Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Германия туристик ассоциациясии (DTV — Deutscher Tourismusverband) президенти Норберт Фиебиг билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини DTV ассоциациясининг маркетинг ресурсларидан фойдаланган ҳолда кенг тарғиб қилиш, Германиядан Самарқанд шаҳрига тўғридан-тўғри чартер рейсларни йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Европада тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида «Destination Forum» (DTV `га аъзо энг йирик ва салоҳиятли туристик ташкилотларнинг туристик форуми) лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда DTV ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган масалаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро медиа режа лойиҳаси ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Air Arabia келгуси йилда Абу-Даби таянч аэропортидаги лоукостерлар сонини 2 бараварга кўпайтирмоқчи экани ва шунга мувофиқ, компания Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига мунтазам парвозлар йўлга қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.