Ўзгидромет маркази ҳафта давомида — 21 ноябрдан 25 ноябргача бўлган даврдаги об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Душанба куни Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида, шунингдек, Тошкент вилоятининг баъзи жойларида фронтал булутли чизиқлар ўтишида бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Кундузи ҳаво ҳарорати +13…+15 даража, жанубда +18…+21 даража атрофида бўлади.

Сешанба кунидан иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан қуруқ ва илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони +6…+8 даражага кўтарилади. Шунингдек, сешанба куни кундузи ҳарорат +15…+17 даражагача, сўнг эса +18…+20 даража, айрим жойларда эса +23 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида сешанбага ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғларда ёғингарчилик бўлади.

21−22 ноябрда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор, республиканинг айрим жойларида шамол 15−20 м/секундгача кучайиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.