22 ноябрь куни соат 15:00 да ЖЧ-2022'нинг C гуруҳидан жой олган биринчи ўйин — Аргентина ва Саудия Арабистони терма жамоалари учрашувига старт берилди. Ўйин олдидан кўпчилик аргентиналикларнинг катта ҳисобдаги ғалабаси билан якунланишини кутаётган эди. Бироқ Саудия Арабистони футболчилари бунга рози бўлишмади ва лотинамерикаликлардан сенсацион тарзда ғалабани тортиб олишди.

«Лусаил» стадиони.

Аргентина — Саудия Арабистони баҳси Лусаил шаҳридаги Lusail Iconic Stadium’да бўлиб ўтди. Ушбу стадион Лусаил шаҳри билан бирганликда, нолдан бошлаб қурилган. Ушбу майдон ўз бағрига 80 минг кишини сиғдира олади. Лусаил стадионида ЖЧ-2022'нинг сўнгги учрашуви — финал баҳси бўлиб ўтади.

Аргентина — Саудия Арабистони 1:2

Эҳтимол, ўйиндан олдин кўпчилик Аргентина терма жамоаси ўз ўйинларини йирик ҳисобдаги енгил ғалаба бошлайди деб кутгандир. Аммо саудияликлар бугун ўзларининг жиддий рақиб эканликларини амалда исботлашди. Қироллик мамлакатидан келган футболчилар вазиятлардан унумли фойдаланишди ва ҳимоядаги ўйинда якдиллик билан ҳаракат қила олишди.

1-таймнинг 9-дақиқасида Саудия Арабистони дарвозасига пенальти белгиланди. Месси эса тўпни бурчакка йўналтирди ва дарвозани ишғол қилди — 1:0. Голдан кейин аргентиналиклар бироз енгил тортишди шекилли, ўйин тезлиги бироз пасайди. 23-дақиқада Месси яна битта гол киритди… Аммо унинг ўзи офсайдда қолиб кетган эди, гол бекор қилинди. 27-дақиқада Лаутаро Мартинес дарвозани ишғол қилди. Бироқ VAR тизими вазиятни кўриб чиққач, ушбу гол ҳам бекор қилинди — Лаутаро ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган экан. 1-тайм шу аснода, пенальтидан урилган битта гол ҳамда офсайддан киритилган иккита гол билан якунланди. Ҳисоб 1:0.

2-таймда саудияликлар ўзгача иштиёқ билан ўйинга тушишди. Таймнинг 3-дақиқасидаёқ Солиҳ Ал-Шеҳри ҳисобни тенглаштирди. У жарима майдончаси ичига узатилган тўпни қабул қилиб олиб, уни ўткир бурчакка «михлаб» қўйди.

Ал-Шеҳри голни нишонламоқда.

Бироқ ҳаммасидан ҳам ҳайратланарли ҳодиса яна 5 дақиқа ўтгач рўй берди. Мухлислар томонидан «араб Мессиси» деб аталувчи Салим Ал-Давсари тўпни «тўққизликка» йўналтирди ва Саудия Арабистонини ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:2! Стадион ларзага келди. Қатар ва Саудия Арабистони ёнма-ён жойлашгани сабабли, бугунги ўйинга кўплаб саудиялик мухлислар ташриф буюришган.

Ўйиннинг қолган қисмида Лионель Скалони шогирдлари саудияликлар дарвозасига йўл топишга ҳаракат қилишди. Аммо Саудия Арабистони футболчилари жипслашган ҳолда ҳаракат қилишди.

Ҳакам 2-таймга 8 дақиқа қўшиб берди. Қўшиб берилган вақтларда Аргентина ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Шундай ҳужумлардан бирида Саудия Арабистони дарвозабони Ал-Овайс тўпни ушлаш учун сакраб чиқди ва ўз жамоадоши Ал-Шахрани билан тўқнашиб кетди. Тўқнашувда дарвозабоннинг тиззаси Ал-Шахранининг бошига қаттиқ урилди, бироз вақтгача тиббий ёрдам футболчини ўзига келтиришга ҳаракат қилди. Бироз ўтиб, футболчини олиб чиқиб кетишди, у ётган ҳолида ҳаммаси яхши дея ишора берди.

Ҳакам буни ҳисобга олган ҳолда ўйнаш учун яна бироз вақт берди — ўйин 105 дақиқа давом этди. Хуштак чалинди ва ушбу сенсацион баҳсда Саудия Арабистонининг қўли баланд келди.


Саудия Арабистони 2-тур доирасида 26 ноябрь куни соат 18:00 да Полша терма жамоасининг синовидан ўтади (ёки Полшани синовдан ўтказади — буниси ҳозирча номаълум). Аргентина терма жамоаси эса навбатдаги турда мексикаликлар билан тўқнаш келади (27 ноябрь, 00:00). Ҳозирча C гуруҳида кутилмаган ҳолат — Саудия Арабистони биринчи ўринда турибди.