Ҳукумат қарори билан Стратегик ривожланиш агентлиги бош директорининг барча ўринбосарлари лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

Жумладан:

  • Рустамхон Азизов — директорнинг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан;
  • Азиз Гафуров — директор ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан;
  • Алексей Сим — директор ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан озод қилинди.

Чапдан ўнгга: Алексей Сим, Рустамхон Азизов, Азиз Гафуров.

Маълумот учун, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги давлат раҳбарининг 9 сентябрдаги фармонига мувофиқ Стратегик ривожланиш агентлиги негизида ташкил этилган эди. Агентлик директори лавозимига Шуҳрат Вафаев тайинланган эди.

Амалиётга кўра, идора ва ташкилотлар қайта тузилганида уларнинг ходимлари ишдан бўшатилиб, янги ташкил этилган муассасага қайтадан ишга олинади. Бу жараён бир неча ойгача ҳам чўзилиши мумкин. Шу боис Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосарлари ҳам шу кунгача Стратегик ривожланиш агентлиги директори ўринбосарлари лавозимида ишлаб келган.