Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида умумий қиймати 1 миллиард евродан ортиқ бўлган лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни назарда тутувчи 2025 йилгача бўлган янги стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Имзоланиш Ўзбекистон президентининг Францияга расмий ташрифи доирасида 21 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев ва ФТА бош директори Реми Риунинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича бўлиб ўтди.

Янги дастур қишлоқ хўжалиги, энергетика, «яшил» иқтисодиёт, шаҳарларни ривожлантириш, сув таъминоти, банк-молия ва транспорт соҳаларида қўшмалойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.

Бугунги кунга қадар қўшма лойиҳалар портфели 1 миллиард еврога етди. Агентлик иштирокида инфратузилма, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йилнинг май ойида Тошкентда келишув имзоланганди, унга кўра ФТА Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар, техник ёрдам ва грантлар кўринишида маблағ жалб этиш ниятида экани хабар қилинган эди.

Маълумот ўрнида, ФТА — Франция ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган давлат молия институти, 1941 йил декабрда ташкил этилган. Агентлик Ўзбекистонда 2011 йил ёзида фаолият бошлаганини эълон қилганди. 2016 йил охирида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ФТА ва унинг шўба ташкилоти Иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиш ва иштирок этиш жамияти (ПРОПАРКО)нинг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисида битим имзоланганди.