21 ноябрь Тошкент вақти билан соат 21:00 да ЖЧ-2022'нинг A гуруҳидан жой олган иккинчи учрашув — Сенегал ва Нидерландия терма жамоалари ўртасидаги ўйинга старт берилди. Сенегал терма жамоаси нидерландларга жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди ва ўйин сўнгига қадар буни уддалашди ҳам. Аммо ўйин охирида Нидерландия хатолардан унумли фойдалангани эвазига 0:2 ҳисобида ғалабага эришди.

«Ал-Тумама» стадиони.

Сенегал — Нидерландия ўйини Доҳадаги «Ал-Тумама» стадионида бўлиб ўтди. «Ал-Тумама» стадионининг дизайни араб дунёси учун анъанавий бўлган бош кийим — гаҳфиядан илҳомланиб яратилган. Стадион ўз ичига жами 40 000 томошабинни сиғдира олади.

Сенегал — Нидерландия 0:2

Биринчи таймнинг баъзи жабҳаларида ушбу ўйин ҳам голларга бой бўлади деган хулосага олиб келаётган эди. Бироқ дастлабки таймда иккала жамоа ҳам бир-бирининг дарвозасига йўл топа олишмади. Гарчи тайм ҳужумларга бой, аниқроғи, позицион ҳужумлар билан ўтган бўлса-да, 1-тайм 0:0 ҳисоби билан якунланди.


Иккинчи таймнинг бошида хавфли ҳужумлар биринчи таймдагидан камроқ бўлди. Баъзи лаҳзаларда Сенегал терма жамоасига гўёки Садио Мане етишмаётгандек кўринди (албатта, ўйинда у етишмади). Эслаб ўтиш жоиз, «Бавария» клуби ҳужумчиси клуб сафидаги сўнгги ўйинда жиддий жароҳат олган эди.

Нидерландия бутун тайм давомида Сенегал дарвозасига эртами-кечми йўл топадигандек кўринди, бекорга эмас экан. Фақатгина иккинчи таймнинг сўнгига келганда, 84-дақиқадагина ўйинда ҳисоб очилди. Френки де Йонг Сенегалнинг жарима майдончасига тўпни узатди ва «ПСВ» клуби футболчиси Коди Гакпо ушбу тўпни моҳирона тарзда бош билан дарвозага йўллади. Тўпга югуриб чиққан Сенегал дарвозабони Эдуард Менди тўпга улгурмади. Ҳисоб 0:1.

Коди Гакпо голни нишонламоқда.

Ушбу голдан сўнг Сенегал терма жамоаси дарҳол ҳужумга ташланди. Ҳаттоки ҳисобни тенглаштириш имконияти ҳам бўлди. Аммо Нидерландиянинг дарвозабони Андрис Нопперт Луи Ван Гаалнинг ишончини оқлади. Энг қизиғи, Андрис Нопперт олдин терма жамоа сафида ўйинга тушмаган ва бу унинг илк ўйини эди. «Херенвен» жамоаси дарвозабони нафақат терма жамоада, балки еврокубокларда ҳам иштирок этмаган. Луи Ван Гаал доимо ўзининг ноодатий қарорлари билан ҳайрон қолдириб келган. Бу сафар эса у ЖЧ-2022'га кўпчилик кутмаган дарвозабонларни олиб келди: у тажрибали Яспер Силессен, Тим Крул ва ишончли Марк Флеккен («Фрайбург» дарвозабони) ўрнига Жастин Бейло («Фейеноорд»), 39 ёшли Ремко Пасвер («Аякс») ва Андрис Ноппертни танлади. Нидерландиянинг дастлабки учрашувида ишонч билдирилган Андрис мураббийнинг ишончини оқлади.


Ҳакам 2-таймга 8 дақиқа қўшиб берди. Умуман, бу сафарги ЖЧ’да ҳакамларнинг кўп вақт қўшиб беришига ҳам мослаша бошладик (Англия — Эрон учрашувида жами 24 дақиқа қўшиб берилди). Гўёки ўйин энди 0:1 ҳисобида якунланадигандек эди. Аммо қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида Нидерландия терма жамоаси ҳисобни 0:2 га етказди. Ҳужумга югуриб борган ва Кулибали билан қарама-қарши келган Депай ҳимоячини алдаб ўтмасдан зарба йўллашга қарор қилди, дарвозабон Менди зарбани базўр қайтарди, аммо қайтиб келган тўпни Классен дарвозага михлаб қўйди. Ҳисоб 0:2 ва A гуруҳида бундай ҳисоб иккинчи бор такрорланмоқда (Қатар — Эквадор 0:2).

Сенегал терма жамоаси 2-турни 25 ноябрь куни соат 18:00 да мезбон Қатар терма жамоасига қарши ўтказади. Нидерландия эса 25 ноябрь кечаси 21:00 да навбатдаги тур доирасида Эквадор терма жамоасига қарши майдонга тушади. Демак, навбатдаги турда биринчи ўйинда мағлуб бўлган жамоалар ва ғалаба қозонган жамоалар ўзаро учрашишади. Эҳтимол айнан 2-турда биз A гуруҳининг яққол пешқадамини билиб олармиз.