21 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасидаги «Дўстлик» боғи яқинида Vinera Tower корхонаси 6 туп дарахтни рухсатномасиз кесгани маълум бўлди. Давлат экология қўмитасига бу ҳақда ярим тунда маълумот келиб тушди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қўмита Экопартия фаоллари, Тошкент шаҳар экология бошқармаси, Яккасарой туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари билан бирга ҳолатни ўрганди.

27 сентябрь куни тумани экология бўлими ходимлари ҳудудда хатлов ўтказиб, 22 туп кўп йиллик дарахтлар мавжудлиги аниқланган. Уларни кесмаслик бўйича қурилиш ташкилотига мажбурий кўрсатма берганди.

Бироқ, компания қурилиш қилиш мақсадида ҳудуддаги 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган жами 6 туп дарахтни тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказиши оқибатида дарахтлар нобуд бўлди.

Шунингдек, компания қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказгани аниқланди. Ҳозир ҳудудда 16 туп манзарали дарахтлар қолди.


Ҳолат бўйича «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 32, 37-моддалари талаби бузилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига 218 млн 370 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур қурилиш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган, дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, Vinera Tower МЧЖ аввал ҳам ҳудуддаги 6 туп дарахт ноқонуний равишда кесган ва ўсимлик дунёсига 430 млн 515 минг сўм миқдорида зарар келтирган.

Буни Тошкент шаҳар экология бошқармаси тегишли тартибда расмийлаштириб, туман прокуратурасига тақдим қилган ва етказилган зарарни ундириш учун 16 сентябрда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ажрими чиқарилган.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинди. Шунга қарамай, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.