Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оёқлари комбайнга кириб кетган 35 ёшли эркак вафот этди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Аниқланишича, 9 ноябрь куни Ш. А. Жалақудуқ туманида комбайннинг олд соҳасида жойлашган янчувчи қисмига ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида иккала оёқлари тегиб кетиб, олган тан жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига олиб келинган. Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор 10 ноябрь куни вафот этган.

Қўрғонтепа тумани ШТЁБ шифокорининг берган маълумотномасида, Н.Р.Абдуқаххоровнинг ўнг сон суяги бўйинчасидан, чоп сон суяги ички дугаси, чап оёқ 2−3-кафт суяги ва 3-бармоқ суягининг 3-фаланга суяклари сингани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Марҳумнинг ўлими келиб чиқиш сабабини тўлиқ ҳажмда ўрганиб чиқиш учун судга оид комиссиявий экспертизаси тайинланган. Бундан ташқари, меҳнат ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ёки этилмагани ҳолати юзасидан Меҳнат хавфсизлиги экспертизаси тайинланган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.