Урганч халқаро аэропорти ноқулай об-ҳаво туфайли 3 та авиарейсни қабул қила олмади, дебхабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Москва — Урганч йўналиши бўйича HY-9616 йўловчи рейси соат 03:30да ноқулай об-ҳаво шароити — қуюқ туман ва кўриш масофаси 300 метрдан кам бўлганлиги сабабли белгиланган аэропортга қўна олмади ҳамда Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга йўналтирилди.

Худди шу сабабга кўра, Москвадан SBI-3245 рейсини амалга ошираётган S7 авиакомпаниясининг самолёти Урганч аэропортига соат 03:00 да қўна олмади. Самолёт Бухоро аэропортига йўналтирилди.

Тошкент — Урганч йўналиши бўйича HY-53 рейсининг парвози ҳам кечиктирилди.

«Эрталаб туман тарқагач SBI-3245 рейси Бухородан Урганчга соат 09:30да, HY-9616 рейси Навоийдан соат 09:20да, HY-53 рейси Тошкентдан соат 09:48да учиб, Урганчга соат 10:55 да қўниши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

S7 Airlines авиакомпаниясининг Урганчдан Москвага қайтиш рейси маҳаллий вақт билан 22:05 га белгиланган.