Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисида молия вазири Тимур Ишметовнинг ҳисоботи эшитилди.

Қуйи палата хабарига кўра, давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 704,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланган.

Хусусан, халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўм, мактабгача таълим тизимида 7 млрд сўм, Маданият вазирлигида 5,5 млрд сўмга яқин қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

«Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички-аудит бошқармаси томонидан хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва доимий назорат қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки ноқонуний сарфлаш ҳолатлари камаймасдан йилдан-йилга ошиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Шу сабабли мажлисда халқ вакиллари томонидан вазирлик ва идораларнинг Ички-аудит бошқармасини қайта кўриб чиқиш, ходимларини ўқитиш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирилди.