи билан қарамаслик керак». Тошкент транспорт бош режаси ҳақида суҳбат

Тошкентни транспорт коллапсидан қандай қутқариш мумкин? Транспорт тизими бошқарилиши керак, дейди SIMETRA транспорт компанияси эксперти Владимир Валдин. У пойтахт транспортини ривожлантириш йўналишлари ва транспорт муаммоларини шаҳар даражасида идрок этиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашади.